Меню

Қашқадарё

05.05.2016 2131

САДОҚАТГА ЁР БЎЛГАН АЁЛ

Қорабоғнинг Қуйи Янгиқишлоқ ҳудудидамиз. Мана, Икром момонинг кенг ва катта, ярмида ям-яшил беда мавж уриб қолган, ярмида эса баҳорий экинлар экилган шинамгина ҳовлиси.

Ёруғ дераза тагидаги қават-қават кўрпача устида муштдеккина бўлиб 100 ёшни қоралаган момо ўтирибди. Гарчи кўзлари яхши кўрмаса-да, гаплари ўктам-ўктам. Хотиралари тиниқ. Эсон-омонлашув тугагач, момо дуога қўл очди:

- Тинчлик, омонлик бўлсин. Илоҳим менга ўхшаб узоқ умр кўринглар. Қўшганларинг билан қўша қаринглар.

Ўзининг айтишича,момо ҳозир 98 ёшда экан. Салкам бир аср. Бу  умрнинг машаққат, айрилиқлари унинг юзларига ажин туширган. Бу нуроний чеҳрада шу муштипар аёлнинг, жони қирқта аёлнинг, қўшгани билан қўша қаримаган аёлнинг орзулари, армонлари, тинимсиз меҳнати ва ниҳоят кексайганда роҳат-фароғат топганидан шукроналик ифодаси ҳам мужассам.

- Турмуш ўртоғингиз ҳақида сўзлаб беринг, қандай одам эди у киши? - дея момони гурунгга тортамиз.

Момо хаёлга толади. Эҳтимол, кўз олдида узоқ ўтмиш, навниҳол келин бўлган даврлари жонланаётгандир. Турмуш ўртоғи Қудрат Рустамов фермада ишлар, ота-онасидан бирин-кетин бевақт жудо бўлгач, укалари ва синглисининг тарбияси унинг зиммасида эди. Қариндошлар маслаҳатлашишди. Кичкинагина тўйча қилиб, Икромни  Қудратга олиб беришди. Рўзғорга файз кирди. 1937 йилмиди, эндигина 19 ёшни қаршилаган қизнинг эгнидаги қарға шоҳи кўйлагию бошидаги оқ ғижим рўмолидан бошқа сеп-сидирғаси йўқ эди. Лекин у жуда бахтли эди. Қушдай учиб рўзғор қилар, қайнукалари ва қайнсинглисини ўкситмай, кўнглига қарар, гилам тўқиб, рўзғорнинг камини бутлашга интиларди. 1939 йилда тўнғичи Гулнора, 1942 йилда иккинчи фарзанди Ғуломжон туғилди. Бу пайтда  уруш олови бутун дунёни қоплаганди. ”Ҳамма нарса фронт учун” шиори барча учун бирдай дастуриламал бўлди. Икки ёш боласи ва бўйида гумонаси бўлган Икром ҳам эри билан хайрлашди.

1944  йилда учинчи фарзанди Хушвақт туғилди. Унга отасини кўриш насиб этмади. Чақалоқнинг чилласи чиқмаёқ қора хат келди. Икромнинг қадди ғамдан букилиб қолди. Яхшиям олдида қайнукалари, болалари бор. Улар билан овунди, уларни овутди. Далада ишлади. Кетмон чопди, ўроқ ўрди, машоқ терди, қора қозонни баҳоли қудрат қайнатди. Болаларни оч қолдирмади.

- Оҳ, болаларим-а, у кунлар қийин эди, оғир эди, - дейди Икром момо. - Тош келса, кемирдим, сув келса, симирдим. Раҳматли эримдан менга фақат фарзандлариму қорахат қолди.

- Садоқат ҳам, - дея суҳбатга қўшилади Марҳабо Рўзиева. - Шундай оғир йилларда аёл бошингиз билан ҳам ота, ҳам она, ҳам чеча бўлиб болаларингизни, қайнукаларингизни ўстирдингиз, улғайтирдингиз. Қорахат келса ҳамки, умид билан, илинж билан умр йўлдошингизни кутдингиз. Бу чинакам садоқат ва жасорат. Достон қилиб ёзса, қўшиқ қилиб айтса бўладиган Аёл жасорати, моможон!

Икром момонинг уч фарзандидан 28 невара, 100 дан ортиқ чевара, 6 эвараси бор.

Момонинг ҳар байрамда кўзи эшикда. Анваржонни кутади. Кўрмаса-да, неварасини қадам товушларидан таниб олади. Атаб олиб қўйган қанд-қурсни унга илинади. Худди невараси ёш боладай. Ахир Анваржон узоқ шаҳардаги архитектура олийгоҳида ўқийди-да. Момонинг орзуси унинг тўйини кўриш, келиннинг қўлидан чой ичиш.

- Икром момо қишлоғимизнинг энг кекса, табаррук кайвониси. Момомизнинг оиласи катта сулолага айланган. Ҳаммаси тинч, ибратли, маърифатли хонадонлар. Уларнинг соҳиблари эл хизматида, камарбаста бўлган, меҳнатсевар, самимий, элда эътибор топган инсонлар. Биз тез-тез момодан маслаҳат сўраб, дуоларини олиш учун бу хонадонга келиб турамиз, - дейди Марҳабо Рўзиева.

- Момо, - дейди Фотимахон, - ҳаётдан мамнунмисиз?

- Худога минг бор шукур, болам, рўзғор бут. Болаларим, невараларим нимани хоҳласам, муҳайё қилишади. Телевизорни эшитиб ётибман. Овозини баланд қилиб қўйишади. Қулоғим оғирроқ-да. Уйдан чиқмасам ҳам дунёдан хабардорман. Ўзбекистонимиздай юрт дунёда йўқ экан. Қариндошлар, қишлоқдошлар мени тез-тез йўқлаб туришади. Барака топкур раҳбарларимиз байрамларда, сайилларда совға-салом билан ҳол-аҳволимни сўрашади. Уйда ўтириб нафақани олиб ётибман. Илоҳим Юртбошимиз соғ-омон бўлсин. Юртимиз тинч бўлсин. Уруш деганнинг номи ўчсин. Биз кўрган қийинчиликларни, машаққатларни ёшлар ҳеч қачон кўрмасин. Жонларинг соғ бўлсин. Мендай бир кексани сўраб келганларинг учун қуллуқ.

Биз бу хонадондан, оналик меҳри, аёллик шаънини тоғлардан-да баланд тутган, эгилгану синмаган, садоқатли, иродали аёл ҳузуридан руҳимиз енгил тортиб, қалбимиз нурланиб чиқдик. Менинг хаёлимда эса қуйидаги сатрлар айлана бошлади:

У кунлардан омон чиқдингиз,

Кўксингизда оғир хотирот.

Йўқотишлар, айрилиқ ҳануз,

Руҳингизни қийнайди бот-бот.

 

Фидо жонга арзирли сабаб,

Қалбингизда Ватан бор эди.

Азобларга беролдингиз тоб,

Улкан меҳр сизга ёр эди.

 

Тонг саҳардан кўзин ишқалаб,

Машоқ терган нимжон болакай.

Оталарнинг юкин елкалаб,

Ватан учун камарбаста, шай.

 

Авлодларнинг тилида мангу,

Достон эрур сизнинг жасорат.

Фақат, фақат Сиз туфайли бу,

Озод Ватан, фаровон ҳаёт.

 

Фарзандларин фронтга йўллаб,

Бўшаб қолган беланчак - юртим.

Ёр йўлига кўз тиккан йиллаб,

Садоқатли келинчак - юртим.

 

Шаънингизга достонлар арзир,

Сиз - Тўмарис, Барчиной мисол.

Яшаяпсиз гўё сочиб нур,

Садоқатга ёр бўлган Аёл.

Момохол ЭЛМУРОДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!