Меню
Қашқадарё
САҲНАДА – ЖАҲОН МУСИҚАСИ ДУРДОНАЛАРИ
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ўтган йилдан эътиборан Ўзбекистон давлат академик катта театрига “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳомийлик қилади, икки жамоа ўртасида “Дўстлар” клуби ташкил этилган. Клуб режасига кўра республикамизнинг барча ҳудудларида гастроль сафарлари ўтказилиши белгиланган ва уларнинг биринчиси вилоятимизда бўлиб ўтди.
- Бунга сабаб шуки, Қашқадарё вилояти мамлакатимиз нефть ва газ саноатида муҳим ўрин тутади, - дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходими Давронбек Эсанбеков. – Ишончимиз комилки, икки кунлик концертда ишчи-ходимлар ва уларнинг яқинлари жаҳон мусиқаси дурдоналаридан баҳраманд бўлишиб, маданий хордиқ чиқаришди.
Концертда жаҳоннинг машҳур композиторлари асарларидан намуналар янгради. Манас Левиевнинг “Оқ лолалар”, Сулаймон Юдаковнинг “Майсаранинг иши”, Жорж Бизега мансуб “Кармен”, Пётр Чайковскийнинг “Иоланта”, Жакомо Пуччини мусиқий оҳанг бағишлаган “Богема”, Шарль Гунонинг “Фауст”, Жузеппе Вердининг “Травиата” операларидан кўрсатилган парчалар томошабинларда катта таассурот қолдирди.
- Репертуаримиздан жаҳон мумтоз мусиқий асарлари, опера ва балет саҳна кўринишлари жой олган, - дейди театр солисти, халқаро танловлар совриндори Жаброил Идрисов. – Энг муҳими, юртдошларимизда ҳақиқий санъатга, жозибали опера ва балет санъатига қизиқиш ортиб бормоқда. Бу жамоамизнинг ҳам ўзига хос ютуғи, десак адашмаймиз.
Дилфуза ЖУМАЕВА
Суратларда: концерт дастуридан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.