Меню
Қашқадарё
Саноат ярмаркасида “Ўзбекнефтгаз” ва маҳаллий корхоналар ўртасида қарийб 150 та шартнома ва меморандум имзоланди
Қарши шаҳрида 6-7 октябрь кунлари ўтказилган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва маҳаллий корхоналар ўртасида маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, материаллар ҳамда хизматлар етказиб бериш бўйича умумий қиймати 352,8 миллиард сўмга тенг 112 та шартнома тузилди.
Бу ҳақда маълумот тарқатган “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур шартномалар доирасида жамият тизимидаги корхона ва объектларга саноат мойлари, фильтрлар, беркитиш-бошқариш қурилмалари, манометр ва ўлчагичлар, подшипниклар, манжетлар, резинотехника ва электротехника буюмлари, ўт ўчириш қурилмалари, бошқа маҳсулот ва ускуналар етказилиши кутилмоқда.
- Шу билан бир қаторда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида импорт маҳсулотларига қарамликни камайтириш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар билан умумий қиймати 40,9 миллиард сўмлик 34 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди, - дейилади матбуот хизмати хабарида. - Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг сиқув-компрессор станцияларида қўлланиладиган импорт “Pegasus 805” мойларнинг ўрнини босувчи “Chilon Lubricants” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маркаси “SAE 40” мойларни саноат-тажриба синовларидан ўтказиб, келгусида ўзлаштириш мақсадида икки томонлама “йўл харитаси” ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди. Бундан ташқари, 10 йилдан ошиқ муддатда ишламаётган Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг қудуқларни мукаммал таъмирлашда қўлланиладиган “Кенворд юқори қувватли насоси”ни ва “Кенворд колтюбинг” қурилмасини “DrilFlot-Asia” МЧЖ томонидан таъмирлаш ва қайта тиклаш бўйича меморандум имзоланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қаршидаги ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида углеводородларни чуқур қайта ишлашга йўналтирилган истиқболли инновацион лойиҳалар тақдимоти ҳам ташкил этилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг нутқида қайд этилганидек, бундан кўзланган асосий мақсад умумий қиймати 900 миллион доллар бўлган қарийб 15 та истиқболли инвестиция лойиҳаси ҳамда 2022-2026 йилларда ишлаб чиқаришга тадбиқ қилиниши назарда тутилган 40 тага яқин илмий-инновацион эҳтиёжни республиканинг бир қатор олий таълим ва илмий текшириш институтларидан ташриф буюрган олимлар эътиборига тақдим қилишдир.