Меню
Қашқадарё
САЙЛОВГА ТАЙЁРГАРЛИК - ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА
Брифинг
Мамлакатимизда 2019 йил 22 декабрда ўтажак муҳим сиёсий жараён муносабати билан Қашқадарёда вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 14 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 59 та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 429 та округ сайлов комиссияси тузилган бўлиб, комиссиялар таркибини сайлов бўйича етарли кўникма ва билимга, ҳудудда обрў-эътиборга эга фуқаролар ҳамда жамият ҳаётида фаол хотин-қизлар ташкил этиши эътиборлидир.
Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибидаги 536 аъзонинг 387 нафари аввалги сайловларда ҳам ишлаган фуқаролар, 286 нафари хотин-қизлар бўлса, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларида фаолият юритадиган 132 нафар аъзонинг 98 нафари муқаддам сайловлар ўтказишда иштирок этган фуқаролар ва 73 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
1 миллион 939 минг 294 нафар сайловчининг 213 минг 322 нафари сайловда биринчи маротаба қатнашадиган ёшлар саналади.
Бу ҳақда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги брифингда айтиб ўтилди.
Унда вилоят, туман (шаҳар) сайлов комиссиялари раислари ва масъул ходимлари, сиёсий партиялар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Хабарингиз бор, 20 октябрдан - 20 ноябрга қадар мамлакатимиз миллий сайлов тарихида илк бора "Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги" ўтказилмоқда. Шу йилнинг 19 октябрь куни эса Марказий сайлов комиссияси ва "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ўртасида келишув битими имзоланиб, унга асосан тарафлар сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилаётир.
Брифинг давомида вилоят сайлов комиссияси раиси ва партияларнинг вилоят кенгашлари раҳбарлари томонидан сайловларга тайёргарлик, сайловолди дастурлари хусусида оммавий ахборот воситаларига маълумот берилди.
"Янги Ўзбекистон - янги сайловлар!" умумшиори остида ўтадиган муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик жараёнида аҳолининг ҳуқуқий маданияти, хусусан, сайлов қонунчилигидан хабардорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунга монанд сиёсий партиялар вакиллари иштирокида ноанъанавий, янги форматдаги тадбирларни ўтказиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Н.ХЎЖАЕВ