Меню
Қашқадарё
САЁҲАТ, ЧИНИҚИШ ВА РАҒБАТ
- Жорий йилда Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида фаолият кўрсатаётган 19 та стационар болалар оромгоҳларида 26 минг 440 нафар болани дам олдириш белгиланган бўлиб, шундан 16 минг 180 та йўлланма учун ижтимоий суғурта фондидан маблағ ажратилиши, 10 минг 260 нафар болани дам олдириш эса Қарши шаҳри ва туманлар ҳокимликлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда ҳомий ташкилот, корхона, муассаса ва тадбиркорлар ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган, - дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсонбой Ражабов. – Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан иқтидорли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Оролбўйи минтақасидан 500 нафар (Қорақалпоғистон Республикасидан 250 нафар, Хоразм вилоятидан 250 нафар) бола вилоятдаги «Лочин» оромгоҳида бепул дам олдирилади.
Қайд этиш ўринли, бу йил вилоят ҳокимлиги ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан қабул қилинган “2016 йилги болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва намунали ўтказиш тўғрисида”ги қўшма қарорига асосан болаларни оромгоҳларга янада кенг қамраб олиш режалаштирилган.
Хусусан, Эсонбой Ражабовнинг маълум қилишича, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими билан биргаликда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 1600 нафар фарзанди, 90 нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси ҳамда 100 нафар иқтидорли болани бепул йўлланмалар билан таъминлаш режалаштирилган.
Бугун мамлакатимизда ёзги оромгоҳлар нафақат жисмоний соғломлаштириш, балки фарзандларимизнинг маънавиятини, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш масканига айлантирилган. Хусусан, жорий йилда барча турдаги оромгоҳларда ўтказилиши белгиланган «Мустақиллик менинг тақдиримда», «Ўзбекистон - бахтиёр болалар мамлакати», «Касаба уюшмалари - болаларга» акциялари бунинг яққол намунасидир.
- Ҳар йилгидек жорий мавсумда ҳам оромгоҳларни болажонларни қабул қилишга тайёрлаш ишлари жойларда қизғин олиб борилди, - дейди Эсонбой Ражабов. – Бинолар, ўйин майдончалари таъмирланди, оромгоҳлар ҳудудлари ободонлаштирилди.
Яккабоғ туманидаги «Истиқлол ғунчалари» номли оромгоҳда бу йил тўрт босқичда 1650 нафар болани дам олдириш мўлжалланган.
- Оромгоҳимиз Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармасига қарашли бўлиб, сўлим табиатли Кенггузар қишлоғида жойлашган, - дейди муассаса директори Абдуғани Боқиев. – Мавсум олдидан 30 миллион сўм маблағ эвазига барча хоналар, йўлаклар таъмирланди. Янги чойшаблар, 150 дона матрас, янгидан идиш-товоқлар олиб келинди. Бир миллион сўмликка яқин дори-дармонлар ва 12 миллион сўмликдан ошиқ озиқ-овқат маҳсулотлари захираси жамғарилди. Турли хил мевалар, помидор, бодринг, кўкатлар, бақлажон, булғор қалампири каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўзимиздан чиқади. Асосийси, оромгоҳимиз йўлланмаларининг 90 фоизи ўз эгаларига топширилди. Энди барча шароитларни муҳайё қилиб, болажонларни интизорлик билан кутаяпмиз.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда эртамиз эгалари бўлмиш болажонларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар бекаму кўст муҳайё этилаётгани вақт ўтиб уларнинг билимли, заковатли, ватанпарвар инсонлар бўлиб етишишида намоён бўлиши шубҳасиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА