Меню
Қашқадарё
“САЙЛОВЛАРДА БЕРГАН ВАЪДАНГ ҚАНИ, ЛАФЗИНГ БОРМИ”
Тан олиш керак, маърузада Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясига нисбатан билдирилган танқидий фикрлар жуда ўринли. Бу, албатта, биздан иш услубимизни ўзгартиришни, ҳар бир масалага жиддий ёндашишни талаб қилади.
Очиғи, сайловларда катта ваъдалар билан халқнинг олдига чиққанмиз. Тўғри-да, кимдир "Сайловларда берган ваъданг қани, лафзинг борми" деса, нима деган одам бўламиз?
Бугун халқимиз сергак, одамларимиз барча жабҳаларда жуда фаол. Улар биздан ҳам кўп янгиликлар кутмоқда. Шундай экан, нима учун биз ислоҳотлардан орқада қолишимиз керак?
Йиғилишда фан, таълим ва тиббиёт соҳаларида партиямизнинг фаоллиги етишмагани танқид қилинди. Ҳақиқатан ҳам биз бу соҳаларда оқсоқлик қилдик. Жорий йилда бу соҳаларда партия бирорта ҳам ташаббус кўрсатмаганининг ўзи сусткашлигимиздан далолат беради.
Президентимиз эса жорий йилнинг ўзида илм-фан намояндалари, олимлар, зиёлилар билан учрашиб, уларни қўллаб-қувватлади, замонавий технопарклар, эркин иқтисодий зоналар, инновацион марказлар ташкил қилиш чораларини кўрди. Буларни бутун халқимиз кўриб турибди.
Айниқса, олий таълим квотасининг оширилгани, нострификациядаги енгилликлар, 11 йиллик ўрта таълим тизимини қайта жорий этиш ҳақидаги ташаббуслари ота-оналарнинг, барча ёшларнинг юрагидаги гап бўлди.
Маърузада ўринли таъкидланганидек, партиямиз ўз дастурларида суд-ҳуқуқ соҳасига алоҳида ўрин ажратган. Бу борада партиянинг ташаббуссизлигини тан оламиз. Хусусан, партиямизнинг "Адолат - қонун устуворлигида", "Куч - адолатда" каби ғояларни илгари суриб, судлар мустақиллигини, суд қарорларининг қонунийлигини, фаолиятининг очиқлигини таъминлаш зарурати ҳақида сайловчиларга берган ваъдаларимиз бўйича бирор-бир асослантирилган таклифни, афсуски, киритмадик.
Очиғини айтсам, Президентимизнинг турли соҳаларга доир қарор ва фармонларида биз берган ваъдалар босқичма-босқич ўз ечимини топаётганлиги барчамизни қувонтирса, бу борада айнан биз - сиёсий партиялар вакиллари ташаббус кўрсатмагани кўпчилигимизни уялтиради.
Тўғри-да, "Куч - адолатда" шиори билан чиққан партиянинг одил судлов органлари фаолиятини халқаро талаблар даражасига кўтариш, адвокатура институти мақомини кенгайтириш, ҳакамлик судлари фаолиятини янада ривожлантириш каби масалаларда ўз фикр-мулоҳазалари бўлмаса?!
Партия раҳбарларини ҳадемай сайловлар бўлади, биз сайловчилар олдига нима деб борамиз, деган масала ўйлантиради. "Биз сайловларда берган ваъдаларимизни бажардик, яна бизга овоз беринглар", десак, "Кечирасиз, буларни Президент бажарди", деб дангал жавоб қайтаришлари аниқ. Аслида, бу ишларда партиямиз ва ундан кўрсатилган депутатларимиз ҳам ташаббускор бўлиши керак эди.
Халқимизда "Дўст ачитиб гапиради" деган пурмаъно ҳикмат бор. Биз, албатта, мазкур йиғилишдан тўғри хулоса чиқарамиз. Фаолиятимизни танқидий таҳлил қиламиз. Барча ишларимизни шахсий жавобгарлик ҳисси билан тез кунда қайта кўриб чиқамиз. Уларнинг самарали механизмлари устида ишлаймиз. Сайловчиларимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон "Адолат" партиясининг халқ орасида нафақат танилувчанлигини, обрўсини ошириш бўйича барча чораларни кўрамиз ва буни халқимиз тез орада яққол ҳис қилади, кўради.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари