Меню

Қашқадарё

06.12.2019 3253

САНОАТ КОРХОНАЛАРИНИНГ АТРОФ-МУҲИТГА ТАЪСИРИ

 

Сайлов-2019

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларига сайлов кампанияси доирасида сиёсий партияларнинг сайловолди тарғиботлари давом этмоқда. Бугунги сонда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Сайловолди дастурида акс этган масалалар хусусида чиқиш қилинмоқда.

  • Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 60-моддаси.

САНОАТ КОРХОНАЛАРИНИНГ АТРОФ-МУҲИТГА ТАЪСИРИ

XXI асрга келиб экологик хавфсизлик муаммоси миллий ва минтақавий чегаралардан чиқиб, глобал, умуминсоний муаммо тусини олди. Жаҳон аҳолисининг ўсиши, шу билан биргаликда унинг кўпайиб бораяётган эҳтиёжлари табиатга бўлган таъсирни анча ўзгартирди.

Табиат ва инсон ўзаро аниқ  қонуниятлар асосида бир-бири билан муносабатда бўлади. Бу муносабатнинг бузилиши экологик инқирозларни келтириб чиқариши мумкин. Бугунги кунда жамиятда саноат корхоналарининг жадаллик билан ривожланиб бориши натижасида биосферанинг ифлосланиши кузатилмоқда ва  шундан келиб чиқадиган энг муҳим вазифалардан бири техноген ифлосланишларга қарши соғломлаштириш ишларини олиб бориш ҳисобланади.  

Саноат соҳасидаги тараққиёт ва инсонлар ҳаёт тарзининг марказлашуви уларнинг соғлиғига актив ва пассив таъсир қилувчи омилларни келтириб чиқармоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари  ва ичимлик суви орқали оғир ва рангли металлар, заҳарли органик  моддалар ҳам истеъмол қилинаётгани актив омил сифатида қайд этилса, атроф-муҳитнинг ана шундай моддалар билан тўйиниб бораётгани пассив омил дейилади. Буларнинг ҳар иккиси ҳам инсон саломатлиги ва умрининг давомийлигига салбий таъсир кўрсатади.

Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий омиллар саноат корхоналари, завод ва фабрикалар, автотранспорт воситалари билан боғлиқдир. Шунингдек, пўлат эритувчи печлар, домна ўчоқлари, кокс-кимё соҳаси, азотли ўғитлар берувчи заводлар, кўмир ва рангли металл конлари, темир йўл транспорти воситалари ҳам атмосферага узлуксиз заҳарли моддалар ташлайди.

Энг кўп зарарли моддаларни ҳавога ташлайдиган яна бир соҳа  нефть-газ саноати ҳисобланади. У йилига 225 минг тонна ис газини ҳавога чиқаради, бир кеча-кундузда 600 тоннадан зиёд моддани атмосферага ташлайди. Нефть-газни қайта ишлаётганда углеводородлар, сулфат ангидрид, азот ва карбонат ангидриди, алдегит, аммиак зарралари атмосферани заҳарлайди. Бу соҳага синтетик каучук ишлаб чиқариш ҳам киради, бу тармоқ ҳавога енгил учувчан ва эритувчи моддалар ташлайди. Нефть заводидан 25 километр масофада ҳам ис гази зарралари учрайди.

Пластмасса ва линолеумлар олишда ҳам полимеризациялашда фенол, аммиак моддалари, эфир, органик кислоталар ва бошқа заҳарли моддалар ажралади. Бу моддаларнинг ҳавода меъёри ошиб кетса, албатта, тирик организмларнинг ривожланишига зарар етади, бу эса ҳайвонот ва наботот оламига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Саноат  корхоналари ишлаб чиқаришинининг атроф-муҳитга, инсон  соғлиғи ва турмуш тарзига таъсири жуда тез суръатлар билан шаклланиб, мисли кўрилмаган даражага етди.  Саноат корхоналари, хўжалик маиший хизмат корхоналаридан чиққан чиқиндилар йиллар давомида тупроқда, сувда ёки атмосфера ҳавосига ҳаракатланиб бир турдан иккинчи турга ўтиб туради. Хусусан, қўрғошин, рух, мишяк, ваннадий, молибден, кадмий, симоб ва бошқа бир қатор кимёвий элементлар вақт ўтиши билан ўта заҳарли бирикмалар ҳолида тупроққа, сувда ёки ҳавога йиғилиб боради. 

