Меню

Қашқадарё

20.07.2017 1993

СЎЗ ВА ФАОЛИЯТ БИРЛИГИ ТАЪМИНЛАНИШИ КЕРАК!

Жойларда маърузани депутатлар ва партия электорати вакиллари билан синчиклаб ўрганиб, фаолиятимизни танқидий таҳлил этаяпмиз. Юртбошимиз таъкидлаганидек, бугун партиялар ҳаётида янгиланиш, туб бурилиш палласи бошланди. Маърузани тинглар эканман, мамлакатимиз раҳбарининг зукколиги, ҳозиржавоблиги ва мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги камчиликлардан тўла бохабар эканликларига қойил қолдим. Тан олиш керакки, маърузада билдирилган танқидий фикрлар бизнинг вилоят кенгашимиз, жойлардаги депутатлик гуруҳларимиз фаолиятига ҳам дахлдор. Очиғи, ҳозирга қадар бирорта ҳам депутатлик сўрови юбормаган, сайловчиларининг дарду ташвишлари билан қизиқмайдиган лоқайд депутат сафдошларимиз орамизда йўқ эмас.

Ўзининг кундалик иши ва ташвишидан ортмаётган киши депутат бўлиб, халққа нима қилиб бериши мумкин? Айниқса, вилоятдаги йирик корхоналарнинг раҳбарлари депутат бўлиб олганларидан сўнг, лоақал йилда бир маротаба депутатлик гуруҳи йиғилишларида қатнашмайди. Таклиф этсангиз, ишим кўп дейишади. Депутат қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар унга халқ ишонч билдириб, сайлаб қўйганини унутмаслиги керак.

Эндиликда бундай лоқайд депутатларни чақириб олиш ҳуқуқи вилоят кенгашларига берилгани нур устига аъло нур бўлди. Кўриладиган кескин чоралар депутатлик гуруҳлари ишини янада жонлантиришда яқиндан ёрдам беришига ишонаман.

Яна бир муҳим гап. Партия томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини ошириш долзарб аҳамият касб этади. Партиямиз томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишда қанчалик ёрдам бераётгани ҳақида жиддий қайғуришимиз керак. Лойиҳада иштирок этиб, сертификатни қўлга киритган иштирокчи банклар олдида ҳеч қандай молиявий кўмак ололмай сарғайиб қолса, бундан кимга наф? Эндиликда нуқул ҳисобот беришдан иборат бўлиб қоладиган тадбирлардан воз кечишимиз керак. Айрим тадбирларимиз қоғоздагина мавжуд эканлиги ниҳоятда ачинарли.

Депутат сайловолди учрашувларида сайловчиларга катта ваъдалар беради, агар менга ишонч билдирсангиз, ҳаётингиз маъмурлиги йўлида жон куйдириб меҳнат қиламан, деб ишонтиради. Бироқ сайланиб олгандан сўнг, берган ваъдалари хаёлидан фаромуш бўлади. Ўз ташвишлари билан ўралашиб қолади. Эндиликда унга амалга оширган ишларига қараб баҳо берилиши айни муддаодир.

Шиддати тез замон билан ҳамқадам, ҳамнафас фаолият олиб борсаккина, катта умид ва орзулар билан партиямиз номзодларини қўллаб-қувватлаган сайловчиларимиз ишончини оқлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга муносиб ҳисса қўша оламиз.

Арзиқул ШЕРОВ,

O‘zLiDeP вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!