Меню
Қашқадарё
САБРНИНГ СУВРАТИ
Тўйларидан ўн кунча ўтиб Назир тоғам пойтахтга – ўқишини давом эттириш учун жўнаб кетди. Янгам қайнонаcи билан қолди. Элда гап урчиди: куёвнинг келинга кўнгли йўқ эмиш, ўзи билан олиб кетишни истамабди. Дилафзо янгам техникумни тугатган экан. Келганидан кўп ўтмай мактабда ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади. Тоғам ора-сирада келиб турар, уларнинг омонат муносабатлари шундай давом этар, лекин бирор марта “бақир-чақир”ни биров эшитгани йўқ.
Ҳовлимиз мактабга яқин бўлгани учун эрталабдан туриб юз-қўлимни ювмасдан кўчага чиқар, Дилафзо янгамнинг ишга ўтишларини кутиб ўтираверардим. Чунки у мени қуруқ қолдириб ўтмас, юзларимдан ўпиб, эркалаб, бир сафар қўлимга қанд берса, бошқа сафар майизми, парвардами бериб ўтарди. Сақич берган кунлари-ку, мен учун ҳақиқий шодиёнага айланарди. Шунинг учун ҳам уйимиздагилар ҳарчанд койиб тўсқинлик қилишмасин, саҳарлаб йўлга чиқиб янгамни кутишни канда қилмасдим.
Назир тоғам менга ёмон гапирмаса-да, Дилафзо янгамга бўлган совуқ муомаласи боис, негадир уни ёмон кўриб қолгандим. Шунинг учун у кишини унча хушламасдим. Янгамга байрам ҳисобланмиш тоғамнинг шаҳардан қайтиши менинг бола кўнглимда тушкунлик уйғотар ва бундай вақтлари уларникига камроқ боришга ҳаракат қилардим. Эсимда, тоғам уйда кезлари Дилафзо янгам оёғини қўлига олиб рўзғор юмушларини бажарар, бу ҳам етмагандай худди учиб кетишга шай капалакдек чўчиб турарди. Баланд овозда гапирмасди, кулмасди, бирор сабаб шовқинлаб қолсам, менга ҳам бармоғини лабига босиб “тссс” деб кўрсатарди. Тоғам бўлмаган вақтлари янгам билан суҳбатларимиз кўпинча бир мавзу атрофида айланарди.
- Ҳали тоғангиз билан кўчиб кетсак... бирга Тошкентда яшай бошласак... сизни ҳам олиб кетамиз, - дерди у хўрсиниб-ўксиб.
- Қачон кетасиз ўзи у ёққа? – сўрардим мен, Тошкентга тезроқ бориш истагидан эмас, азбаройи бу мавзудан безор бўлганимдан...
***
Бир сафар тоғам ичкари хонада китоб ўқиб ўтирган эди. Янгам даҳлизда машинада нимадир тикар, мен ёнида эдим. Ҳазиллашгиси келдими, янгам тикаётган гулли матосининг қолдиқларидан мен учун дастор – қалпоқ тикиб қолди. Албатта, мен кўринишиданоқ ҳатто болаларда ҳам кулги уйғотадиган бу “папах”ни кийишдан бош тортдим. Янгам эса қўлидаги бош кийим билан мени даҳлиз бўйлаб қува бошлади... Бир маҳал рўпарамиздаги эшикнинг кутилмаганда қарсиллаб очилишидан ҳар иккимиз чўчиб тушдик. Ҳушимизни йиғиб олганимизда, остонада тоғам кўзларидан қаҳр ва ғазаб учқунларини сочганча янгамга тикилиб турарди.
- Б-бачкана! –деди у янгамдан шиддатли нигоҳларини узмай. Кейин эса ташқарига элтадиган эшикни очди:
- Йўқол! – деди менга қараб.
Мен отилиб ҳовлига чиқдиму бақириб йиғлаб юбордим. Уйимизгача шундай йиғлаб, югуриб бордим.
- Ҳа болам, нимага йиғлаяпсан? – ҳовлимизга етганимда пешвоз чиқди онам. – Ким урди?
- Тоғам урди! Назир тоғам урди! – онамнинг бағрига ўзимни ташлаб, ўпкамни босолмасдан йиғлардим мен.
- Йўғ-а-ай... Назир?.. Ҳазиллашгандир-да... – лолу-ҳайрон онам шошиб кўзим ёшларини артди. - Ахир у нимага уради сени? Кучи муштдай гўдакка етадими?!..
Айни пайтда мен тоғамдан ўч олишни жуда-жуда истардим. Ўзим учунгина эмас, янгам учун ҳам ўч олишни хоҳлардим.
Онам гўёки бирор шикаст етган бўлиши мумкиндай бошимни сийпалаб кўрди:
- Ростингни гапир, нимага уради?! – айтди сўнгра. - Бирор нарсасига тегинганмидинг?!
Онамнинг кўзларида жонсараклик билан бирга ўз укасини ҳам аяб ўтирмайдиган қатъият бор эди. Бурнимни шўрқиллатиб торта-торта, охири ҳамма воқеани рўйи-рост гапириб бердим. Онам гапларимни эшитиб ўйга чўмиб қолди.
Эртаси куни янгамни кутиш учун кўчага чиқмадим. Бироқ, ишини тамомлагач, ўзи эшик қоқиб келди. Дарвозадан кириши билан менга кўзи тушиб, кўтариб олди:
- Алижон, нимага бугун мени кутмадингиз?..
Мен янгамнинг саволига жавоб топиб улгурмай, онамнинг қораси кўринди. Янгам мени қўлидан қўймасдан онамга қараб юрди. Салом бериб, сўрашди. Янгамнинг овозида ва ўзини тутишида беҳаловатлик бор эди. Афтидан, кечаги гапни айтган бўлишимдан чўчирди.
- Шукур, келин, шукур, - онам ҳеч нарса бўлмагандай тутарди ўзини. – Сўлоқмондай болани кўтариб олганингизни қаранг, қўйинг буни... Айтганча, Назир тузукми?
- Яхшилар... – бирдан бўшашиб қолди янгам. – Бугун эрта билан жўнаб кетдилар...
Онамнинг саросимага тушгани сезилди.
- Нима?.. Дарров-а?... – деди ажабланган ва хокисор бир товушда. – Бу сафар ўн-ўн беш кун қолмоқчи эди-ку?..
Янгамнинг айбсиган нигоҳлари тағин ер чизди...
***
Бора-бора тоғам қишлоққа деярли келмай қўйди. Дилафзо янгам ҳар қанча яширишга уринмасин, энди иккисининг ўртасидаги можаро ҳаммага ойдинлашиб қолганди. Қишлоқдаги гаплардан, юзларига кун беркинган, қошларига қалдирғочлар қўниб кетган малаксифат янгам кундан-кунга гулдай сўлиб, тўкилиб борарди. Орада уйидагилар қайтариб олиб кетамиз, деб бир-икки жанжал кўтариб келишса-да, янгам кетишдан бош тортди.
Шундай кунларнинг бирида момом (онамнинг онаси) уйимизга келиб арзи ҳол қилди.
- Жоним ҳиқилдоғимга келди гўрсўхта укангнинг дастидан! – дея қарғанди онамга. - Шаҳарга йўқолиб кетгани камдай, энди ажрашаман, деб хат жўнатибди! Сен опа бўлиб насиҳат қилмайсан бундай...
- Менинг гапимни олармиди у олифта, эна?! - онам бошини чангаллаб қолди. - Ўшанда сизга бирга ўқиган суйганим бор, деди, минг зуғум билан ўзингиз битказдингиз-ку!
- Битмай битанлар суқсинакан! – йиғлаб юборди момом. – Бунақа бўлишини билганимда шу ишни қилармидим?! Ахир, қозоқ қизга уйланаман, деди... Қозоқ қизнинг қандайлигини сен билмасанг, мен билмасам! Худо бехабар кофир чиқса нима қилардик?!..
- Эй-й, бировнинг боласини бебахт қилгунча ким билан яшасаям тинч бўлсин эди, - онам ҳам йиғлади. - Гапирмайсан, дейсиз... Келиннинг кўз олдимизда ойдай адо бўлаётганини кўриб мен куймайманми, эна? Ким билади, Худойимам тезроқ тирноқ бериб қолса яхши бўб кетишармиди...
- Буларингни уйини сақлайман деган умидларим умганидан узилди... Назир бизга индамагани билан келиннинг ўзини илгариттан кетасан, деб қистагани-қистаганакан. Ҳайла, синглисига айтиб йиғлапти, тушганимдан бери шу кун: поччанг ҳар келганида нимага ҳалиям кетмадинг, деб уришади, депти. Эрталаб отасиям кеб гапириб-гапириб кетди. Қуда, бўлди, оёқ остида қоган қизимиз йўқ! Бўлса бўлишини, бўлмаса бўлмасини кўринг, деди. Ана, қиз сизларники, ихтиёр сизларда, девдим, Дилафзо яна изиллаб оёғимга тармашди... Кетмайман, деб йиғлади жувонмарг...
Гап шу ерга келганда онамнинг кўз ёшлари ариб, момомга тикилиб қолди:
- Эна, ё биров-ярим ирим-сирим қилдимикан?
- Билмасам... – журъатсиз чиқди момомнинг намиққан товуши. - Неча бориб Сулаймонхонга “иссиқ” ҳам қилдириб келдим. Эшон бува “Улингиз келган кунлари ичадиган сув идишларингизга солиб қўйинг”, деб буюрди. Қилдим. Ўз кўзим билан боқиб келинга шу сувдан чой дамлаттириб ичирдим ҳам Назирга. Аммо таъсири бўлмади...
Момомларникида қолган кунларимнинг бирида тунда суҳбатлашиб ётган эдик, янгам яна ўша эски гапини айтиб қолди:
- Биласизми... Ҳали тоғангиз мени олиб кетса...
Мен бу сафар янгамнинг сўзини бўлиб савол беришга журъат этмадим. Чунки унинг ўксиб-ўртаниб термулган қароқларидан кўз ёшларининг сим-сим оқиб ёстиққа думалаётганини кўриб турардим.
- Кейин... Кейин эса... – эзғин, титроқ овозда сочларимни сийпалаб гапида давом этарди янгам, - кейин сизга укача олиб келиб бераман... Кичик бўлади... Жажжигина... Тоғангиз исм қўяди... Ўйнатамиз...
Эртасига уйга қайтганимдан сўнг онам одатдагича янгам билан нималар ҳақида гаплашганимизни сўради. Гўдак эмасманми, янгам айтган ҳамма гапни оқизмай-томизмай гапириб бердим.
- А, нима деди?! – онамнинг кўзлари ғалати порлаб кетди. – Шундай дедими, Дилафзо?!.. Чайналмасдан гапир?!.. Бошқаттан айт?!.. Укача олиб келаман, дедими?..
Шундан кейин онам алланарсадан қувонганча ҳовлида пича фурсат куймаланиб юрди. Сал ўтиб эса у кишини тополмай қолдик.
Тушга яқин онам ранги оқаринқираб эшикдан кириб келди.
- Нима бўлди?! Қаерга кетгандинг?! – деди, бир неча бор онамнинг қаёққа кетганини сўраб аччиқланиб турган отам.
- Онамникига... Дилафзо билан гаплашгани... – онам кўзларини бир нуқтага тикканча жавоб берди. – Шўрим... Шўримиз қурсин...
Эртасига онам, момом ва бобом бориб Дилафзо янгамнинг ота-онаси билан учрашиб келганини билдим. Яна бир нарсани билганимда эса илк бор болалик дунёйим қоронғилашиб, ҳақиқий изтироб билан юзлашдим. Яъни... Дилафзо янгамнинг энди бобомларникида яшамаслигини билганимда... Вақт ўтиб, ҳеч қандай “укача” бўлмаганини билдим.
Ҳозир тоғамнинг икки ўғилдан кейин кўришган биттагина қизининг исми Дилафзо. Қозоқ янгам момом қўрққанидан кўра иймонлироқ чиққан бўлса керак, тоғамга бундай исм қўйиши учун йўл қўйиб берган.
Олисга тушиб кетгани боис, жами эзгу хислатлари билан хотирамда ўчмас из қолдирган Дилафзо янгамнинг аниқ нечта фарзанди борлигини билмайман. Билганим, ўғилларидан бири менга исмдош эмиш.
Байрам Али