Меню

Қашқадарё

24.07.2018 1696

САЙР ҚИЛИШ ҲАМ ПУЛЛИМИ?

Тўғри-да, қайси бир замонда қуруқ сайр учун пул тўланибди? Ҳайвонот боғи ёки шунга ўхшаш жойни тушунса бўлар, уларга даромад томошадан келади. Ўз навбатида уни ташкил қилган одам ҳам ҳайвону қуш келтириб етарли шароит яратади, бироқ ҳеч бир шароит ҳозирламай, одамлар дам олиб, ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган сайргоҳни пулли қилиб қўйиш қайси мантиққа тўғри келади?

Гап шундаки, Қарши шаҳридаги “Дельфин” комплексига кириш жойида... туриб-туриб... сайр қилишнинг пулли экани хусусида эълон пайдо бўлибди! Янаям аниқроғи, шу пайтгача турган “Дельфин комплексида сайр қилиш бепул” деган гапнинг “бепул” қисмини, “Прогулка по комплексу “Дельфин” бесплатно”дан эса “бес” деган бўлагини ўчириб ташлашибди!.. Шу билан бу жойда фақат сайр қилиш ҳам пуллик бўлиб қолибди. Қойилмисиз?

Мазкур комплекснинг шундоққина ёнида янги хусусий истироҳат боғи барпо этилиб, янги аттракционлару томошабоп экспонатлар (Эйфелу Пиза минораси, Хитой қасрларию Кремл нусхалари) шай қилиб қўйилган, бироқ ўшандаям қуруқ сайр учун биров ҳақ сўрамаган бир пайтда эскирган аттракционлар, ажриқ босган майдонлар, тозаланмаганидан қўланса ҳид анқийдиган “кўлмак” билан “Дельфин” комплексидагилар нимани кўзлашди экан?

Улар нимани мақсад қилганини бу ерга сайр этиш учун келин-куёвлар келган вақтда билиб олиш мумкин. Яъни шу пайтгача бу ерга келган ҳар бир келин-куёв учун    20-30 минг сўмдан пул олинарди. Бироқ кириш қисмидаги “бепул” деган ёзув айрим кўзи очиқ куёвжўраларни ҳушёр торттирар, кейин улар парк “назоратчи”ларига бир сўм ҳам беришмасди. Чамаси “назоратчи”лар куёвжўралар пул бермаслигининг олдини олиш кўйида эълонни “таҳрир” этишган кўринади.

Бунинг ўрнига истироҳат боғи ишини такомиллаштириш, уни замон талабига мос ҳолга келтириш (ҳечқурса Тошкентдаги паркларни кўриб, кейин ўрганилган нарсаларни бу ерда жорий қилиш), хизмат турларини кенгайтириш, шунга яраша ҳақ сўраш керак эди. Агар бу қўлларидан келмаса, ҳеч бўлмаса одамларнинг ғашини келтирадиган “битик”ларни битишмаса, қонуний маошдан ўзгасини кўзлашмаса, маъқул бўларди.

Н.ХЎЖАЕВ

Муаллиф олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!