Меню

Қашқадарё

01.02.2018 1878

САҲРОДАН ТОҒ МУЗЛИКЛАРИГА ҚАДАР

Агар ушбу рақамларни 2016 йил билан қиёсласак, хориждан келувчи сайёҳлар сони 24,3 фоизга, туризм хизматлари  экспорти эса 24 фоизга ошганини кўриш мумкин. Сир эмаски, сайёҳларнинг юртимизга бўлган қизиқиши ортиши сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, туристлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, таклиф этилаётган хизматларнинг сифат ва самарадорлиги ошаётгани билан боғлиқ. Демакки, мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланилса, туризмни мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий таянчларидан бирига айлантириш мумкин. Муҳими, юртимизда бунинг учун барча ресурс бор.

Биргина вилоятимизни олайлик. Сўнгги йилларда вилоятга келаётган сайёҳларнинг кўпчилик қисмини Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларидаги ҳамда туманлардаги тарихий объектлар қизиқтирмоқда. Бу ушбу обидаларда олиб борилган таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари, уларнинг тарғибот-ташвиқот қилинаётгани ва мавжуд шарт-шароитлар самарасидир. Шу билан биргаликда, вилоятнинг туристик салоҳияти яна кўплаб йўналишлар бўйича туризмни ривожлантириш, қизиқарли лойиҳалар билан сайёҳларни чорлаш имконини беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 28-30 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида 2018-2019 йилларда Қашқадарёда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режаси билан ҳам танишди. Режага кўра, икки йил давомида 167 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, замонавий меҳмонхоналар ташкил этиш, транспорт хизматлари кўрсатиш, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудлар ташкил этиш, тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш кўзда тутилган. Айниқса, дастурда экотуризмни ривожлантиришга катта эътибор берилган.

- Вилоятимизнинг экотуристик салоҳияти айниқса, жозибадор ва ранг-барангдир, - дейди туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё минтақавий бўлими бошлиғи Отабек Олимжонов. – Шуни инобатга олган ҳолда, вилоятда экотуризмни ривожлантириш борасидаги барча ишларни жамлаган “Саҳродан тоғ музликларига қадар” деб номланган янги лойиҳани амалга оширмоқдамиз. Бу лойиҳа доирасида сайёҳларга экотуризмнинг исталган туридаги хизматларни тақдим эта оламиз. Мисол учун, ҳозирги вақтда Муборак туманидаги чўлларда квадроциклда, от ва туяларда саёҳат қилиш, Миришкор туманидаги Сечанкўл атрофида дам олиш, балиқ овлаш, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб тумани тоғликлари бўйлаб саёҳат каби жуда кўп йўналишларни ишга туширмоқдамиз. Бу йўналишлар шунчаки табиат томошаси бўлиб қолмайди. Уларнинг ҳар бирида сайёҳлар учун қизиқарли бўлган кўплаб кичик лойиҳалар ўрин олади. Ушбу ҳудудларда сайёҳларга замонавий хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар ишга солинади. Мисол учун, Яккабоғ туманидаги Амир Темур ғорига очиладиган туристик йўналишни олайлик. Бу ерга ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ғорга бевосита саёҳат қилиш билан бирга, унинг тарихий ўтмиши, буюк бобокалонимиз Амир Темур билан боғлиқ воқеалар ҳақидаги қизиқарли маълумотларга ҳам эга бўлади.

Шунингдек, Отабек Олимжоновнинг маълумот беришича, Шаҳрисабз туманидаги Ғилон қишлоғини экотуризм марказига айлантириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган бу тоғли қишлоқ ўзининг сўлим табиати, деҳқончилик сир-асрорлари ва ўзига хос миллий анъаналари, қадриятлари билан аллақачон республикамизда машҳур. У хорижий сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортиши тайин. Агар қишлоқда бунинг учун етарли шарт-шароитлар яратилса, бу манзилга саёҳатга келиш нафақат хорижликлар, балки юртдошларимиз учун ҳам қизиқарли бўлар эди. Шу боис айни вақтда ушбу қишлоқдан бир нечта уйларни саралаб олиб, у ерда сайёҳлар турар жойлари ташкил қилиш, хонадонлар эгалари учун махсус ўқув-семинарлари ташкил этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, қишлоққа борадиган йўл ҳам таъмирланиб, у ерда керакли овқатланиш ва санитария зоналари ташкил қилинади. Вилоятнинг бошқа сўлим тоғ ва тоғолди қишлоқларида ҳам треккинг (тоғ сўқмоқлари бўйлаб пиёда саёҳат), рафтинг (сув қайиғида сузиш), экотуризм ва этнотуризм каби йўналишларни ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Таъкидлаш жоиз, саёҳат учун қизиқарли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга татбиқ этиш билан бир қаторда, ҳудуднинг бутун бошли туризм инфратузилмасини шакллантириш, уни сайёҳлар учун ҳар томонлама қулай шаклга келтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз мавжуд лойиҳалар билан танишиб, бугун дунёда кўплаб давлатлар бу соҳани ўзлаштириб, катта даромад олаётганини таъкидлар экан, юртимиздаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича топшириқлар берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 июлдаги қарорига асосан “Қарши-Китоб” темир йўли линияси электрлаштирилиши ҳам Шаҳрисабз ва Китоб туманларига туристлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу линия ишга туширилгач, тезюрар “Афросиёб” поезди йўловчиларга 50 дақиқада Қаршидан Китобга етиб бориш имконини беради.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!