Меню

Қашқадарё

19.05.2022 1742

САЙЛОВ ЖАРАЁНИДА ОШКОРАЛИК БЎЛСА, ХАЛҚ ИШОНЧИ ЯНАДА ОРТАДИ

Матбуот анжумани

Жорий йил 16 майда вилоятимиздаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди ва шу куннинг ўзида бу муҳим тадбир Қашқадарёнинг 72 та маҳалласида ўтказилди.

Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси ҳамда "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги ва "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонунларнинг тегишли моддаларига мувофиқ жойларда бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида Қарши шаҳридаги "Журналистлар уйи"да ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида сўз юритилди.

Унда вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов, Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича вилоят комиссияси раиси Руйиддин Раупов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алишер Исоқов журналистларга воҳамизда ўтказилаётган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этишди.

- Маҳалла жамият жипслашувида муҳим бўғин ҳисобланади, демак фуқаролар йиғинларининг раислари елкасида ўта масъулиятли вазифа турибди, - деди Шуҳрат Турсунов. - Бу галги сайловлар мамлакатимиз ривожланишининг бутунлай янги босқичида, жумладан, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч омилига айлантириш Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг устувор мақсадларидан бири этиб белгиланган тарихий паллада бўлиб ўтмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда 3,4 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Шундан 2 миллион 75 минг 681 нафари сайлов ёшига тўлган (18 ёш ва ундан катта ёшдаги) фуқаролардир. Бу йилги сайловларда вилоятимиздаги 813 нафар фуқаролар йиғинлари раислари сайланиши кутилмоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, туман (шаҳар) комиссияларининг таклифига мувофиқ бу йилги фуқаролар йиғинлари раислари сайлови 16-27 май кунлари тегишли секторлар ҳудудидаги 50 та замонавий бинода, 672 та мактабда, 40 та коллежда, 14 та мусиқа ва санъат мактабида, 17 та маданият маркази, 20 та бошқа ташкилот ва муассасаларда режа-жадвал асосида ўтказилади. Сайловга ёшлар ва хотин-қизлар кенг жалб этилиб, сайлов жараёнида қонун талабларига, шу жумладан, ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи тамойилларига риоя этилиши қатъий назорат қилинмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!