Меню

Қашқадарё

13.10.2018 1855

САЙЁҲ ВА МЕҲМОНХОНА ЭГАСИ ҚОҒОЗБОЗЛИКДАН ҚУТУЛДИ

Хўш, мазкур янги тизим қандай қулайликларга эга ва бундан кутилган самараларга эришилмоқдами?

Гап шундаки, чет эл фуқароси Ўзбекистонга келгач, emehmon.uz тизими орқали 30 дақиқа ичида рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунинг учун ҳеч қаерга боришнинг кераги бўлмайди. Тизим чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга веб-сайт, мобиль илова ҳамда рўйхатдан ўтказиш тизими орқали рўйхатдан ўтиш имконини беради. Сайёҳнинг шахсий маълумотлари нега керак? Бу аввало хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур. Турист ниқоби остида меҳмонхонага жойлашиб олиб, яшаб юрган, ушбу тизим сабаб қўлга олинган жиноятчилар фикримизни тасдиқлайди.

Сайёҳлар emehmon.uz сайтининг маълумотлар ойнасида ўз маълумотларини кўрсатиб, “келиш варақаси”ни тўлдирадилар. Рўйхатдан ўтиш жараёнининг охирида туристик йиғимни тўлаш учун тўлов карталари маълумотини киритишлари керак бўлади. Шунингдек, яшаш жойидан рўйхатдан ўтган ва туристик йиғимни тўлаган, аммо у ерда яшамайдиган меҳмонлар учун emehmon.uz тизимида алоҳида эркин турист пункти мавжуд. Албатта, бундай янгилик сайёҳни турли оворагарчилик ва қоғозбозликлардан фориғ этди. Айни пайтга қадар 6600 нафардан ортиқ чет эллик сайёҳ воҳамизга келишда мазкур тизим имкониятидан фойдаланди.

Қолаверса, бу дастур меҳмонхоналар ишини ҳам енгиллаштирди. Ушбу муассасалар эгалари вақт ва маблағ сарфлаб, турли ташкилотларга ҳисобот топширишга мажбур бўларди. Эндиликда эса бунга ҳожат йўқ. Вилоятимиздаги 49 та меҳмонхона ва жойлаштириш нуқталари тизимга уланган. Маълумотлар онлайн режимида киритиб борилади. Бу эса тизимда иштирок этувчи тегишли давлат органларига ҳам кўриниб туради.

- Тизим бизга кўплаб қулайлик тақдим этди, - дейди Шаҳрисабз шаҳридаги “Дўлон” меҳмонхонаси иш бошқарувчиси Шуҳрат Сатторов. – Ишимиз осонлашди. Ҳеч нимага чалғимаймиз. Ҳеч ким ҳисоб ҳам сўрамайди. Барчаси ушбу тизим орқали яққол намоён бўлади. Натижада меҳнат маҳсулдорлиги ҳам ошаяпти. Ҳозирда меҳмонхонамизда бир мартада 14 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имкони мавжуд. Хоналаримиз миллийлик руҳида жиҳозланган. Бу эса чет элликларни бефарқ қолдирмайди. Уларга барча қулайликларни тақдим этишга ҳаракат қилаяпмиз.

Жасур АБДУЛЛАЕВ,

 вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!