Меню

Қашқадарё

27.04.2021 1878

СЎРАБ ОЛГАН ОДАМ ОЛГАН НАРСАСИГА НИСБАТАН КЎПРОҚ ЙЎҚОТАДИ

Сараланган сатрлар

Бу кўҳна дунё ҳикматларга бой. Қуръони каримда таъкидлангани каби барча нарсаларда ақл эгалари учун ибрат бордир. Бинобарин, асрлар силсиласида турли тарихий воқеалар, шахслар тимсолида инсоният муҳим хулосаларга келган. Улар бугун биз учун қизиқ, мароқли, ўрганишга, ўрнак олишга арзирли. Аслида бировга ақл ўргатишдан осони йўқ, аммо ҳаёт аталмиш кўҳна муаллим ҳаммасини ҳар биримизга ўргатиб, уқтириб қўяди. Шу маънода ўтмиш ривоятларининг ҳам айни ҳаётимизга таъсири, ўрни катта. Улар минг йиллар давомида яшаб келаётгани билан аҳамият касб этади.

Сурия адабиётининг классик вакили, 1226-1286 йилларда яшаган  Абул Фарож ҳам замонасининг барча илмларидан яхши хабардор бўлиб, асрлар қатида, халқ оғзаки ижодида сақланиб келаётган доно ҳикматлар, латиф ҳикоятларни китоб ҳолига келтиради. Бу борада унга Яқин Шарқ ва Кавказ бўйлаб қилган саёҳатлари анча қўл келади. "Юрган - дарё" деганларидек, у ўз она тилидан ташқари форс, юнон, яҳудий, туркий тилларни билади, бадиий ижод билан бирга фалсафа, астрономия, тиббиёт, филология, тарихга оид ўттиздан ортиқ асар ёзади. "Мароқли ривоятлар" китобидаги ҳикматлар эса юнонлар, форслар, ҳиндлар, араблар ва бошқа халқлар оғзаки ижодидан жамланган.

Биз қуйида Абул Фарожнинг "Мароқли ривоятлари"дан айрим лавҳаларни сараладик. Ишонамизки, бундан фақат фойда оласиз ва у китобни тўлиқ ўқиш тараддудига тушасиз.

* * *

Суқротни қатл қилишга олиб кетишаётган экан, бир аёл уни кўриб:

- Вой мен ўлай! Наҳотки, булар сен бечорани гуноҳсиз ўлдириб юбораверишса? - деб йиғлаб юборибди. Шунда Суқрот:

- Наҳотки сен менинг бирор гуноҳ қилиб, шу гуноҳим туфайли қатл қилинишим ва оламдан гуноҳкор бўлиб кетишимни истасанг? - дебди.

* * *

Пифагорнинг узугига қуйидаги сўзлар ўйиб ёзилган экан:

"Бир лаҳзалик омаддан кўра бир лаҳзалик омадсизлик афзал".

* * *

Суқрот бир бой билан йўлга чиққан экан. Йўлда, қароқчилар шу ўртада изғиб юрибди, деган хабарни эшитиб қолибди.

Бой:

- Оббо, худо урди! Улар мени таниб қолса нима бўлади, - деса, Суқрот:

- Оббо, худо урди! Улар мени танимай қолса нима қиламан? - дебди.

* * *

Бир хирадманд шундай деган экан:

- Нодонга яхшилик қилган одам ё чўчқанинг бўйнига дуру маржон тақаётган, ё заҳарли илонни асал билан боқаётганга ўхшайди.

* * *

Бузургмеҳрдан:

- Нега дўстнинг душманга айланиши осону душманнинг дўст бўлиши қийин? - деб сўрабдилар.

- Иморатни бузиш қуришдан, жомни синдириш пайванд қилишдан, пулни сарфлаш топишдан осонроқ-да, - дебди у.

* * *

Бузургмеҳр зиндонда ётганда дўстлари ундан:

- Шундай қора кунга тушганингда ўзингга қандай тасалли беряпсан? - деб сўрашибди.

- Тўрт ҳикматли сўзни қайта-қайта такрорлаяпман, - дебди у. - Биринчиси: буларнинг ҳаммаси пешонамда бор экан, кўряпман, демак, тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди. Иккинчиси: бу кулфат минг оғир бўлса ҳам чидамасдан, сабр қилмасдан илож йўқ. Учинчиси: ҳали бу ҳолва, бундан оғирроқ кунга ҳам тушиш мумкин. Тўртинчиси: эҳтимол бугун-эрта қутуламан, балки аллақачон қутулган ҳамдирману ўзим бехабардирман.

* * *

Бузургмеҳрнинг хотини эрига бир савол берган экан, у жавоб беролмабди. Шунда хотини:

- Сен подшоҳнинг маслаҳатчиси сифатида катта маош оласану менинг биттагина саволимга жавоб беролмайсан, - деса, Бузургмеҳр шундай дебди:

- Мен фақат билганларим учун маош оламан. Билмаганларим учун маош тўлаганда, эҳтимол, подшоҳнинг хазинасидаги барча олтинлар ҳам камлик қилар эди.

* * *

Пашша яра чиққан аъзогагина қўнганидек, аҳмоқ ҳам одамнинг фақат нуқсонини кўради.

