Меню
Қашқадарё
САМАРАДОР “ЯГОНА ДАРЧА” ТАМОЙИЛИ
Бунинг самарасида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ошиб бораяпти. Ҳозирги вақтда ушбу рақам қарийб 57 фоизга етган. Бу эса иқтисодиётда давлат иштироки муттасил камаяётгани, аксинча хусусий секторнинг аҳамияти ошаётганидан далолат беради.
Дарҳақиқат, айни дамда юртимизда аҳоли эҳтиёжи учун зарур истеъмол товарларининг асосий қисми ишбилармонлар, хусусий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаяпти. Мазкур соҳада меҳнатга лаёқатли аҳолининг 77 фоиздан зиёди иш билан банд этилган.
Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятига янада кенг эркинлик бериш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат тадбиркорни турли оворагарчиликлардан халос этиш, унга нисбатан жавобгарликни енгиллаштиришни кўзда тутади.
Маълумки, мамлакатимизда ўз қонуний бизнесини йўлга қўйиб, муваффақиятли фаолият бошламоқчи бўлган ишбилармон бунинг учун ҳеч қанча вақт сарфламайди. Эндиликда тадбиркор бирор муаммо юзасидан идорама-идора кезиб юрмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2016 йилнинг 1 январидан барча жойларда “Ягона дарча” марказлари иш бошлагани ана шундай имкониятни яратиб берди. Ушбу марказ 16 турдаги давлат хизматларини кўрсатиши қайд этилган.
Аҳамиятлиси, тегишли фармонга асосан тадбиркорлик субъектларига ягона марказлар орқали “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини янада кенгайтириш назарда тутилган. Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграциялашган “Ягона дарча” марказлари фаолиятига оид ягона веб-сайтни яратиш ва унга марказлар фаолияти ҳақидаги умумий маълумотлар ҳамда кўрсатиладиган давлат хизматлари, таъсис ҳужжатларининг стандарт намуналари, хизматдан фойдаланиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини, давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун “тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети” электрон ресурсини киритиш каби бир қатор вазифалар белгиланди.
Қайд этиш жоиз, ушбу марказлар мамлакатимизда электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади. Уларнинг фаолияти тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, лицензиялаш ва бошқа рухсат берувчи тартиб-таомилларни амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган. Мазкур марказлар фаолиятининг йўлга қўйилиши тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг бевосита мулоқотсиз шаклини ўрнатишга замин ҳозирлади.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида жами 194 та “ягона дарча” тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш Ягона марказлари ишламоқда. Ушбу марказлар томонидан 2016 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 76576 та давлат хизматлари кўрсатилган. Шунингдек, марказлар томонидан аҳолига кенг кўламдаги ахборот хизматлари ҳам тақдим этилган, фақатгина 2016 йилнинг шу даврига қадар тадбиркорлик субъектларига 100000 мартадан ортиқ бепул маслаҳатлар берилган.
Ягона марказлар тизими сифатли хизматлар кўрсатиш учун зарур коммуникация инфратузилмасига, шунингдек, замонавий жиҳозларга эга. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 ноябрдаги 335-сонли қарори доирасида, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш Ягона марказлари 2981 дона техник восита билан жиҳозланган. Марказларнинг 1 Мб/с дан кам бўлмаган тезликда Интернет тармоғига уланишини таъминловчи ахборот тизими хизматдан фойдаланувчилар билан масофадан туриб боғланиш шаклларини амалга ошириш ҳамда давлат органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан ишлаш имкониятини беради.
Айни вақтда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини жадал суръатлар билан ривожлантириш мақсадида Ягона порталга 2000 дан ортиқ давлат ва хўжалик органлари, жойлардаги ҳукумат бошқаруви идоралари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари уланди.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида айнан тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари миқдори 57 фоизни ташкил этаяпти. Шу билан бирга, кўрсатиладиган давлат хизматлари бўйича информацион характерга эга маълумотлар ҳам порталда тизимли янгиланиб бормоқда. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига портал орқали кўрсатилган давлат хизматлари сони 577,2 мингдан ошди, жорий йилда яна 5 та янги интерактив хизмат ишга туширилди (жами хизмат тури сони 270 тага етди). Бу эса ўз навбатида тадбиркорларнинг тезкор маълумот олиб, тажриба алмашиши, фаолиятидаги янги қирраларни ривожлантиришига хизмат қилмоқда.
Эндиликда тадбиркорлик субъектлари ариза бериш жараёнида минимал талаб этиладиган ҳужжатларни топширади, қолганини хизмат кўрсатувчи ташкилотлар тизим имкониятларидан фойдаланган ҳолда тегишли ташкилотлардан олади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, мазкур фармонда ахборот ва Интернет технологиялари иқтисодий юксалишнинг муҳим омили сифатида кўрсатилган бўлиб, бу ўз навбатида тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш ҳамда мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Гулшана ХУДОЁРОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати