Меню
Қашқадарё
САҲРОНИНГ СЕҲРЛИ САНДИҒИ
Сездим. Сарлавҳани ўқиб, чеҳрангизга истеҳзоли кулги аломатлари из солгани аниқ. Тўғри-да, ўзи кимсасиз саҳро бўлса, унда сирли сандиқ нима қилсин? Олис болалик йилларимда катталарнинг:
- Бир қараган кишига саҳро бўм-бўшдек туюлади, аммо унинг ҳаётига чуқур кириб бораверсанг турфа сир-асрорлари юз кўрсатади, - қабилидаги гап-сўзларини илк бор эшитганимда мен ҳам шундай фикр юритгандим.
Помуқда умрида бир кун бўлса-да сурув изидан тушиб, яйлов кезмаган кишини учратиш даргумон. Мен ҳам бу ҳаётий неъматдан бебаҳра қолган эмасман, бошда тенгдош ўртоқларим билан қишлоқдаги моллардан сурув тузиб, яқин-атрофдаги қумтепаларни кезган бўлсам, бир корга яраб қолганимда эса баҳор ва ёзги таътил кунларини қоракўлчилик хўжалигида чўпонлик қиладиган тоғамнинг отари ёнида ўтказганман. Шу боис саҳро ва унинг ғаройиб ҳаёти ҳақидаги фикрларим кун сайин ўзгариб бораверди. Биргина қоронғи тунларда бағрикенг саҳронинг у ер-бу ерида маккор тулкининг думи каби ўйноқлаб ёнадиган чўпон гулханларининг ўзида минг битта сеҳр, сир мужассам. Уни умрида ҳечқурса бир бор шундай гулхан атрофида жойлашиб, чўпони қилиб дамланган чойдан ҳўплаган киши ҳис қилади. Қишлоғимизда “Товшанга – туғдик тепа” (қуёнга – туғилган тепаси), деган оёғи юврук мақол бор. Тағин бунинг устига “ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига”, деб қўшиб қўйишади. Бу гапда жон бор, киндик қони томган тупроқнинг қадрига етмаган киши ўзининг ҳам қадрига етмайди.
- Бу саҳроингнинг чек-чегараси борми, эрталабдан бери баланд-паст қумтепалардан ўтганимиз-ўтган, бир хиллик сира ўзгармайдими? - дейди саҳро ғаройиботлари ҳақидаги ҳикояларимга қизиқиб, уларни ўз кўзи билан кўришга отланган навбатдаги меҳмоним зерикканидан ҳомуза тортиб.
Ҳар гал шундай бўлади. Кимни Помуқ кенгликлари бўйлаб сайрга бошламай, дастлаб янтоқ, ёвшан ва яна кўплаб буталардан бошқа нарса кўзга ташланмайдиган қир-адирларни кўриб ҳафсаласи пир бўлади. Аммо бу илк таассурот, яйлов ўзини бор бўйи билан намоён эта бошлагач, ҳафсаласизлик ўрнини қизиқиш эгаллайди.
ЯЙЛОВДАГИ ТЎРТ ҚАБР
Помуқликларнинг икки гўзал ҳикояси бор. Улардан бири яғрини ер искамаган қишлоқ полвонларининг курашли тўй давраларига зафарли юришлари тўғрисида бўлса, иккинчиси ўз даврида жаҳон бозорида олтин билан баҳоланган “Помуқ” навли қоракўл терининг яратилиш тарихи ҳақида.
Саҳро йўллари узра Зеварда яйлови бағрига чуқур кириб бораверсангиз, йўл бўйидаги тўртта қабрга кўзингиз тушади. Бу қабрлардан умри сурув изидан юриб, қоракўлчилик равнақига муносиб ҳисса қўшган Оғаниёз бобо Жумақулов, Чори бобо Бегматов ҳамда туман марказидан келган бир нафар мутахассис ва машина ҳайдовчисининг хоки-пойи жой олган.
- Ўтган аср ўттизинчи йилларида Оғаниёз бобо Жумақулов, Чори бобо Бегматов, Холхон Нуров каби чўпон-чўлиқлар помуқлик бойдан давлат тасарруфига мусодара этилган сурувдан чиққан, кейинчалик “чурри қўчқор” лақаби билан донг таратган қўчқор наслини кўпайтириш устида тинимсиз иш юритиб, қоракўл терининг ҳозирда машҳур “Помуқ” навини яратишган, - дея ҳикоя қилади чорва илмининг билимдони, Меҳнат Қаҳрамони Нурмамат бобо Рустамов. - Эҳ-ҳ, у одамларнинг касбга садоқатини ёзса, бир китоб бўлади. Улар ёши бир ерга етиб, бемалол қарилик гаштини сурадиган даврларда ҳам оёқ чўзиб ётиш ўрнига чорванинг келажаги ҳақида жон куйдиришганига ўзим гувоҳ. 1954 йил қишнинг аёзли кунларидан бирида икки отахон эски “Виллис”да, давлат наслчилик идораси катта зоотехниги Раҳим Дўстбобоев, шу идора ёш мутахассиси Василий Благатний билан халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида иштирок этиш учун наслли қўчқор танлаб юришганида шу ерда носоз машина ёниб, фожиали ҳалок бўлишганди. Биргина Раҳим Дўстбобоев мўъжиза туфайли омон қолган, биз бу фожиа тафсилотини у кишидан эшитганмиз...
Шуни таъкидлаш керакки, махсус наслчилик отарида парваришланган қўчқорларнинг тирик вазни 60-70 килодан ошган. Ўз вақтида улар халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида 6 маротаба олтин медалга лойиқ топилган.
Агар қоракўл тери типларига қисқача тўхталиб ўтмасак, ҳикоямиз кемтик бўлиб қолади. Бу ноёб хомашё тўрт турга бўлинади: ярим доира қалами гулли, қовурғасимон қалами гулли, ясси қалами гулли, ўсик гулли. “Помуқ” типи қоракўл терининг қимматбаҳо хомашё саналган ярим доира қалами гулли турига мансуб.
ЧОРВАЧИЛИКДА НАСЛЧИЛИК – БОШ МЕЗОН
бўлиши керак
Помуқлик чўпон-чўлиқларнинг атроф-жавонибдаги Жейнов, Қовчин, Қамаши, Қорақум, Муборак қишлоғи чорвадорлари билан ҳамкорлик қилишгани ҳақида кексаларнинг кўплаб ҳикоялари қулоғимга чалинган. Айни пайтда Миришкор туманидаги Ғафур Ғулом номидаги наслчилик хўжалиги билан “Ўзбекистон” қоракўлчилик хўжалиги ерини қўшиб ҳисобласа, яйлов сатҳи 300 минг гектардан ошиқроқни ташкил этади. Бир қисм яйловлар ўрнида эса саҳро сеҳрли сандиғидан отилиб чиқиб, бугунги кун мамлакатимиз нефть-газ мустақиллигини таъминлашга муносиб улуш қўшаётган Помуқ, Аланг, Зеварда, Крук, Ховзак, Умид, Ўртабулоқ, Кўкдумалоқ сингари ўнлаб конлар ишлаб турибди.
Яйловлар об-ҳавонинг ҳар қандай шароитда бўлишига қарамасдан чорвачиликни равнақ топтиришга мос. Масалан, Каппали, Қассобтақир, Сурхи, Хидирқудуқ, Қосимбек, Жарётоқ ва бошқа текисликда жойлашган яйловларда ўт-ўлан мўл бўлиши учун октябрь, ноябрь ойлари серёғин келиши кифоя. Қумликдаги (бундай ерларни чорвадорлар “сердарахт” деб ҳам аташади) Узунқудуқ, Олақаймоқ, Қизилгул, Мирза, Чандирқудуқ, Қорақум, Зеварда, Ҳожикўса сингари ўнлаб яйловлар қиш ва илк баҳор ойлари қор-ёмғир кўп кузатилса, чорва аҳлининг кўнглидагидек яшил либосга бурканади.
Шулар ҳақида ўйларкансан, бир савол кишини тинмай безовта қилаверади: нега бир вақтлар 120 минг бошдан ортиқ қўй-қўзиси бўлган хўжаликнинг шуҳрати кун сайин сезилмай бораяпти? Устига мингашсанг бир манзилга олиб боришга қодир жуссали қўчқорлар насли қирилиб битдими?
Жуда қирилиб битгани йўғу сони кам. Ўтган йили 2500 бош дуркун қўзи ўстиришга қолдирилган бўлса, айни пайтда 51 сурувдаги қўй-қўзилар сони қарийб 20 минг бошни ташкил этади.
Энди бир нарсага эътибор қаратинг. Хўжалик ўтган йили 2500 та қоракўл терининг донасини атиги 18 минг сўмдан қайта ишлаш корхоналарига сотган. Бу - хомашё сув текинга кетди, дегани. Илгари Россияга, шунингдек, Тошкент вилоятига етказиб берилган жунга эса бугун деярли харидор топилмаяпти. Биргина хўжалик омборида 100 тоннага яқин қўй жуни чанг босиб ётибди. Агар бу рақамларга қишлоқдаги 6 мингга яқин хонадонда, чорвага ихтисослашган фермер хўжаликларида ҳам мавжуд юнгни қўшсак, кўрсаткич янада ортади.
Шу ўринда ҳақли мулоҳаза туғилади. Наҳотки, инвестиция жалб этиб ҳудуднинг ўзида тери ва жун маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари очиб бўлмаса? Ахир “иш билганга минг танга” нақли амал қиладиган кунларга етдик. Балки бунда касаначилик қўл келар? Ўтмишда хотин-қизлар уй шароитида қўлбола дастгоҳлар қуриб тўқиган араби гиламларга Қарши, Бухоро шаҳарларидаги бозорларда талаб юқори бўлган, шунинг ҳисобидан рўзғор юриб тургани ҳақидаги ҳикояларни кўп эшитганмиз. Бундан хўжалик ҳам, касаначилик фаолиятига жалб қилинганлар ҳам ютиши шубҳасиз, бирига - қўшимча даромад, иккинчисига - тайёр иш ўрни.
Хўжаликда туячиликни ривожлантириш учун ҳам имкониятлар етарли. Бу жонивор ортиқча парваришни талаб қилмайди. Янтоқ мўл битган яйлов кифоя. Ширали янтоқ гулига тўйган туя 400 килограммгача гўшт қилади. Унинг ўркач ёғи халқ табобатида бодвосил касаллигини даволашда кенг қўлланилади. Туя сути эса сил касаллигига чалинганлар учун малҳам ҳисобланади. Жунидан тўқилган кийимлар бел оғриғига шифо. Ҳозир хўжалик ҳисобида 38 бош туя мавжуд, холос.
ТАБОБАТГА СУЯНЧ НАБОТОТ
Помуқ яйловларида турли ўсимлик ва чўл гиёҳларининг юз турдан зиёди ўсади. Айниқса, об-ҳаво серёғин келган йилларда уларнинг янгидан-янги турлари униб чиқади. Чўлда туғилиб, вояга етган киши борки, болалик йилларида чучмома, қоратўмолоқ, чўл пиёзи, жакшак, туятовон сингари ўсимликларнинг илдизмеваларини териб истеъмол қилган.
...Қайсидир йили илк баҳор кунларидан бирида Нурмамат бобо билан Шоди чўпоннинг сизот сувларидан таркиб топган Сичанкўл соҳилида жойлашган отарига йўл олдик. Машина кенг асфальт йўлдан чўл бағрига сингиб боргани сайин кўз олдингда намоён бўлган манзара баҳри дилни очади, паст-баланд қум барханлари инсон қўли билан экиб, парваришлангандек қип-қизил қизғалдоқларга бурканган. Қайсидир йили марказдан келган рассом дўстимни шундай манзарага бошлаб борганимда ҳайратдан лол қолиб:
- Биз ҳам мольберт (рассом дастгоҳи)ни кўтариб тоғма-тоғ юрган эканмиз, табиатнинг ҳақиқий мўъжизаси чўлда экан-ку, - деганди.
Биз юқорида “сердарахт” деб атаган яйловлардаги ўт-ўланлар номини мутахассислар ҳам тўлиқ айтиб беришолмаса керак. Сердарахт аташимизнинг боиси, бу яйловларда саксовул, қараган, сингран, қизил қандим, чакиш, қозонтешар ва бошқа ўнлаб дарахтсимон буталар ўсади. Бу ўсимликлар аввало, қум кўчишининг олдини олади, кейин уларнинг соясида чорва учун тўйимли озуқа бўладиган ўтлар мўл битади.
Саҳро набототи кенг ўрганишга муҳтож, эҳтимол унда табобатда қўл келадиган тағин анча ўсимликлар яшириниб ётгандир.
СИЧАНКЎЛ ХАЗИНАСИ
Помуқдан жануби-шарқ томонга эллик чақиримча масофа босиб ўтилса, денгиз сатҳидан 350 метр баландликда ўрин тутган Исоқ ота зиёратгоҳи кўзга ташланади. Мазкур қадамжога ҳар йили вилоятимиздаги Миришкор, Муборак туманлари, Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл туманларидан минглаб зиёратчилар келишади. Узумнинг доройи нави ҳол ташлаган ёз ойларида эса зиёратгоҳ билан бир вақтда унинг яқинидаги қумлоқ ва булоқ, Ушоқ туз конлари ҳам шифо излаб келган кишилар билан гавжумлашади. Ёзнинг иссиғи авжига чиққан паллада тунги пайт қумда, тонгда эса туз конида қазилган махсус ўрачага томоғигача кўмилиб ётган киши бел оғриғи ва бошқа касалликларга шифо топади. Қарийб 8 минг гектар майдонни эгаллаган Сичанкўл сув ҳавзаси ҳам баҳор, ёз ойлари ҳордиқ чиқариш мақсадида келган сайёҳ ва балиқ ови ишқибозлари учун суюкли маскан.
Кўл сизот сувларидан ҳосил бўлган. Унга илгари маҳаллий аҳоли томонидан “Сичангуйи” (“Сичқон қудуқ”) яйлови номига ҳамоҳанг қилиб ном берилган. Сув ҳавзаси майдони фермер хўжаликлари тасарруфида. Балиқлари жуда харидоргир. Аммо балиқларни урчитиш, озиқлантириш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаётгани боис Сичанкўл хазинаси йилдан-йил камайиб бориш хавфи остида.
Бундан йигирма йилча муқаддам собиқ Баҳористон тумани ҳокимлиги томонидан мазкур ҳудудда сайёҳлар учун дам олиш масканлари қуриш режаси ишлаб чиқилган эди. Бироқ бу иш амалга ошмай қолди. Мижозларни шифобахш қум ва туз билан даволашга мўлжалланган сиҳатгоҳ, Сичанкўл экотуризм маркази бунёд этиш масалалари ҳамон ўз жонкуярини кутиб турибди. Тўғри, айрим фермер хўжаликлари томонидан хайрли ишлар қилинаяпти. Тадбиркорлар ташаббуси билан кўлнинг жануби-ғарбий соҳилида саккизоёқни эслатувчи бетон тўшама устида икки қаватли уй, кўл ичига кириб борган кўприк барпо этилган.
- Ҳув-в анови ерда, - дейди фермер хўжалиги раҳбари пойдевор тутилган жойни кўрсатиб, - дам олишга келувчилар учун барча шароитлари бўлган кемпинглар (дам олиш уйлари) қурмоқчимиз...
Унинг мулоҳазаларига қулоқ тутар эканман, икки табиий туз конидаги туз захирасини йодлаб қайта ишлаш, балиқ маҳсулотларини консервалаш корхоналари қуриб бўлмасмикин, деган фикр хаёлимдан ўтди. Дарҳақиқат, Сичанкўл хазинаси ишнинг кўзини биладиган тадбиркор кишилар қўлига ўтса, аҳолига сифатли туз ва балиқ маҳсулотлари етказиб бериш имконияти туғилиши, янги иш ўринлари яратилиши тайин.
Бир сўз билан айтганда, саҳро ўз сеҳрли сандиғини янада кенгроқ очишга шай, фақат бунинг учун замон талабини ҳис қилган кўплаб жонкуярлар керак.
Абдунаби АБДИЕВ, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси