Меню
Қашқадарё
СЎЗ ВА ОҲАНГ КУЧИ БИЛАН БИРЛАШТИРУВЧИ БУЮК ҚУДРАТ
10 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тасдиқланган кун
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Ҳар тонгимиз бир улуғвор мусиқа, қўшиқ билан бошланади. Бу - Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳиясидир. Тили эндигина чиқаётган гўдакдан тортиб, нуроний ёшли отахон-онахонларимиз ҳам бу тантанавор садо жаранг сочса, беихтиёр қўлини кўксига қўяди, юрт қўшиғига жўр бўлади.
Ҳа, мадҳиямизда мамлакатимиз тарихи, маданияти, юртимиз қудрати, гўзал табиати, табиий бойликлари билан фахрланиш, ғурурланиш туйғуларининг энг олий кўринишлари акс этган. Унда жамланган ҳар бир сўз, ҳар битта оҳанг она юртимизни бор бўй-басти билан кўз олдимизда намоён этади, севишга ўргатади.
Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Мунчоқ доналаридай заргарона тизилган сўзлар Ватан қиёфасини, ватанпарварлик иродасини намоён этиши муаллифдан жуда катта санъаткорона ижодни, машаққатли меҳнатни, энг муҳими, бутун вужуди билан она юртга муҳаббатли бўлишни талаб этгани шубҳасиз. Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Абдулла Орипов бу вазифани юксак даражада уддалаган, қиёмига етказган.
Мўъжазгина, ўта ихчам мадҳияда буюк ижодкорга хос ёндашув, қуйма сатрлар, оташин туйғулар, некбин муҳаббат ўз аксини топган. Қатордаги ҳар бир сўз ишлайди: ўз юки, ижтимоий вазифаси, ғурури, ҳаяжони бор. Энг муҳими, куйи ўзи билан, мусиқий. Куйлаганда ёдлаш осонлигининг ўзи ҳикмат.
Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати музейида энг қимматли экспонатларидан бири - мадҳия матнининг дастлабки илк нусхалари сақланмоқда. Муаллиф дастхати билан қайта-қайта киритилган таҳрирлар, ўзгартиришлар улуғ шоирнинг бу ишга нечоғлик масъулият билан қараганидан, қанчалик машаққатли меҳнат қилганидан гувоҳлик бериб турибди.
Ижодининг бош мавзуси юрт мадҳи бўлгани учун ҳам шоир мадҳияда ватанпарварлик руҳини ҳадди аълосига кўтара олган.
Абдулла Орипов суҳбатларидан бирида "Муаллифлик менга алоҳида имтиёз бермайди. Мен энди давлат мадҳиямиз қошида муаллиф эмас, балки оддий бир фуқароман. Мадҳиямизга давлатимиз белгиси сифатида қарайман. У янграганда ҳамма қатори ўрнимдан туриб, ғурур билан эшитаман, Ўзбекистон фуқароси сифатида унга бўйсунаман", деган эди.
Фикримча, устоз шеърий сатрларини тизаётгандаёқ сўзлар унинг тасарруфидан чиқиб кетишини, у ҳамманинг Ўз Сўзига айланишини кўзлаб, билиб ижод қилган. Жумладан, биринчи мисрада "Серқуёш, ҳур ўлкам" деб бошланувчи бир сатр сеҳрига эътиборингизни қаратмоқчиман. "Ўлка" сўзига (-м) эгалик қўшимчасини қўшиш орқали Шеърни Мадҳияга айлантира олди.
Бугун ҳам ҳар кунги каби янги кун бошланди. Бу тонгни ҳам мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва тинч-осойишта ҳаётимизга шукрона, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради.
Муаллиф айтгани каби "Мадҳия - тирик ҳаёт, жонли турмуш. У турли фикрдаги ватандошларни бир неча дақиқадаёқ сўз ва оҳанг кучи билан бирлаштира олувчи буюк қудратдир".
Демак, истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади. Улуғ халқнинг мангу қўшиғи она Ватанимиздан ғурурланишга, уни севишга, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга, бунданда юксак чўққиларни забт этишга ундайверади.
Лола САОДАТОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари