Меню
Қашқадарё
СЎЗ ВА ОРЗУ БИЛАН ДУНЁНИ ҚУТҚАРИБ БЎЛМАЙДИ
Сараланган сатрлар
Назар Эшонқул асарларида умидсизлик ичра умид яшайди. Юзаки қараган ўқувчи бу ёзмишларда тушкунлик, умидсизлик, ҳаётдан, дунёдан норозиликни кўради. Ҳолбуки адиб "Адашаётган одам - йўл излаётган одамдир" дейди. Дунё ва ҳаёт ҳақида мулоҳазага берилган инсон қай ўриндадир адашаяптими, демак, қачондир мутлақ ҳақиқатга етиши ҳам тайин.
Башарият Ер юзида умргузаронлик қиларкан, неча минг йиллардан буён яшашдан маъни, мазмун излаб ҳалак, сарсон. Бундаги ҳикматни англаш йўлида не-не умрлар бадар кетмаган дейсиз. Ҳақга, ҳақиқатга етиш эса саноқлиларга насиб этган, холос.
Назар Эшонқул "Қора китоб" қиссасида ана ўша азалий саволларга жавоб топишга уринади. Асар ҳақида таърифу тавсифдан кўра уни бир бора ўқиб чиққан афзал. Бу йўлдаги истагингизга рағбат ўлароқ қиссадан айрим лавҳаларни келтирамиз. Ишонамизки, миллий адабиётимизда шу қадар кучли асарлар борлигидан ҳайратингиз чандон ошади...
* * *
Мен ҳам сиздай навқирон пайтларимда ҳаёт нақадар гўзал деб ўйлардим. Энди эса, ҳаёт заҳар бўктирилган чиройли кулчадан бошқа нарса эмас, дейман...
* * *
Жазо нима у? Шунчаки расмий маросим. Ҳакамлар ва терговчиларнинг кун кечириши учун ўйлаб топилган маросим. Аслида, энг олий жазони кўнгилнинг ўзи чиқаради.
* * *
Одам ҳайвонлар ичида яшаса, ҳайвонга, ҳашаротлар ичида яшаса, ҳашаротга айланади, деган ҳикмат бор. Тақсирим, биз ҳаммамиз ақл-идрокдан маҳрум, телба, ёвуз махлуқлар ичида яшаб келдик, шунинг учун руҳимизда ҳайвоний ҳирс, ҳайвоний кайфият бор. Атрофга бир қаранг. Одамзоддан дарак берадиган нима қолди, қайси фазилатимизни одамийлик деб атаймиз, қайси хислатимиз одамникига ўхшайди. Тақсирим, озми-кўпми ҳаммамиз бир ҳашаротмиз. Одамзоддан умид қиладиган нарсанинг ҳаммаси ўлган. Ҳаммаси ҳалок бўлган. Ҳамма нарсани бой берганмиз. Энди бизни ҳеч нарса қутқара олмайди. На гўзаллик, на ишонч, на эзгулик. Биз ҳар қандай гўзалликни ҳам ҳирсимизни қондирувчи восита сифатида баҳолашга кўникиб қолдик.
* * *
Одамни муқаррар таназзулдан хаёл ва орзу қутқаради, гўзаллик қалбга чўксагина инсон халос бўлади, деб ўйлардим. Тақсирим, сўз ва орзу билан дунёни қутқариб бўлмас экан. Энг гўзал сўз ҳам инсониятга эмас, ёвузлик қўлидаги ўйинчоққа айланди. Бунга мендан исбот талаб қилмай, атрофга боқинг. Улуғ даҳолар ва улар яратган улуғ ғоялар, улуғ асарлар, улуғ мусиқалар кимга хизмат қилаяпти. Бу асарлар Ёлғон ва Ёвузликни ниқоблаш, уни улуғлаш учун хизмат қилмаяптими? Ёлғон қўрғони юзидаги салобатли ва инсонпарвар бўлиб туюлувчи ниқоб шу даҳоларнинг истеъдоди билан тўсилмаган, деб айтинг-чи? Ёвузликни шу даҳоларнинг улуғ ғоялари ортига яширинмаган деб айтинг-чи? Қайси ёвуз кучли бўлса, санъат асарлари ҳам ўшаники эмасми? Ҳақиқат кучда эмасми? Ёвузлик ўлади, санъат қолади деб жар солишганлари эсингиздами? Ҳа, тақсир, олдингисидан ёвузроқ кучга хизмат қилиш учун санъат қолади, абадий қолади. Бизнинг пешонамизга ёзилгани шу, инсоннинг яратгани шу. Инсониятнинг яратгани шу. Бошқасига ярамайди. Инсон ёвузликнинг ижодкори. Баъзан инсон ижод этган ёвузликлар яратганни ҳам лол қолдирса керак деган шубҳага бораман. Инсон ёвузликни улуғ санъат асари даражасига кўтарувчи бирдан-бир жонзот.