* * *

Ҳаким бир беморга:

- Гўшт билан балиқ емагин, - дебди.

- Эй, биродар, гўшт билан балиқ сотиб олишга қурбим етганда эҳтимол сенинг олдингга келмаган бўлармидим, - дебди бемор.

* * *

Искандар Зулқарнайннинг сарбозлари орасида Искандар исмли бир йигит бор экан. Бу йигит уруш вақтида ҳамиша қочар экан. Зулқарнайн унга шундай дебди:

- Ё ботир бўл, ё исмингни ўзгартир, адашлигимиз одамларнинг бошини айлантириб қўйди.

* * *

Ҳикоя қилишларича, Искандар Зулқарнайн заҳарланган шаробни ичиб, ўлими яқинлашганини сезгач, онасига хат ёзибди. Хатида онасидан  дастурхон ёзиб, ҳеч кими ўлмаган, ўлим доғини кўрмаган одамларни чақириб меҳмон қилишни сўрабди. Бу ишни у дунёга устун бўладиган одам йўқлигини онасига кўрсатиш ва шу йўл билан унга тасалли бериш мақсадида қилган экан.

* * *

Бир ҳакимнинг ўқиш-ўрганишга сира уқуви йўқ бир ўғли бор экан. Хотин эрига:

- Нега бунақа экан-а? Сендек олим, фозил одамдан туғилган бола қип-қизил аҳмоқ бўлади? - деса, эри шундоқ дебди:

- Истеъдод ирсий бўлмайди, унинг жони меники эмас, ўзиникидир!

* * *

Сахийликда ном чиқарган бир бойнинг олдига бир камбағал келиб хайр сўрабди. Тасодифан камбағал ҳассасининг учи билан бойнинг оёғини босибди ва ҳатто ҳассага таянибди. Қўли очиқ бой хайр қилибди, камбағал кетибди. Шу аснода ҳозир бўлган одамлар ундан сўрашибди:

- Ҳассаси бармоғингни босганда нечук чидадинг?

- Оёғимни босганини айтсам, хайримни олишдан уялади деб қўрқдим, - дебди бой.

* * *

Бир файласуфдан:

- Кимни даюс деса бўлади? - деб сўрасалар, шундай жавоб берибди:

- Чиройли қизга уйланиб, уни ёлғиз қолдириб, ўзи узоқ сафарга кетган одамни.

* * *

Ақлли одам аҳмоқни дарров танийди, чунки ақли киргунча бир вақтлар ўзи ҳам шу тахлитда бўлган. Аммо ақлсиз одам ақлли одамни таниши амри маҳол, чунки у ҳеч қачон ақлли бўлмаган.

* * *

Шоҳ Хусравга шундай савол беришибди:

- Кимларга тезроқ ақл киришини истардинг?

- Душманларимга, - дебди. - Ҳаммага маълумки, ақлли одам ёвузликдан қочади. Бўлар-бўлмасга юриш қилавермайди. Эси пастдан худо сақласин. Аҳмоқларни бемаъни ишдан қайтариб бўлмайди.

* * *

Шароб кишини тўрт кўйга солади, ичган замон киши гердайиб товусга ўхшаб соллана-соллана қадам ташлайди. Бироздан кейин маймун бўлиб ҳаммани кулдиради. Кейинроқ шер бўлиб атрофдагиларга ҳамла қилади. Охири чўчқа бўлиб ботқоққа беланиб ётади.

* * *

- Бўйин эгиб ҳадя сўрамаган кимса ҳадяга лойиқ эмас, - деган экан бир подшоҳ.

Бунга жавобан шу ерда ўтирган донишманд шундай дебди:

- Сўраб олган одам олган нарсасига нисбатан кўпроқ йўқотади. Ҳақиқий марҳаматли киши сўрамасдан беради.

* * *

Бир гуруҳ навкарлар қуршовида кетаётган шоҳни кўриб бир қаландар ўзича:

- Одамларга озмунча жабру ситам қилмаганга ўхшайди. Бўлмаса улардан шунчалик қўрқармиди, - дебди.

* * *

Бир қизиқчидан:

- Биров бир динор пул берса олармидинг? - деб сўрашибди.

- Йигирма калтак урмасдан беришса олар эдим, - дебди у.

- Бунга йигирма калтакнинг нима алоқаси бор? - деб сўрашибди ундан.

- Бизнинг даврда ҳеч нарсани бекорга беришмайди, - дебди қизиқчи.

* * *

Агар одамни ёшлигиданоқ подшоҳ қилиб кўтаришса ва унинг кўнгли юмшоқ бўлса, узоқ умр кўрмайди, салтанати тез инқирозга учрайди. Унинг ҳукмронлик даврида мамлакатда жуда кўп кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ҳодисалар содир бўлади.

Агар одам айни кучга тўлган ёшида подшоҳ бўлса, яна феълу атвор жиҳатидан тунд, хасис ва маккор бўлса, унинг ҳокимияти дарров заволга учрайди.

Агар одамни қирқ, элликдан кейин подшоҳликка кўтаришса, бунинг устига, у хушфеъл ва хуштаъб бўлса, унинг ҳокимияти подшо бўлганида у қанчага кирган бўлса, салтанати шунча йил мустаҳкам туради.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!