Меню

Қашқадарё

13.06.2017 2419

САҲОВАТГА ЙЎҒРИЛГАН ЭЗГУЛИК

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикасининг “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга йўналтирилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир. Бинобарин, меҳнат жамоалари, олий ўқув юртлари талабалари қон ва қон маҳсулотларининг қандай хасталикларда қўлланилиши, донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, ўз навбатида донорнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар билан таништирилмоқда.

Қон - ҳаёт демакдир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Одам организмидаги барча аъзолар қон орқали бир-бирига боғланиб туради. Қон ҳар бир ҳужайрага кислород етказиб бериб, тўқималарни озиқ моддалар, микроэлементлар билан таъминлаб туради. Қоннинг тинимсиз ҳаракати туфайли ички секреция безларининг гормонлари тана бўйлаб тарқалади.

- Бугунги кунда бутунжаҳон миқёсида қон ва унинг таркибий қисмларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганлигини ҳисобга олсак, беғараз донорликнинг ўрни ва аҳамияти нечоғли муҳим эканлиги ўз-ўзидан аён бўлади, - дейди вилоят қон хизмати маркази врач-лаборанти, олий тоифали шифокор Раҳматилло Бегалиев. - Барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турганимиздек, ҳозирги пайтда тиббиёт соҳаси тобора ривожланиб бораётгани сайин шифо масканларида кўплаб мураккаб операциялар амалга оширилмоқда. Жарроҳлик амалиётини муваффақиятли бажариш учун эса, табиийки, кўп миқдорда қон керак. Мисол учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, барча давлатларда қонга бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш учун ҳар 1000 кишига 40-60 нафардан донор тўғри келиши лозим. Бизда эса бу кўрсаткич ҳозирча 4-5 нафарни ташкил этади, холос. Айнан шу боис  бугун беғараз донорлар сафини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг изчиллигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Биламизки, қон беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан келган донордангина олинади. Бундай саховатпеша кишилар ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олади. Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Негаки, донор бўлишга аҳд қилган инсон масъулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғи учун жавоб берган бўлса, бугун у бошқаларнинг саломатлиги учун ҳам масъулдир.

- Маълумки, донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар бўлиб, улар марказимизда тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин, - дейди Раҳматилло Бегалиев.  - Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки одам организмида 4,5-5 литр қон бўлиб, ундан 200 ёки 400 миллиметр олинади ва организм 36 соат ичида топширилган қон ўрнини тиклаб олиш хусусиятига эга. Асосийси, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, организмда моддалар алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти беқиёсдир. Эътиборлиси, мамлакатимизда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ушбу йўналишда қатор хайрли юмушлар амалга оширилмоқда. Донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни тарғиб қилишга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётганлиги бунинг ёрқин тасдиғидир.

Мамлакатимизда бу йилги Халқаро донорлар куни “Сиз нима билан ёрдам бера оласиз?” ва унга қўшимча равишда “Қон топширинг. Уни ҳозир топширинг. Уни тез-тез топширинг!” шиори остида ўтказилади. Сана муносабати билан кўп йиллар давомида беғараз қон топширган донорлар эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари топширилиши ҳам режалаштирилган. Шунингдек, жойларда ушбу санага бағишланган илмий-амалий анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар, форум ва мулоқотлар ўтказилади. Булардан кўзланган асосий мақсад саховатпеша юртдошларимизнинг эзгулик йўлидаги хайрли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшларимизни инсонийликка хос гўзал фазилатлар руҳида тарбиялашдир.

Скандинавиялик олимлар 35 йил давомида доимий қон топширувчи бир миллиондан зиёд одамларни кузатиб, уларда бошқаларга нисбатан тасодифий ёки бевақт ўлим кўрсаткичи 30 фоиз кам учрашини аниқлашди. Уларнинг кузатишича, доимий қон топширувчи донорларда иммунитет юқори бўлиб, улар юрак қон-томир, шунингдек, эндокрин ва онкологик касалликлар билан бошқаларга қараганда кам касалланар экан.

Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш – савоб ишнинг олий ифодаси ҳам саналади. Шундай экан савоб ишдан четда қолмайлик.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!