Меню

Қашқадарё

16.05.2022 1688

САЙИЛ ҲУҚУҚШУНОСЛАРНИ ЭЛГА ЯНАДА ЯҚИНЛАШТИРДИ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилишлари керак!” шиори остида адлия сайли ўтказилди.

Сўнгги йилларда барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар олиб борилар экан,  табиийки, бу янгиланишлар адлия тизимида ҳам ўз ифлодасини топди. Ягона дарча тамойили асосида Давлат хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Қишлоқ ва овулларда ушбу марказларнинг филиаллари иш бошлаши аҳолининг узоғи яқин, мушкули осон бўлишига хизмат қилмоқда. Туман ва шаҳар адлия бўлимлари ташкил этилди. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари иш болади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари фаолияти янги босқичга олиб чиқилди.

Шаҳрисабзда вилоят адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган, “адлия сайли”да соҳадаги ана шу саъй-ҳаракатларнинг самараси яққол намоён бўлди. Тадбир мақсади аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиш, адлия ҳамиша улар билан бирга эканини ҳис этишига кўмаклашишдан иборат бўлди.

Дастлаб “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида ташкилот ва муассасалар ходимлари, шунингдек, кўнгилли ёшлар иштирокида оммавий юриш ташкил этилди.


- Сайил давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қийнаб келаётган масалаларни ижобий ҳал этишга қаратилган “Сайёр қабул” ҳамда “Сайёр хизмат” тадбирлари ҳам ўтказилди, - дейди вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Нилуфар Сатторова. -  Фуқаролар томонидан иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, кредит, уй-жой таъминоти, тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш, алимент ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатларга тегишли давлат идоралари томонидан ҳуқуқий кўмак ва маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари, вилоятдаги китоб ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари ёрдамида юридик ва бадиий китоблар ярмаркаси ташкил этилди.


Сайлни янада кўтаринки руҳда ўтказиш ва аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида вилоят юридик техникуми ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ва ҳуқуқий викторина саволлари ташкил этилди. Синовларда муваффақиятли қатнашган иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти асосий эътиборда бўлди. Хусусан, “Меҳрли қўллар” акцияси доирасида ногиронлиги бор фуқароларнинг қўл меҳнати ёрдамида тайёрлаган маҳсулотларининг кўргазмалари ташкил этилиб, кенг оммага намойиш этилди.

Тадбирда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 500 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 300 га яқинига ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, қолган мурожаатлар қонуний ҳал этилиши учун назоратга олинди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!