Атмосфера ҳавосининг циркуляцияси (ҳаракати) маҳаллий иқлим шароитига ва иқлим орқали сув режимига, тупроғи ва ўсимлик қатламига таъсир қилади. Атмосфера ҳавоси табиий муҳитнинг кишилар ҳаёти учун энг зарур бўлган компонентларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳаётининг етарли даражада нормал бўлиши кўп жиҳатдан нафас олинаётган ҳавонинг таркиби ва тозалик даражасига боғлиқ. Атмосфера ҳавосининг маълум даражада ифлосланиши киши организмининг турли касалликлар билан оғришига олиб келади.

Бир киши ўртача бир суткада 25 килограмм ҳаво билан нафас олади. Натижада ҳаво таркибидаги чанглар, қурум ва газлар организмда тўпланаверади. Бу эса, аста-секин инсон организмининг заифлашувига олиб келади ва оқибатда организм турли инфекцияларга етарли даражада қаршилик кўрсатиш қобилиятини йуқотади. Буларнинг айримларини алоҳида мисолларда кўриб чиқамиз.  

Масалан, олтингугурт оксидлари атмосфера ҳавоси таркибига SO2 нинг РЕЧК (рухсат этилган чегаравий концентрацияси)дан кўпроқ тўпланиб қолса, бронхит, ўпка яллиғланиши, қон босимининг ошишига, жигар ва кўз касалликларига сабаб бўлади. Чунки ҳаво таркибидаги SO2 сув билан реакцияга киришиб, кучсиз сулфат кислотаси ҳосил қилади ва кўзларнинг шиллиқ пардаларини яллиғлантиради. Натижада кўз қизил рангли бўлиб қолади.

Углерод оксидлари ҳавода кўпайиши натижасида организмда гемоглобин камаяди, юрак, қон-томир тизимлари бузилади, склероз касаллиги кўпаяди, бош айланади, юракнинг ишлаши тезлашиб уйқу бузилади, киши тажанг бўлиб қолади.

Углеводородлар (бензин буғлари, пентан, гексан ва бошқалар) инсон организмига ниҳоятда кучли таъсир этади. Уларнинг кичик концентрацияси ҳам бош оғриғи, бош айланиши каби касалликларни келтириб чиқаради. Агар ҳавода бензин буғларининг концентрацияси  600 мг/м3 ни ташкил этса ва инсон 8 соат давомида ушбу ҳаводан нафас олса, унда йўтал пайдо бўлиб, бош оғриғига дучор бўлади.

Фтор бирикмалари (фторли водород ва бошқалар)нинг ҳаво таркибидаги РЕЧКси 0,02 мг/м3 ни ташкил этади. Бу бирикмалар таъсирида бурундан қон келади, тишлар ва умуман суяк емирилиши мумкин, бўқоқ касаллиги пайдо бўлади, ошқозон-ичак касалликлари кўпаяди.

Атмосфера таркибида қўрғошин бирикмалари (ҳаво таркибидаги РЕЧК  0,0003 мг/м3 ни ташкил этади) концентрациясининг ортиши эса асаб касалликлари, сийдик айириш, нафас олиш йўлларига катта салбий таъсир кўрсатади. Қўрғошин бирикмалари нафас олиш йўллари орқали организмга кириб бориб, унда қарийб 50 фоиз бирикмалари тўпланади.

Нефть ва газ асосий энергетик таъминот манбаи сифатида ҳар бир давлатнинг иқтисодий ҳамда халқ хўжалиги ривожланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Газни истеъмолчига етказиш учун уни йиғиш ва тайёрлаш билан бирга  қуритиш, тозалаш, агрессив компонентларини ажратиб олиш билан боғлиқ бўлган ускуна ва жиҳозларни такомиллаштириш зарур.

Инсониятнинг йил сайин кўпайиши, биосферадаги ресурсларга бўлган эҳтиёж ортиши, фан ва техника, саноатнинг жадаллик билан ривожланиши, автотранспорт воситаларининг кўпайиши, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқаришнинг кимёлаштирилиши биосферадаги эҳтиёжларнинг кенгайишига сабаб бўлди.  Бу эса атроф-муҳитга, ўсимлик ва ҳайвонот оламига, атмосфера ҳавосига, сув ҳавзаларига, ер ости сувларининг табиий айланишига ва тупроқ ҳолатига ўз салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Нефть ва газ саноатининг биосферага таъсирини ўрганиш, таҳлил қилиш ва унинг салбий таъсирларининг олдини олиш чораларини топиш, зарарсизлантириш усулларини амалиётга жорий қилиш ниҳоятда долзарб масала ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси, хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам кўплаб саноат корхоналари мавжуд. Муборак газни қайта ишлаш заводи, "Шўртаннефтгаз" унитар шуъба корхонаси, Шўртан газ-кимё мажмуаси шулар жумласидандир. Шу каби кўпгина  корхоналар ўзларининг иш жараёнида атроф-муҳитга маълум даражада таъсир ўтказадилар, яъни газ, суюқ ва қаттиқ ҳолдаги чиқиндиларни чиқаради. Бу зарарли чиқиндилар биосферамизга салбий таъсир кўрсатади. Албатта, бу каби зарарли моддаларнинг рухсат этилган меъёрлари бўлса-да, лекин ҳеч ким бу меъёрдан ортиқча чиқинди чиқмайди, деб кафолат бера олмайди.

Қашқадарё вилояти экология ва  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаcидан олинган маълумотлардан кўриниб турибдики, юқорида номлари қайд этилган корхоналарда йилдан-йилга чиқадиган хавфли заҳарли моддалар миқдори кўпайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби саноат корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнининг кенгайиши ва тозалаш қурилмаларининг талаб даражада ишламаганидир. Атмосфера ҳавосига чиқарилаётган минглаб тонна ташланмалар йиллар давомида ёмғир, қор, шамол ва бошқа омиллар таъсирида тупроқ қопламига тушиб,  кимёвий ифлосланиш ошишига олиб келади.

Ушбу корхоналардан йилига катта миқдорда ифлослантирувчи моддалар атроф-муҳитга чиқариб юборилмоқда. Саноат ташланмаларининг кимёвий таркиби ёнилғи турига (қаттиқ, суюқ, газсимон) ва уни ёндириш усулларига кўра турлича бўлади. Кўмир, нефть, газ ёнилғилари ёнганда, турли сабабларга кўра тўла ёнмайди. Шунинг учун саноат корхоналаридан атмосферага катта миқдорда чала ёнган заррачалар (қурум, кул, чанг) ва зарарли газлар (углерод қўш оксиди), углеводородлар, олтингугурт бирикмалари, олтингугурт (II) оксиди, азот оксидлари чиқади.

Атмосфера ҳавосида турли хил кимёвий бирикмаларнинг рухсат этилган чиқарилма концентрацияларининг ортиши ўсимликлар олами, айниқса, қишлоқ хўжалиги экинлари ривожланиши ва маҳсулот сифатига катта салбий таъсир кўрсатмоқда. Саноати ривожланган ҳудудларда ўсимликларнинг ривожланиши сусайиб, баъзи дарахтларнинг яшаш муддати кескин камайиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, қайрағоч дарахти табиий шароитда 350-400 йил умр кўрса, шаҳар хиёбонларида 120-220 йил, серқатнов автомобиль йўллар атрофида эса 40-50 йил умр кўрар экан.

Атмосфера ҳавосидаги чангнинг ўсимликка зарарли таъсири унинг  кимёвий таркиби ва сувда эришига, қанча миқдорда тушиб ушланиб қолиш вақтига, ўсимликнинг бундай таъсирга чидамлилиги ва бошқа бир қатор экологик омилларга боғлиқ. Чанг тушган япроқ ёруғликни кам ўтказиб, кўпроқ қайтаради, шу боисдан чангланган баргларда фотосинтез жараёни пасаяди. Чангнинг япроқдаги қалинлиги катта бўлса, транспирация учун сув сарфи ортади. Япроқдаги чанг билан тушган қаттиқ заррачалар ўсимлик ўсишини, ассимиляцияловчи органлар фаолиятини, ҳосилнинг сифатини бузади. 

Хулоса қилиб айтганда, саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш жараёнида турли хилдаги зарарли чиқиндилари атроф-муҳитга чиқиб биосферамизга ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Саноат  корхоналаридан чиқадиган чиқиндилар таркибидаги турли моддалар, асосан, олтингугурт оксидлари, азот оксидлари, углерод оксидлари, оғир металлардан - темир, қўрғошин, мис, кобальт, никел, кадмий, симоб тузлари ва бошқалар, биосферадаги барча қобиқларга ўз салбий таъсирини кўрсатиб, биогеоценоз ва биоценоз қисқаришига, ҳатто йўқолишига ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун саноат корхоналарига янги, замонавий, кам чиқиндили технологияларни олиб кириш ҳамда атроф-муҳитга чиқадиган чиқиндиларнинг камайишига ҳаракат қилиб тоза экологик шароитни яратишимиз керак.

БИЗ КЕЛАЖАК УЧУН ЖАВОБГАРМИЗ!

Матлуба ОЧИЛОВА,

Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!