Меню

Қашқадарё

08.05.2020 1461

САХОВАТ КАРВОНИ CИРДАРЁГА ЕТИБ БОРДИ

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборидан сув чиқиши оқибатида жабрланган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қашқадарёликларнинг 50 тонна хайрия ёрдами ортилган саховат карвони 6 май куни кечқурун ўз манзилига етиб борди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, гигиена воситалари, рўзғор учун зарур хўжалик моллари, маиший техника воситалари, болалар ўйинчоқлари, ўқув қуроллари, китоблар, шунингдек, қўй ҳамда туя ортилган 10 та транспорт воситаси сафига йўлда шаҳрисабзликларнинг хайрия ёрдами жамланган яна битта юк автомобили ҳам қўшилди.

Хайрия акцияси давомида йиғилган 40 миллион сўм маблағ ҳам офатдан жабр кўрганларга ёрдам сифатида етказилди.

Мурувват ёрдами Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманидаги базада қабул қилиб олинди. Бу ердан маҳсулотлар, буюмлар ва пул маблағлари жабр кўрган оилаларга етказилади.

Бундан ташқари, Сардоба сув омбори ўпирилиши натижасида рўй берган тошқиндан Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидаги айрим оилалар ҳам азият чекиб, бир қанчаси Қашқадарёдаги яқинлариникига келишганди.

Талафот арий бошлагач, улар ҳам уйларига қайтиш тараддудида бўлишди. 10 нафардан ортиқ сирдарёлик юртдошларимиз учун вилоят транспорт бошқармаси ташаббуси билан автобус ажратилиб, манзиллари сари кузатиб қўйилди.

Оғир кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, далда бўлиш, яқиндан кўмаклашиш, меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос азалий қадрият эканлиги сирдарёлик юртдошларимизга кўмак тадбирларида ўз аксини топмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!