Меню

Қашқадарё

06.11.2018 2027

САМИМИЙ ТУЙҒУЛАР КУЙЧИСИ ҲАҚИДА САМИМИЙ ГАПЛАР

Бир муаллим танишим бор. У ҳам ана шундай адабиётга ошуфта инсонлардан. Айниқса, раҳматли шоиримиз Муҳаммад Юсуф ижодининг ҳақиқий мухлиси. Шоирнинг барча шеърларини ёддан билгани ҳолда, чекка бир қишлоқда яшаб туриб ҳам, шоир билан бир неча маротаба учрашиш, унинг гурунглари, маслаҳат ва ўгитларини олишга муваффақ бўлган.

Қуйидаги битиклар ҳам ўша танишимнинг Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳақидаги хотираларидан.

*   *   *

- 80-йилларнинг боши эди. Қўлимга ёш адиб ва шоирларнинг ижод намуналари жамланган бир альманах тушиб қолди. Менга айниқса, Муҳаммаджон Юсупов деган йигит ёзган шеър маъқул бўлди. Шеърнинг мазмуни шундай: йигит шаҳарда ўқийди, пинҳона севиб юрган қизи эса қишлоқда қолган. Ниҳоят йигит таътилга чиқиб, она қишлоғига қайтади ва тўйнинг устидан чиқади. Не кўз билан кўрсинки, бу ўзи кўнгил қўйган қизнинг тўйи эди. У қалби вайрон ҳолда уйга келади. Ҳеч нарсадан бехабар бобоси эса тўйга борганини, тўй зўр бўлаётганини, аммо негадир келинчакнинг кўзидан ёш тинмаганини неварасига сўзлаб беради. Йигит пинҳона, ич-ичидан йиғлайди, аммо дардини ошкор қилолмайди. Шеърнинг охири қуйидаги мисралар билан тугаган:

Билмайди, эҳ, бобом билмайди,

Мен, мен ахир севардим уни!

Салтанатнинг оти нимайди,

Ўша сочи узун қизини...

Шеърдаги самимият, оддийлик, оҳанг, содда бир қишлоқ йигитининг завол топган сирли муҳаббати, унинг ичини кемираётган дард менинг ҳам оромимни ўғирлади. Узоқ вақт ана шу мисралар таъсирида юрганман. Ўшанда илк бор Муҳаммаджон Юсупов исмли ёш шоирга ҳурматим ошиб кетганди. Кейинчалик бу шоир Муҳаммад Юсуф номи билан адабиёт оламига кириб келиб, катта довруқ қозонди.

*   *   *

- Бир куни китоб жавонимдаги энг севимли китобим йўқолганини пайқаб қолдим. Қандай ҳолатга тушганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ахир ўғри деган номард келиб-келиб Муҳаммад Юсуфнинг ўзим яқиндагина сотиб олган китобини ҳам олиб кетадими. Дунё кўзимга бир тутам бўлиб қолди.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб, китоб топилди. Уни қўшнимнинг яқинда ҳарбийдан қайтган ўғли олиб кетган экан. Нега бундай қилганини сўрасам, ўзи кўнгил қўйган қизга мактуб ёзиш учун шеър керак бўлиб қолгани, китобни кичкина ўғилчам олиб чиқиб берганини айтади. Аввалига унга жаҳлимни сочдиму, кейин ич-ичимдан титраб кетдим. Ахир шоирнинг бир шеърида ўқиганим - севгилисига мактуб ёзиб, шеърлар тизиб, лекин унга беришга ийманиб, кўйлагининг кўксидаги чўнтагида ойлаб сақлаб юрган йигит қалбидаги кечинмалар менга жуда таниш эди...

Ўйлаб туриб, китобни унинг қўлига тутдим: “Ма, насиб этса, буни келиннинг сепига соласан. У қиз сендек кўнгли тоза йигитга йўқ дея олмайди. Мана мени айтди дейсан”.

*   *   *

- Қизиқ бир одатим бор: ён дафтарчамда ўзим учратган номдор спортчилар, санъаткорлар, шоир ва адиблар, хуллас, машҳур инсонларнинг  дастхатини тўплаб, авайлаб сақлаб юраман. Дафтарчанинг бир варағида севимли шоирим Муҳаммад Юсуфнинг ҳам дастхати бор.

1991 йил. Қишлоқдаги мактабда муаллим бўлиб ишлайман. Қандайдир бир китобни қидириб, кутубхонага боргандим, мудира менга:

- Биласизми, бу йил Абдулла Ориповнинг 50 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан  кутубхонамизда ҳам тадбир ташкил этилар экан. Унга шоирнинг ўзи ҳам келармиш. Сиздан илтимос, мактаб ўқувчиларидан гуруҳ тузиб, шоирнинг шеърларини ёд олдирсангиз зўр чиқарди, - деб қолди.

