Меню

Қашқадарё

16.08.2018 1730

САБР ҚИЛУВЧИЛАРГА ХУШХАБАР БЕРИНГ...

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 6 ойида 2066 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати содир бўлган ва бунга уринганларнинг ярми вафот этган. Охирги икки ҳафтада эса 79 та шундай ҳолат рўй берди. Андижон вилояти Жалақудуқ туманида бир она ўзини икки фарзанди билан каналга ташлаб юборган. Ўзи омон қолган, бироқ болалари нобуд бўлган. Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида эса бир аёл ўз уйини ёқиб юборган. Оқибатда болалари ҳалок бўлган. Афсуски, киши вужудига титроқ соладиган бундай воқеаларни кўплаб келтириш мумкин.

Биламизки, Аллоҳ таоло одамзодни барча махлуқотлари устидан мукаррам ва афзал қилиб яратган. Ва Ўзи ато этган нозу неъматларга шукрона келтириб юришга, асло ношукур бўлмасликка буюриб, “Яна роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта (уларни янада зиёда қилурман), бордию ношукурлик қилсангиз, албатта азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (“Иброҳим” сураси, 7-оят), деб огоҳлантирган.

Бироқ, ҳаёт, тирикликнинг қадрига етмай ўз жонига қасд қилаётганлар ҳақида эшитиб, инсон ларзага келади. Аслида ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг берган тинч кунига, соғлигига, ризқи келиб турганига шукур қилиши керак эмасми?!

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтгучилармиз” дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат (мағфират) ва раҳмат бордир. Ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (“Бақара” сураси, 155, 156, 157-оятлар).

Ўз жонига қасд қилувчиларнинг аксарияти ёшлар, аёллар ва қизлар экани ниҳоятда таассуфлидир.  Бундай ҳолатлар ўрганиб чиқилганда эса уларнинг кўпчилиги ўз жонига қасд қилиш катта гуноҳ эканлигидан бехабар ва Аллоҳ таоло бандасини ҳаётда турли синовлар билан синаб кўришидан ғофил эканликлари ойдинлашади. Уларнинг ўз жонига қасд қилиши оилавий можаролар ёки айрим қийинчиликларга бардош беролмаслик, вақтинчалик етишмовчиликларга тоқат қилмаслик, бор ризқига ношукурлик натижасидир. Баъзи ҳолларда қаттиқ тазйиқ, ҳақорат ва дўқ-пўписа, қўрқитишга дош беролмасдан жонидан кечаётганлар ҳам учраб турибди.

Нима бўлганда ҳам ислом динида ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланади. Қуръони каримда инсон ўз ҳаётига тажовуз қилишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз” (“Бақара” сураси, 195-оят), деб огоҳлантиради.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам бир неча ҳадиси шарифларида ўзини ўзи ўлдириш катта гуноҳ, ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган киши охиратда қаттиқ азобланишини айтганлар. Жумладан, ҳадисларда “Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши ўша темир парчаси қорнига суқилган ҳолда қиёматда жаҳаннам ўтида абадий қолур. Кимки ўзини заҳар билан ўлдирса, у киши ўша заҳар билан қиёмат кунида дўзах азобида доимий азобланур”, дейилади.

Яна бир ҳадисда: “Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб, ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинган ҳукмлар билан баробардир”, деб марҳамат қилинади.

Мана бу ҳадисда Расулуллоҳ дейдилар: “Аллоҳ таоло марҳамат қилурки: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Ислом шариати ўзини ўзи ўлдирганлар ҳақида махсус ҳукмлар чиқарган. Шарҳ мухтасарда: “Ўз жонига қасд қилган одамлар шу билан ўлиб кетсалар, уларга жаноза намозини ўқиш жоиз эмас” деб зикр қилинади. “Фиқҳ ас-суннаҳ” номли китобда эса шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бу   мудҳиш амалдан зажр қилмоқ, яъни умматларини қатъиян қайтармоқ учун ўзини ўзи ўлдирган кишиларга жаноза ўқимадилар”.

 Шундай экан, бундай мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш бугунги кунда барчамиз учун долзарб бўлиб турибди. Президентимиз таъкидлагани каби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ҳар бир ҳодисага “фавқулодда ҳолат” сифатида қараши, таълим муассасаларида ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймасликка қаратилган психологик дастурлар ишлаб чиқиши лозим. Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз жонига қасд қилишга нисбатан муқаддас динимизнинг муносабатини таъсирчан усулларда кенг оммага тушунтириши зарур. Шояд шунда инсонлар жамият қоралаётган, дин қайтарган ишлардан узоқлашса.

Исмоил РАЙҲОНОВ,

исломшунос, Қарши шаҳридаги Хўжаи Жарроҳ зиёратгоҳи раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!