* * *
Одамзод қанча вайсаса, билингки, у шунча бахтсиздир. Нега ўқитувчилар вайсақи бўлишади. Биласизми? Чунки улар энг бахтсиз тоифадир. Улар ўзлари тарбия берган нарсага ҳеч қачон ўзлари ишонмайдилар. Ишонмаганликлари туфайли ҳам ҳамиша вайсайдилар.
* * *
Кўп йиллик тажрибамдан шундай хулосага келдимки, гўзал нарсаларнинг ҳаммаси ҳалокатдир. Ҳар қандай гўзаллик ортида ваҳшийлик яширинган бўлади, гўзаллик ваҳшийликнинг ювош кўринишидир. Ана у аёл ғоят гўзал, деб айтишимиз билан ҳар қандай одамда у аёлга нисбатан ваҳшийлик уйғонади. Мана бу гул қандай нафис дейишингиз билан кўнглингизда шу гулни узиб олиш истаги пайдо бўлади. Гўзалликка эришиш учун ваҳшийлик қилишингиз шарт бўлади.
* * *
Ўлаётган одам ўз умрининг неча пулга арзишини билиб ўлади.
* * *
Ер юзи марҳумлар, ўликлар диёри, ўликлар салтанати. Бу шаҳарлар шаҳар эмас, улкан қабристон; фарқи шуки, бунда ҳар ким қабрини ўзи қазийди. Фикрларим телбаворми? Яқинда қизим ҳам шундай деди: "Сизнинг рост гапларингизнинг кимга кераги бор? Қорин тўйғизадими ёки бахтли қиладими?" Мен унга ҳеч нарса дея олмадим. У тўғри айтаётган эди. Рост гап фақат фалокат келтиради.
* * *
Мен ўқиган ва умримни бахшида қилган инсоният тарихи ожиз ва кучлиларга, хўрлашга лойиқ ва хўрланишга лойиқларга, эзувчи ва эзилувчиларга, қуллар ва хожаларга, қўй ва бўриларга бўлинганди, мен инсон тафаккури, унинг табиати билан шуғулланиб, шу хулосага келдимки, ҳақиқат кучда эди.
* * *
Ҳаммамиз ҳам кучли ва буюк бўлишни истаймиз, шунинг учун ҳам умр биносини барпо қиламиз, унга абадиятни суяй оладиган устунлар қўямиз, аммо бир кун ақлимизни йиғиб олиб қарасак, биз яратган ўтов қурилмасидан туриб вайрон қилинган бўлади. Бундай фикрга тўсатдан келганим йўқ, тақсирим. Одам бирдан тушкун бўлиб қолмайди, у энг охирги имкониятгача кутади ва у ҳам бой берилгач, тушкунлик саҳросига йўл олади.
* * *
Излаган одамнинг излаётган нарсаси нималигини билмаслиги даҳшат эмасму? Йўқ нарсани излашга мубтало қилинган инсон! Мана сиз бекатда ўтирибсиз, қандайдир поездни кутаяпсиз. У сизни бу ерда қаергадир ола кетиши керак, поезднинг қандайлигини, қайси томондан келиши, қай томонга кетишини ҳам билмайсиз. Бироқ, бекатда ўтириб кутишга маҳкумсиз. Одамзоднинг бор-йўқ умри ана шу кутишдан, кутиш пайтидаги орзую хом хаёллардан ўзга нарса эмас.
* * *
Зўрликни, ўлимни севиш ва унга ўзликни бахшида қилиш учун одам ақлдан озишдан ташқари яна бир нарсага эга бўлиши керак: иблиснинг юрагига...
* * *
Шуҳрат ёқимли нарса, унга эга бўлиш оғир, эга бўлгандан сўнг ҳеч қачон бировга бергиси келмайди, ҳамма сени кўриб, типирлаб қолиши ёки ҳаяжонга тушиши, сени кўрганидан ўзини бахтиёр ҳисоблаши бора-бора кундалик ҳаётга айланади, сўнг хушомаду мақтовларсиз яшай олмай қоласан, хушомад ва мақтов ҳаётингнинг мазмунига айланади, бу мазмун бўлмаса сен бир пулсан. Шу сабабли уни йўқотмаслик учун барча ишни, қўлингдан келадиган ҳамма ишни қиласан.
* * *
Йиғи билан дунёни қутқариб бўлмайди.
* * *
Одам гуноҳдан қанчалик қочмасин, унга шунчалик ботиб бораверади, унинг тўрт томони ҳам гуноҳ, қай тарафга юрмасин гуноҳ, ҳатто энг олижаноб иш қилаяпман деган одамлар ҳам ўз фаолиятларини таҳлил қилиб кўрсалар фақат гуноҳ қилган бўлиб чиқадилар. Одамзоднинг ҳар қадами гуноҳ. Гуноҳ унинг тақдири, қисмати, ёздиғи - ундан қочиб ҳеч қайга боролмайди, унга бошқа йўл йўқ. Битта йўл, битта кўприк бор - у ҳам гуноҳ йўли, гуноҳ кўприги. Одамзод қанча кўпайса, гуноҳ қилувчилар ҳам шунча кўпаяди.
* * *
Кимнинг қўли қон - у адолат пешвоси, ким ёлғон ва алдов пири - у ростгўйлик тимсоли, ким жаҳолатпараст - у донолик рамзи, ким зулмкор ва хўрловчи - у раҳм-шафқат кўзгуси. Дунёга боқинг. Ёки бошқачами? Ёки мен бадбинманми? Менга бадбинлигимни инкор этадиган бирон намуна келтиринг-чи, тополмайсиз ҳам.
* * *
Одамнинг қалбидаги иморати хароба бўлса, унинг ўликдан фарқи қолмайди: унинг ҳаёти қулаган девордан бошқа нарса эмас.
* * *
Асбоб бузилса, уни яратган устага олиб бориб тузатамиз. Одамзоднинг ҳам бузилган қалбини уни яратган устагина тузата олади. Ким усталикка даъвогар бўлса, ким уни мен тузатаман деса, уни фақат яна ҳам кўпроқ вайрон қилишга олиб келади. Ҳар ким ўзи яратган нарсага усталик қилгани маъқул.
* * *
Ҳозир хиёбон четига бораман, мени қора китоб кўчаларидан олиб ўтган ёлғон ва хиёнатга, фаҳм ва шон-шавкатга интиқ ўтган қалбимнинг шоҳсупасига чиқиб, худди ярадор айиқ нажот излаб сўнгги бор ҳайқиргани ва улуғ жангу жадалдан сўнг эзгулик ва ёвузликнинг, ўлим ва ҳаётнинг моҳияти қолмаган маҳшар кунида вайрон бўлган замину замоннинг харобалари устида, ҳам бу харобаликдан хушнудлик, ҳам янги, тозарган, фориғланган янги мавжудот яратиш шавқи билан тўлган улуғ ва зафарли овоз каби мен ҳам нафс яралари бўғаётган танамни, дўзах тўзони билан тўлган қалбларни ва Иблис билан бир тўшакда ухлаб ётган ушбу дунёни ларзага солиб, масту мустар ҳайқираман: майли, менинг бу ҳайқириғим дунёнинг адашган сўнгги ҳайқириғи бўлиб қолсин.
НАСРИДДИН тайёрлади.