Меню
Қашқадарё
"СЎЗЛАР ДЕНГИЗИ"НИНГ ЖАВОҲИРЛАРИ
Қашқадарё заминида буюк аллома, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий бобомиз яшаб ўтганлар. У киши узоқ муддат Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми, яъни исломий эътиқод поклиги масаласида 15 га яқин китоб ёзганлар. Ана шу китобларида, бундан минг йил олдин дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатганлар.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Қадим Мовароуннаҳр минтақасида ҳанафия фиқҳига асосланган мотуридия ақидавий мазҳабининг кенг миқёсда тарқалишида, айтиш жоиз бўлса, ҳал қилувчи роль ўйнаган алломалардан бири, шубҳасиз, макҳулийлар сулоласининг йирик намояндаси Абу-л-Муин Насафий (1027-1114)дир.
Илм аҳли орасида аҳли сунна ва-л-жамоа мутакаллими сифатида маълум бу алломанинг бизгача етиб келган асарларидан бири "Баҳру-л-калом" ("Сўзлар денгизи") барча замонларда ҳам кўпчилик олимларда катта қизиқиш уйғотган. Тўлиқ номи "Баҳру-л-калом фи илми-л-калом" ("Калом илмида сўзлар денгизи") бўлган бу нодир манба алломанинг бизгача етиб келган асарларидан энг биринчи нашр этилгани ҳамдир.
Эътиборга молик жиҳати, мазкур асар 2013 йил ўзбек тилига таржима қилиниб, айрим изоҳлар билан, кам нусхада бўлса-да, Имом Бухорий халқаро маркази нашриётида чоп этилганди.
Бу асар учун мотуридия таълимоти асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг "Ат-Тавҳид", ашъария ақидавий мазҳаби етакчиси Абу-л-Ҳасан Ашъарийнинг "Ал-Лумаъ" ва "Мақолоту-л-исломиййин", Имому-л-Ҳарамийн Абу-л-Маолий Абду-л-Малик Жувайнийнинг "Ал-Иршод" асарлари манбавий асос вазифасини бажарган.
"Баҳру-л-калом"да юқорида зикр этилган асарлар сингари илму-л-усул ҳақида сўз боради. Аммо улар ўртасидаги фарқ режа, боблар, фасллар ҳамда ёзилиш услубида кўзга ташланадики, "Баҳру-л-калом"да ўрганилаётган масалалар ҳақидаги жиддий, кўпчилик оддий мусулмонларни ҳам қизиқтирган муаммоларга кўпроқ эътибор қаратилган. Муаллиф ўзининг ушбу асарида аввал аҳли суннага рақиб саналган олимларнинг бирор масала хусусидаги фикрларини зикр этади ва кейин уларга нақлий, яъни Қуръони карим оятлари ҳамда ҳадиси шарифларга таянган ҳолда раддиялар беради. Зарур топса, ақлий далил билан фикрини қувватлайди. Насафий, шу тариқа, ҳар бир масала бўйича аҳли сунна ва-л-жамоанинг қарашларини кўрсатади. Аллома ҳатто бу асарнинг бўлимларида берилган сарлавҳалари остидан "Муътазила шундай деган", "Қадарийлар шундай деган", "Рофизийлар шундай деган", "Бизнингча, шундай" каби ибораларни келтириб, шу фирқаларнинг у ёки бу масаладаги қарашларини баён қилади ва лозим топса, улар билан мунозарага киришади.
"Баҳру-л-калом" мазкур йўналишда яратилган асарлардан бир неча жиҳати билан аҳамиятли.
Авваламбор, "Баҳру-л-калом" динда мунозара ва муноқашанинг жоизлиги, илм ва унинг чегара доираси, илмнинг ақлдан афзаллиги, кимга ваҳий етказилади, ваҳийга ноил инсоннинг ақл-идрок соҳиби эканлиги, иймон келтирмаган инсон узрга лойиқми ёки йўқ, иймон шартларини билмаган инсон мўмин ҳисобланадими, йўқми, Аллоҳнинг сифатлари ва унинг исмлари, борлиқдаги мавжудотлар ва уларнинг турлари, исм ва мусамма, ризқ-рўз, иймон камаядими, мушрикларнинг болалари ҳақида қандай ҳукм жоиз, шайтон васвасаси борми, фақирлик афзалми ёки бойлик, бандаларнинг аъмол (хатти-ҳаракат)лари, авлиёларнинг кароматлари, имомат, саҳобалар ичида афзаллари борми каби масалалар таҳлил этилган муҳим ақидавий асардир. Унинг тили содда, равон. Осон тушунилади. Далиллари қатъий ва ишончли. Насафий ўзининг аввал нақлий, кейин ақлий тартибдаги далилларини қатъий кетма-кетликда келтиради.
Иккинчидан, асарда ўрта асрларга хос ботиния, ибоҳия, санавия, жабария, жаҳмия, хорижия, даҳрия, рофизия, шиа, қадария, карромия, мутақашшифа, мужассима, мушаббиҳия, муътазилия, муаттила, мафруғия, нажжория сингари адашган тоифалар билан бир қаторда ашъария ақидавий мазҳаби ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилган бўлиб, уларга керакли ўринларда зарурий раддиялар берилган. Бундан асарнинг ислом номи остида фаолият кўрсатиб, бузғунчилик билан шуғулланган фирқалар, уларнинг қарашларидаги ўзига хос жиҳатлар, айниқса, улардан таъсирланиб, ғояларини қабул қилган кейинги давр оқимлари ҳақида муҳим маълумотларни билишдаги қиммати кўзга ташланади.
Асарнинг айрим ўринларида баъзи фирқаларга бир жумла орқали тўлиқ таъриф берилади. Насафий, жумладан, рофизийларнинг "Абу Бакр ва Умар халифалигини инкор этувчи асли шиа йўналишига мансуб" фирқа эканлигини таъкидлайди ва бу билан узундан-узун таърифдан чекинади. Аммо кўриниб турганидек, мана шу биргина ифода рофизийларнинг асли ким эканлигини тўла англатиб турибди. Бундан ташқари, Насафий таърифи шиа йўналишининг рофизийларга мансуб ҳисоблайдиган баъзи қарашларни инкор этиб, аксинча эканлиги аён бўлади ҳамда шу билан мазкур масаладаги чалкашликларга ҳам барҳам берилади. Шунингдек, Абу-л-Муин Насафий ғоявий яқин бўлган бир нечта фирқани бирлаштириб, уларнинг асл мақсадлари инсонлар томонидан осон тушунилишига эришган: "Хорижийлар катта гуноҳ (гуноҳи кабира) содир қилган одам кофир бўлишини таъкидлайдилар. Шунингдек, улар: "Али боғийларни ўлдиргани учун кофир бўлди", дейишади. Муржийлар эса гуноҳ иймонга, тоат эса куфрга зарар ҳам, фойда ҳам етказмаслигини таъкидлайдилар. Жабарийлар фикрига кўра, банда куфру исёнга мажбур қилингандир. Муътазилийларнинг қарашлари бўйича, инсон ўзи содир этган катта гуноҳ орқали имондан чиқади, аммо куфрга кирмайди, яъни кофир бўлмайди. Юқоридагилардан мазкур фирқаларнинг бир - катта гуноҳ ва унинг иймонга таъсири масаласи бўйича баҳсу мунозаралар натижасида вужудга келганлиги маълум бўлади.
Учинчидан, асарда 244 ўринда Қуръон оятлари, шунингдек, 84 ўринда ҳадис далил сифатида келтирилган. Зикри келган оятларнинг барчаси аҳли сунна эътиқоди ҳимоясига хизмат қилган. Насафий далилларидаги ҳадиси шарифларнинг кўпчилиги саҳиҳ бўлиб, уларни "Саҳиҳи Бухорий", "Саҳиҳи Муслим", "Сунани Ибн Можа", "Сунани Абу Довуд", "Сунани Термизий", "Сунани Дор Қутний", "Сунани Насоий" каби дунё илм аҳли тан олган мўътабар манбаларда учратиш мумкин. Бундан кўриниб турибдики, Абу-л-Муин Насафий ўзи ифодалаётган фикрларга асосан нақлга таянган ҳолда далил келтирган.
Тўртинчидан, асар библиографик жиҳатдан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унда 52 шахс номи зикр этилган бўлиб, улар орасида Умар ибн Абу Толиб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Оиша бинт Абу Бакр Сиддиқ, Абу Ҳанифа ибн Нуъмон, Анас ибн Молик, Абу Мансур Мотуридийдек ислом дини равнақига буюк ҳисса қўшган сиймолар, шунингдек, тарихда муносиб из қолдирган Хорун ар-Рашид каби халифалар билан бир қаторда динимизнинг асл манбаига ўзининг вайронкор ғоялари билан путур етказган Жаҳм ибн Сафвон, Восил ибн Ато Ғаззол сингари шахслар бор. Муаллиф ўз асарида бу инсонлар ҳақида қимматли маълумотларни келтириб ўтган. Жумладан, Абу Мансур Мотуридийни "ҳидоят байроғи" ("аламу-л-ҳудо") деб атар экан, буюк мутакаллимнинг "Иймон фақат тасдиқнинг ўзидан иборат" экани ҳақидаги фикрларни келтириб, унинг далили сифатида Яъқуб (а.с.)нинг ўғиллари хабари ҳақидаги "Рост гапирсак ҳам, (барибир) Сиз бизга ишонувчи эмассиз" оятини келтиради.
Бешинчидан, асар этимологик жиҳатдан ҳам муҳимдир. Насафий Арш масаласида фикр юритиб, шундай ёзади: "Карромия фирқаси: "Аллоҳ Аршга ўрнашганда Арш тўлди", дейди. Бунга (У) Арш узра "муставий" бўлмиш Раҳмондир" оятини далил келтиради. Аммо аҳли тафсир "иставо"ни "ғола", яъни "ғолиб бўлди" маъносида шарҳлайди. Форсча "бар Арш Подшоҳаст" - "Арш узра шоҳдир" дейилган... Молик ибн Анасдан ривоят қилинади, у киши айтади: "Баробар бўлиш мажҳул, яъни номаълум, қандай содир бўлиши ақлга сиғмайди. Шу сабаб унга ишониш вожиб, у ҳақида сўраш эса бидъатдир". Калом илмига оид истилоҳларнинг изоҳ ва маънолари билан шарҳланиши бугунги кун учун ҳам ўта аҳамиятли ҳисобланиб, масалага бу тарздаги ёндашув тадқиқотчиларга муайян енгиллик яратади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Абу-л-Муин Насафийнинг асарлари, хусусан, "Баҳру-л-калом фи илми-л-калом" мазмун-моҳияти, аҳамияти ва долзарблиги жиҳатидан ҳозирда ҳам ўз муҳимлигини йўқотган эмас. Шу сабаб, жаҳолатга қарши маърифат йўналишида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида бу каби нодир манбалардан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Иргаш ДАМИНОВ,
республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи