Меню
Қашқадарё
СЎЗНИНГ РОСТ-ЁЛҒОНИНИ ЛОЗИМ БЎЛСА МАҲАК ТОШИДА СИНАБ КЎРСИНЛАР...
Қайд этиш жоизки, туҳмат келтирадиган балою офат сабабли азалдан унга қарши кескин чоралар кўрилган. “Темур тузуклари”да “Авваламбор айбловчи ва хабар етказувчиларнинг кимлигини текшириб кўрсинлар. Қораловчилар даъволарининг рост-ёлғонлиги ва уларнинг тўғри сўзлигини маҳак тоши (кумуш ва олтиннинг тозалигини аниқлаб берадиган қора тусли тош)га уриб синаб кўрсинлар. Чунки кўп ҳолларда ҳасадчилар ва ғийбатчилар ниятларини амалга ошириш учун ёлғон тўқиб, уни чиндай қилиб кўрсатадилар. Агар ёлғон хабарни туҳмат ёки ғараз билан ёзган бўлса, уни қатл этсинлар”, деб кўрсатиб ўтилган.
Туҳмат деганда, била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш тушунилади. Уйдирмалар исталган шаклда – оғзаки, ёзма равишда, телефон орқали ва ҳоказолар воситасида етказилиши мумкин.
Унутмаслик лозимки, шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, муаллифлик ҳуқуқи унинг шахсий номулкий ҳуқуқлари ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқларни муайян моддий қийматга тенглаштириб ёки алмаштириб бўлмайди.
Шу маънода амалдаги қонунчилик бирор бир жисмоний ёки юридик шахснинг номига, шаънига доғ туширишга, бадном қилишга, қадр-қимматини пастга урадиган маълумотларни тарқатишга йўл қўймайди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган бўлса, 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, инсон шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси каби олий қадриятларга нисбатан қилинган уйдирмалар, беодоблик билан қасддан таҳқирлашлар учун Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексида тегишли моддий, маънавий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида “Шахснинг шаън, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак”, деб қайд этилган. Шунингдек, жисмоний шахс (фуқаро) оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон қилинганда, у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланган. Яъни фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шарҳларда “Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш, деганда китоблар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа асарлардаги ёхуд радио, телевидение, видео тасвирлари ва ҳоказолар орқали қилинган туҳматни тушуниш керак”, деб кўрсатилган. Бундай ҳолатларда суд томонидан туҳматчига нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисмида белгиланган жиноий жазо чораси қўлланилади.
Бундан ташқари, манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилиши, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
Шу жиҳати ҳам борки, шаън, қадр-қиммат ёки ишчанлик обрўини пастга урадиган ёки унга доғ туширадиган ҳар қандай салбий маълумотлар, биринчидан, бировнинг шаънига доғ туширадиган ёки қадр-қимматини, ишчанлик обрўсини пастга урадиган бўлиши, иккинчидан, бу маълумотлар тарқатилган бўлиши ва учинчидан, мазкур маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайдиган, мутлақо ёлғон бўлиши лозим. Рост бўлган, лекин шахсни обрўсизлантирадиган маълумотларни тарқатиш шахснинг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига нисбатан қилинган туҳмат, ҳақорат таркибини вужудга келтирмайди.
Хулоса шуки, ҳар бир сўз ўйлаб, асосли бўлсагина айтилиши лозим. Донолар айтганидек, тиғ яраси битади, аммо дил яраси битмайди. Туҳмат ҳам кўплаб маънавий, ҳатто моддий зиён келтириши билан бирга дилни шикастлайди.
А.ЁҚУБОВ,
Қарши давлат университети миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси катта ўқитувчиси.