Меню
Қашқадарё
САХОВАТ - ОЛИЙ ҚАДРИЯТ
Ижтимоий ҳимоя
Янги йил байрами арафасида аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатлами вакилларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан 25-31 декабрь кунлари "Саховат - олий қадрият" хайрия ҳафталиги ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан "Вақф" хайрия жамоат фонди Қашқадарё филиали мутахассислари Қарши шаҳри маҳаллаларидаги 620 та хонадонда бўлиб, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд фуқароларга 310 миллион сўмлик гўшт, ёғ, шакар, гуруч, ун каби озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия сифатида етказишди.
27-28 декабрь кунлари эса жамоат фонди вакиллари Қарши шаҳри, Қамаши, Шаҳрисабз, Китоб туманларидаги Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларида яшовчи 875 нафар фуқаро ҳолидан хабар олиб, уларга фойдаланиш учун ҳар хил турдаги маиший техникалар тақдим қилишди. Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ушбу ижтимоий муассасаларда байрам дастурхони безатилиб, ош тарқатилди.
- Вилоятимиздаги 28 та зиёратгоҳда Қуръон оятлари тиловат қилиниб, инсоният бошига келган коронавирус хасталиги ва синовлар даф бўлишини сўраб дуолар қилинди, қурбонликлар сўйилди, - дейди "Вақф" хайрия жамоат фонди Қашқадарё филиали бош мутахассиси Мустафо Соатов. - Шунингдек, ҳафта давомида вилоятимиздаги 7 минг 710 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила хонадонларида бўлиб, ҳар бирига 11 турдаги (жами 32 килограмм) озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилади. Ушбу хайрия тадбири инсонларга моддий кўмак бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш, қалбларига хурсандчилик улашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шундай экан, хайру эҳсон ва яхшилик улашиш ила Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлган саховатли инсонлар ва барча мўмин-мусулмонларни эзгу ишларда ҳомийлик ва ҳамкорлик қилишга чорлаб қоламиз. Зеро, Ҳадиси шарифда "Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир", дейилган.
Маълумот учун, "Вақф" хайрия жамоат фонди Президентнинг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.
Шоҳиста БОЗОРОВА