Шеърият шайдоси эмасманми, бу мен учун жуда катта имконият эди. Дарҳол мактабга қайтиб, ўқувчиларимни тадбирга тайёрлашга киришиб кетдим. Улар севимли шоиримизнинг кўплаб шеърларини ўқийдиган бўлишди. Санобар исмли бир қизчага эса шоир ҳақида ўзим ёзган ҳазил шеърни ҳам ёд олдирдим.

Тадбир ажойиб ўтди. Ўқувчиларим Абдулла Орипов шеърларини баралла ёддан айтиб, ўзларини кўрсатди. Мен эса улар адашиб кетмасин, деган хавотирда эдим. Айниқса, Санобарнинг ўзим ёзган шеърни ўқиётганида бу нарса шоирга ёқармикан ёки жаҳли чиқармикан, деган ўйдан янада кўпроқ ҳаяжонга тушдим. Шукурки, шеър ўқилгандан сўнг давра тўрида ўтирган Абдулла Орипов кулимсираб, ёнидаги Муҳаммад Юсуфнинг қулоғига нималардир деди.

Тадбирдан сўнг меҳмонларни кузатаётган хўжалик раиси мени ёнига чақириб: “Домла, жуда пишиқ одамсиз-да, шундай танишингиз бор экану, бундоғ айтмайсиз”, деб қолди. Мен ким ҳақида гапираётганини сўрасам, ана ўзлари, сиз билан кўришиб кетмоқчи экан, деб нарироқда бизга жилмайиб турган Муҳаммад Юсуфни кўрсатди.

Мен ўзимга ўзим ишона олмасдим. Минг бир ҳаяжонда унинг олдига бордим. Муҳаммад Юсуф самимий сўрашди. Бояги ўқувчим айтган ҳазил шеър Абдулла Ориповга ёққани, умуман, тадбир жуда чиройли ўтганини эътироф этиб, бунинг учун раҳмат айтди.

Мен эса вазиятдан фойдаланиб дафтарчамга дастхат қўйдириб олдим.

*   *   *

- Халқимизда “Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади” деган нақл бор. Дастхат воқеасидан икки йил ўтиб яна Муҳаммад Юсуф билан учрашдим.

Ўша йили малака ошириш курсида ўқиш учун Тошкентга боргандим.    Дарсдан чиқиб ётоқхонага бораётсам, йўл бўйида таниқли хонандалардан бирининг концерти афишасига кўзим тушиб қолди. Ундаги эътиборимни тортган нарса, концертда шоир Муҳаммад Юсуфнинг ҳам иштирок этиши эди.

“Шундоқ ҳам Тошкентга келганман, Муҳаммад Юсуфни бир кўриб, шеърларини тинглаб кетмасам бўлмас”. Ана шу ўй билан ҳамхонамни ҳам тезлаб, чипта олдик ва концертга тушадиган бўлдик.

Ўша йиллари шоирнинг “Туркман қизга уйланаман” номли шеъри жуда машҳур бўлган, қайси даврага борсангиз, шу шеър ҳақида баҳс-мунозаралар тўхтамайдиган бир пайт эди. Мен ҳам ана шу шеърдан илҳомланиб бир-иккита нарса қоралаб қўйгандим. Ҳамхонам билан концертга кирар эканмиз, сал нарида уч-тўрт киши билан гурунглашиб турган   шоирга кўзим тушди. Шартта бориб саломлашмоқчи, ўзимни танитмоқчи бўлдим. Аммо қурғур хаёлимга “Ҳой оғайни, ўзи тупканинг тагидаги бир қишлоқдан келган муаллим бўлсанг, сенга кимнинг кўзи учиб турибди, икки йил аввал бир дастхат олганингни бу одам эсда сақлаб юрармиди” деган бир гап келдию, боришга истиҳола қилдим. Лекин ўзим сезмаган ҳолда у кишига тикилиб қолган эканман.

Шоирнинг ҳам менга нигоҳи тушдию, бирдан юзига табассум югурди. “Эй жўра, буёққа келинг, мен сизни дарров танидим”, деб ёнига чорлади. Нодонлигимдан уялиб кетган бўлсам-да, сир бой бермай ёнига бориб, кўришдим. Шоир жуда самимийлик билан ҳол-аҳвол сўради. Унинг икки йил аввал олис бир қишлоқда учрашган одамини эслаб қолганига қойил қолгандим. Гап орасида ўзим ёзиб келган шеърни ўқиб бердим.

*   *   *

Бу гапларни қоғозга туширишга ундаган нарса шуки, Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари қанчалик самимий, соф туйғуларга, камтарона орзу-ўйларга йўғрилган бўлса, унинг ўзи ҳам худди шундай ёруғ қалбли, юксак инсоний фазилатларга эга киши бўлган. Муаллим танишимнинг гурунгларини тинглаб, бунга яна бир бора амин бўлдим. Унинг феъл-атворидаги самимийлик, камтарлик шеърларига ҳам кўчган бўлса, не ажаб.

Ўролбой ҚОБИЛ

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!