Меню

Қашқадарё

11.07.2024 7713

САЪЙ-ҲАРАКАТЛАРИМИЗ ҚАЙСИ ЙЎНАЛИШДА БЎЛИШИ РАВШАН ВА КЎЗЛАНГАН МАРРАЛАР ЮКСАК

Муротжон АЗИМОВ, 

Қашқадарё вилояти ҳокими

Ижро интизоми 

Дунё тажрибасидан маълумки, ҳар бир миллат замонавий илм-фан, узоқни кўзлаган аниқ ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, фаол интилишлар билан тараққиётга эришиши мумкин. Бизнинг мақсадимиз ҳам тараққиёт ва бу йўлда муайян даврни ўз ичига қамраб олган мукаммал стратегияга эгамиз. Унда Янги Ўзбекистонда ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш; барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш; сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш; "хавфсиз ва тинчликсевар давлат" тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш мақсадлари ўз мужассамини топган. 

Демак, саъй-ҳаракатларимиз қайси йўналишда бўлиши равшан ва кўзланган марралар юксак. Уларни тўла рўёбга чиқариш бугун давлат органлари ва ташкилотлари  фаолиятидаги энг устувор вазифадир.

Албатта, тараққиётга эришишда белгилаб олинган стратегия ҳамда унинг доирасидаги ислоҳотларга дахлдор қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини сўзсиз таъминлаш ҳал қилувчи омил саналади. Бинобарин, уларнинг мазмуни ва моҳияти қанчалик муҳим ва аҳамиятли бўлмасин, ижроси ўз вақтида ҳамда самарали тарзда  таъминланмас экан, муҳимлик даражаси сезилмайди, ислоҳотларда оқсаш кузатилади.

Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида ижро интизомига қатъий амал қилиш, масалага шахсий масъулият, мустаҳкам интизом билан ёндашиш ва бунга раҳбарларнинг вазифасига лойиқлиги, профессионал маҳоратини белгиловчи мезон сифатида қараш керак бўлади.

Маълумки, Президентнинг 2021 йил 10 февралдаги "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони кўрсатмасидан келиб чиқиб, 2021 йил 1 майдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат "Ijro.gov.uz" тизими орқали амалга ошириб келинмоқда. Бунда ижро ва назоратни ташкил этиш бўйича масъул орган, ташкилот ҳамда ходим аниқ кўрсатилиши, ҳар бир қонун ҳужжати ва топшириқ бўйича ҳаракатланиш, уларни бажариш муддатлари аниқ ва қатъий белгилангани ишдаги самарадорлик, тезкорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга бу янгилик қоғозбозлик, ортиқча вақт ва сарф-харажатлар барҳам топишига, турли масалалардаги мурожаатларнинг ўз вақтида ва тизимли тарзда ҳал этишга эришишга замин бўлди.

Ҳеч кимга сир эмас, бугун ижрога қаратилган қонунлар, давлат раҳбарининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари салмоғи юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли туб ислоҳотлар, ўзгаришлар шиддатига ҳамоҳанг. Улар ижросига масъул кўрилган давлат  бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари масала моҳиятини чуқур англаган ҳолда Ўзбекистон истиқболи, халқ фаровонлиги учун ҳаммасига улгуриши, ўзи муносиб кўрилган лавозим юкини торта олиши шарт. Аксинча, тараққиёт сари ташланаётган дадил қадамлар унинг бошқалардан ортда қолиб кетаётганини тез фурсатда яққол намоён этиб қўяди. Шундай экан, давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида фаолият юритаётган ҳар бир мутахассис буни қалбан ҳис этиши, онгли тарзда тушуниши лозим, ҳар лаҳзада ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшаши керак.

Ана шулардан келиб чиқиб,  Қашқадарёда ижро интизомини таъминлаш масаласи бўйича қонунчиликда назарда тутилган аниқ тамойиллар, қатъий принципиал талаблар асосида саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимлигида "Ijro.gov.uz" тизими орқали келиб тушган ҳар бир ижро ва назорат топшириғи юзасидан дарҳол зарур чоралар кўришга киришилади. Улар бўйича масъулларнинг ҳаракатланиши ҳокимлик ижро интизоми назорати бўлими томонидан "кунбай" таҳлил қилиниб, ижроси ўз муддатида ҳамда зарур даражада таъминланмаётган қонун ҳужжатлари ва топшириқлар электрон рўйхати тегишли кўрсатмалар билан дахлдор бошқарма, ташкилот, идораларга, туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилади ҳамда натижаси кунлик сўров асосида назорат қилиб борилади.

Бундан ташқари, ижро интизомини таъминлаш масаласи ҳар "ҳокимлик соати" мажлисларида алоҳида кун тартибига қўйилиб, бу борадаги камчиликлар таҳлил этилади, масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, сўроқ-савол бўлади. 

Аслида ҳам ижро интизомини таъминлашга ана шундай жиддий ёндашмасак бўлмайди. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиеёв бизнинг олдимизга: "Кўриб турибсизлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида жуда катта ислоҳотларни амалга ошираяпмиз. Ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолаётгани йўқ. Лекин, ислоҳотлар "қоғозда" қолиб кетмаслиги керак. Вазирлик ва тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар жойларда уларнинг ижросини сўзсиз таъминлаши шарт", дея қатъий вазифа қўйган.

Шу ўринда, ҳали маҳаллий ҳокимият органлари, қуйи тизим раҳбар ходимлари орасида мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгаришларга тўла мослаша олмаган, уларни онгли тарзда англаш, тушуниш қурбига эга бўлмаган кадрлар ҳамон учраётганини ҳам очиқ тан олишимиз керак. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳокимлиги тизимидаги идора, ташкилот ва муассасаларнинг 164 нафар масъулига нисбатан ижро интизомига риоя этмай, тегишли қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйгани учун турли интизомий жазо чоралари қўллангани бу фикримизни дастаклайди.

Бугун инсон қадр-қиммати ва манфаатлари устун қўйилган замонда яшаяпмиз, ислоҳотлар моҳиятида ҳам шунга интилиш яққол кўзга ташланади. Энг муҳими, ҳар жиҳатдан дадил тараққий этаётган мамлакатимиздаги оламшумул ўзгаришлар оддий одамлар ҳаётида акс этиши, улар буни амалда кўриши керак. Шу мақсадда қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини жойларда сўзсиз таъминлаш олдимизда турган ва долзарблиги ҳеч қачон унутилмайдиган муҳим вазифадир. Ана шундай ёндашув асосида Қашқадарёда ижро интизомини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижаси йил бошидан ҳозирга қадар ижрога йўналтирилган 500 дан ортиқ қонун ҳужжатлари талаблари тўлиқ ва сифатли   бажарилишига эришилди.

Мисол учун, Президентимиз 2023 йил 28 ноябрда имзолаган "Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Шаҳрисабз туманининг Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллалари ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида жойлашган "Шаҳрисабз" туристик марказида ривожланган давлатлар тажрибасига таяниб ишлаб чиқилган мастер-режа асосида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, жумладан, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар масканлари барпо этилмоқда.

Худди шу тарзда Қамаши туманининг Катта ўра маҳалласи ҳудудидаги умумий майдони 58,6 гектар бўлган ер участкасида ҳам  "Майданак баланд тоғ" туристик маркази, яъни меҳмонхона, соғломлаштириш санаторийси, умумий овқатланиш объектлари, дор йўллари, тоғ-чанғи комплекси ва бошқа туристик аҳамиятга эга объектлардан иборат мажмуа қурилиши бошланди.

 Булар сўз билан айтишга осон, лекин ҳажм жиҳатдан халқимиз фаровон яшаши учун амалга оширилаётган жуда катта лойиҳалардир. Умуман, бугун биз ижросига масъул бўлган ҳар битта қонун ҳужжати қамровида ана шундай катта ўзгаришларни назарда тутган масалалар жамланган. Улар халқимиз ҳаётида ўз ифодасини топишини таъминлабгина Янги Ўзбекистонни қуриш мақсадимизга эриша оламиз ва бу йўлда хизмат қилишни, энг аввало, шу  юртга чин фарзандлик бурчимиз деб биламиз.    

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!