Меню

Қашқадарё

23.04.2019 1802

"СЎЗ ИЗЛАЙМАН БАРДОШДАН УЛКАН..."

Шаҳрисабзлик Жонтемир (Тоштемиров)нинг бундан икки ярим йил олдин  матбуотда эълон қилинган илк шеърларини ўқиган кишида иқтидорли, умидли шоир ўсиб келаётганини ифода қилувчи     таассурот уйғонгани турган гап. Унга катта шеърият майдонига оқ йўл тилаган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон қайд этганидек, "Жонтемирнинг шеърлари шу пайтгача мен билган бирон-бир шоирнинг шеърларига ўхшамайди. Шеърида фақат ва фақат ўзи айтиши мумкин бўлган сўзларни ёзади, фақат ўзига хос ҳис-туйғуларни ифодалайди, ҳар бир машқида ҳаваскорликдан мукаммаллик сари интилаётган бу йигит ижод машаққатларидан ва энг аввало турмуш қийинчиликларидан чўчимаса, аксинча уларнинг оловида юрагини тобласа, ишончим комил, асл адабиёт синчилари назарига тушишга муносиб ижодкор бўла олади".

Кейинчалик ёш иқтидор эгасининг шеърлари билан танишиб чиққан таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров ҳам унинг ижод намуналари ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

Қишлоқ мактабида ўқиган Жонтемир ёшлигиданоқ шеър машқ қила бошлади. Дастлабки шеърларини ўқувчига ҳавола қилгунча, ўзи эътироф этганидек, ўнлаб, юзлаб марта ёзди, улардан қониқмагани учун қораламаларини қоғоз саватига отди. Аммо ўрганишда, ёзишда давом этаверди...

Ҳозир у Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети  талабаси. Тақдир тақозосига кўра, бобоси (марҳум) ва бувиси қўлида тарбияланиб вояга етган Жонтемир малакали мутахассис бўлиб етишиши учун тинмай ўқимоқда, шунингдек, ҳар бир кунини ижод қилиб, шеър ёзиш билан ўтказмоқда.

2018 йил охирида унинг биринчи шеърий  китоби ("Дарвиш қўшиғи") Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги Республика ёш ижодкорлар кенгаши ҳомийлигида беш минг  нусхада чоп этилди.

Жонтемирнинг илк шеърий тўпламидан кейинги тўрт йил ичида ёзилган 76 та шеъри ўрин олган. Ёш шоирнинг шеърларини ўқир экансиз, ҳақиқатан ҳам адабиётимизга, шеъриятимизга ўз овози, услуби, ўз фалсафий қарашлари, руҳий кечинмалари билан умидли ижодкор кириб келаётганига ишонч ҳосил қиласиз:

Қуюқ дарахтзор,

Сўйилган шафақ қонига ботириб олинган

баргларни ёпиниб ётар йўлак.

Ҳеч вақо йўқ бунда арзирлик,

Қорамтир осмон жимликдан бўлак

ёки Ишқ бу - Ватан!  Елкамда қўли.

Ватанни жангу жадалсиз

Ёв измига берганга ўлим!

Жонтемир қалбидаги титроғу дардларини мисраларга тизади:

Ўҳ тортмагин, лоларуҳ,

Осмонни йиртар бўзим.

Ўртада масофа йўқ -

Ичкарида ҳам ўзим,

Ташқарида ҳам ўзим.

* * *

Ўт эди у, бир қучоқ олов!

Бўғзимни куйдириб хўпладим.

Парчаланди жисмим беаёв,

Жазба билан қайта тўпладим.

Ёш шоир табиат манзараларини чизишда ҳам гўзал ташбеҳлар ноёб топилмалар ишлатади:

Эснаб қўяр чўққилар шомда,

Инсон кўзи буни илғамас.

Тебранади узун ишкомда,

Хаёлимда оқар жилғалар.

Етиб келар қитмир елвизак,

Дарахтларни ўтади чимчиб.

Эринмасдан осмонни безар,

Улуғ тангри юлдузлар санчиб.

Жонтемир бир шеърида "Сўз излайман бардошдан улкан, сўз излайман тасаввурдан кенг" деб ёзади. Унинг келгусида фикри янада теранлашиб, сўзга масъулияти ошиб, шеърият мухлислари юрагидан жой оладиган шеърлар ёзишига ишонаман.

Мўмин АЗИЗОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!