Меню

Қашқадарё

16.06.2016 1981

САҲРОДАН ҚОЧИБ БАРҚАРОР ЯШИЛЛИККА

Мазкур Конвенция жаҳон мамлакатларини саҳролашув ва қурғоқчиликка қарши курашишда биргаликда ҳаракат қилиш, шунингдек, қурғоқчилик оқибатларини енгиллаштириш, дунё ҳамжамиятини бу борадаги хабардорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар ўтказилишини таъминлайди. Шуни айтиш керакки, бу борада БМТ томонидан бир қатор хайрли тадбирлар амалга ошириб келинаяпти. Жумладан, 2010 йил январидан 2020 йилга қадар Саҳролашув ва қурғоқчиликка қарши курашиш БМТ Ўнйиллиги деб эълон қилинди. Бундан кўзланган мақсад – саҳролашиш ҳамда қурғоқчиликнинг олдини олиш, ерлар деградациясини имкон қадар тўхтатишга эришиш орқали унумдорликни сақлаб туришдир.

Саҳролашув – глобал аҳамиятга эга бўлган экологик, ижтимоий-иқтисодий муаммо ҳисобланади. Унинг келиб чиқиши натижасида унумдор экин ерлари ўз қобилиятини йўқотиб, гиёҳ унмайдиган, ҳосилсиз майдонларга айланади. Қурғоқчил бундай ерларнинг майдони ортиши қишлоқ хўжалиги ривожига салбий таъсир ўтказади. Бу эса мамлакатлар иқтисодиётига жиддий зарар етказиши турган гап. Дунё ҳамжамияти бу муаммога илк марта 1968-73 йилларда рўй берган воқеалардан сўнг эътибор қаратди. Ўша йиллари Саҳройи Кабирнинг жанубий ҳудудларини ҳалокатли қурғоқчилик ўз домига тортди. Ташналик ва очарчилик туфайли минглаб одамлар ҳалок бўлди. Бу ҳодиса қурғоқчилик, саҳролашув жараёни бутун инсоният учун нақадар улкан хавф эканини кўрсатди.

Дарҳақиқат, саҳролашув атроф-муҳит учун ҳалокатли душман. Унинг замонавий дунёга таъсири ниҳоятда катта. Миллионлаб инсонларнинг ҳаёт тарзини издан чиқариши, ҳар йили қишлоқ хўжалиги ҳамда иқтисодиётга миллионлаб миқдорда зарар етказадиган бу муаммони енгиш учун жаҳон ҳамжамияти биргаликда ҳаракат қилиши зарур. Шу боис, БМТ томонидан ишлаб чиқилган Конвенция мамлакатларни шу мақсад йўлида бирлашишга, ер ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланишга чақиради.

Маълумотларга қараганда, саҳролашув ва қурғоқчилик туфайли ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинлари катта миқдорда бой берилади. Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар йилги дунё бўйича кўрилаётган зарар 42 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Ҳосилдор ерларнинг ишдан чиқиши олинадиган ҳосилга таъсир ўтказиб, жаҳоннинг айрим ҳудудларида озиқ-овқат танқислиги муаммосини келтириб чиқаради. Аниқланишича, Ер аҳолисининг 1/5 қисми ва 100 дан ошиқ мамлакат олдида шу муаммо кўндаланг турибди. Африкада 60 миллионга яқин одам қурғоқчил ерларга айланган  ўз ҳудудларидан бош олиб чиқиб кетган.

Бугина эмас, саҳролашув ва қурғоқчилик ўсимликлар дунёсига ҳам катта зарар етказади. Натижада, экотизимнинг муҳим занжирига айланган кўплаб доривор ўсимликлар, жониворлар учун озуқа манбаи ҳисобланган ўт-ўланлар қирилиб битади, бунинг оқибати эса қушлар, ҳайвонлар дунёси учун ҳам ҳалокатли тугаши мумкин. Аммо, минг афсуски, бу ҳодисанинг сабаби ҳам яна ўша инсон омили таъсири, иқлим ўзгариши муаммоларига бориб тақалади. Шунинг учун табиатга антропоген таъсирни камайтириш, саҳролашув ва қурғоқчиликнинг оғир оқибатларининг олдини олиш мақсадида инсоният тезлик билан керакли чора-тадбирларни амалга ошириши шарт. Яъни сувни тежаш, боғ-роғларни кўпайтириш, экотизимларнинг муҳим бўғини саналган чўл ва саҳроларни борича асраш каби вазифалар ижроси ҳар бир фуқаронинг бурчи даражасига етмоғи шарт.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун шундай деган эди: “Саҳролашув жараёнини тўхтатиб бўлмайди, бироқ унинг оқибатларини юмшатиш мумкин”. Шундан келиб чиққан ҳолда дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари ташаббуси билан ҳар йили турли тадбирлар ўтказилади. Бутунжаҳон саҳролашув ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни ҳар йили маълум бир шиор остида ўтказилади. “Саҳро гўзаллиги – саҳролашув муаммоси”, “Саҳролашув ва иқлим ўзгаришлари – ягона глобал муаммо”, “Ер ва сув ресурсларини асраш  ўз келажагимизни ҳимоя қилишдир”, “Тупроқ унумдорлигини ошириш орқали ҳаёт сифатини яхшилаймиз”, “Келажагимизнинг қуриб қолишига йўл қўйманг” сингари шиорлар тарғибот тадбирлари таъсирини оширади.

Ўзбекистонда ҳам юқорида номи келтирилган Конвенция ратификация қилинган. Саҳролашув ва қурғоқчиликка қарши қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинади. Маълумки, мамлакатимиз ҳудудининг 80 фоизини чўл ва яримчўллар ташкил этади. Улардаги экомуҳитни борича асраш, иқтисодиётнинг ривожланишига халал берадиган ерлар деградациясига қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаяпти. Сув ресурсларини тежаш, табиий сув ҳавзаларини асраш, улардаги биоҳаётга салбий таъсир ўтказмаслик, ерларнинг унумдорлигини таъминлашга эътибор қаратилиши саҳролашув ва қурғоқчиликка қарши курашишда кутилган самарани бераётир. Шу билан бирга, ота-боболар нақлига амал қилган ҳолда, ҳар бир киши дарахт ўтқазишга? ўзи яшаётган ҳудуднинг ободлиги, кўкаламзорлигига катта аҳамият бермоқда. Бу эса яшиллик барқарор бўлиб, қурғоқчилик ва саҳро ҳаётимизга қутқу солмаслигига замин бўлаяпти.

Х.ҚИЛИЧЕВА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!