Меню
Қашқадарё
СЎФИЙГА ЖАНГ САНЪАТИ УСУЛЛАРИНИ ЎРГАНИШ НЕГА КЕРАК?
Айни вақтда мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида турли тасаввуфий тариқатлар вакиллари фаолият юритмоқда. Туркия, Миср, Жазоир, Тунис, Ливия, Индонезия, Малайзия, Иордания, Покистон каби мамлакатларда тариқатчилар сони анча кўп. Айтиш жоиз, ушбу сулукатларнинг аксари тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетган. Хусусан, Туркиядаги кўплаб тариқат вакиллари шайхларини ўта муболаға билан улуғлаб, уларни тавоф қилиш даражасига боришган. Покистон ва Ҳиндистон ҳудудларида тарқалган тариқатчилар урф-одатларида йога, буддавийлик ва ҳиндуийлик таъсири катта эканини кўриш мумкин. Барлавийа, Меҳмандийя ва шу каби қатор тариқатларда қадимги ҳинд фалсафасидаги таносух, яъни руҳнинг кўчиб юриши ғояси кенг ўрин олган. Улар намоз ёки зикр вақтида юқоридан бир жойни бўш қўядилар ва унга пайғамбар руҳи келиб ўрнашади, деб ҳисоблайдилар. Масжидларининг қибла тарафида тариқат асосчиси ёки пирларининг қабри жойлашган бўлиб, намоздан аввал ва кейин уни тавоф қиладилар.
Ҳозирги пайтда дунёнинг кўплаб мамлакатларида, АҚШдан то Австралия архипелагигача бўлган ҳудудда Баҳоуддин Нақшбанд ва Нақшбандия тариқати маълум ва ҳурматли мақомга эга. Чунки Баҳоуддин Нақшбанд, аввало, ислом дини шариати мезонларини маҳкам ушлаган ва уларнинг бузилишига йўл қўймаган. Иккинчидан, у чин инсоний ғоялар ва фазилатларни илгари сурган, жамият ўртасида футувват – жавонмардлик ришталари кучайишига хизмат қилган.
Кейинги йилларда диний қадриятларни қайта тиклашга бўлган эътибор масжид ва мадрасалар, бошқа диний ташкилотлар билан бир қаторда тариқат вакиллари фаолиятига ҳам туртки берди. Натижада Марказий Осиё, хусусан, юртимизнинг турли ҳудудларида тариқатчилар фаолияти жадаллашди.
Улардан энг кўзга кўрингани “Нақшбандия-Мужаддидия-Ҳусайния” тариқати ёки “Девона” гуруҳи бўлиб, унинг раҳбари 1937-2009 йилларда яшаган Иброҳим эшон эди. Унинг тарафдорлари, маълумотларга кўра, 20 мингдан ортиқ бўлиб, Фарғона вилоятининг Бувайда, Ёзёвон, Марғилон, Олтиариқ туманларида кўпчиликни ташкил этади.
Таъкидлаш лозим, уларнинг айни пайтдаги амаллари асл тасаввуф ғояларидан анча узоқ. Жумладан, “пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари кечирилади”, “қазо бўлган (қолдирилган) намозни ўқимаса ҳам бўлаверади” дейиш, муридидан бошқаларнинг тўй-маъракасига бормаслик, расмий имомларнинг амру маъруфларини менсимаслик, тариқатга кирган кишига илм олиш шарт эмас, деб ҳисобланиши фикримиз далилидир.
Бундан ташқари, айрим муридлар томонидан мутаассибона хатти-ҳаракатлар ҳам кўзга ташланмоқдаки, пирнинг таҳоратидан қолган сувни табаррук деб билишиб, пирнинг уйи томонга оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гуноҳ бўлишини таъкидлашади. Аслида буларнинг ҳеч бири ислом дини моҳиятига тўғри келмайди.
Кейинги вақтларда мазкур тариқат вакиллари ўз қарашларини тарғиб қилиш билан бирга ҳокимиятнинг қонуний ишларига ҳам эътироз билдирадиган ҳоллар учрай бошлади.
Худди шунингдек, Самарқандда фаолият юритаётган, халқ орасида “Қора саллалилар” номи билан танилган, Исоқжон домла етакчилик қилган тариқатчилар томонидан ҳанафий мазҳаби аҳкомлари ва аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мос келмайдиган, хусусан, тарафдорлардан бошқаларнинг маросимларида қатнашмаслик, тилла ёки кумуш тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди дейиш, Пайғамбаримиз замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидъат дея инкор этиш кузатиладики, бу қарашлар хато эканлиги билан бирга кишилар орасида бирдамлик йўқолиши, тарафкашлик юзага келишига сабаб бўлади.
Сурхондарёда Дўстмуҳаммад Турсунов бошчилигидаги тариқатчилар расмий имомлар билан бир неча масалаларда келишолмайди. Улар эҳтиёти пешин намозини ўқишни қаттиқ ҳимоя қилишади, ўлган кишига давра қилишади, ўзларидан бошқа тариқатчилар адашганини ошкора танқидлар билан таъкидлашади.
Ваҳоланки, жума намозидан кейин эҳтиётан пешин ўқиш ҳақида Пайғамбаримиз ҳеч нарса демаганлар. Жанозада давра айланиш бўйича эса асл шариат манбаларида бирор кўрсатма қайд этилмаган. Уларнинг амалича, ўлган киши ҳаётлигида бажара олмаган намоз ва рўза гўёки адо этилиши, шу орқали унинг гуноҳлари кечирилиши учун унинг меросхўри томонидан даврада ҳозир бўлганларга пул тарқатиб чиқилиши керак. Аслида бу ҳийлаи шаръий, яъни шариат ишида қўлланиладиган ҳийла бўлиб, унинг христиан руҳонийлари томонидан марҳум гуноҳлари кечирилиши учун ҳақ олиниб, сўнг индульгенция варақаси берилишидан ҳеч қандай фарқи йўқ. Ваҳоланки, христианларнинг ўзида ҳам бу каби ишлар қабул қилинмаган, аксинча шундай амалларга қарши протестантлик (эътироз билдирувчилар) йўналиши пайдо бўлган.
Агар майитнинг бирор кишидан қарзи бўлсаю, ўша маблағ унинг мероси ҳисобидан тўлаб берилса, буни тушуниш мумкин. Бироқ намоз, рўза каби ибодатлар Аллоҳнинг ҳаққи ва У кимга хоҳласа бу ҳақни кечиб юбориши мумкин. Иккинчидан, Аллоҳ номидан бандалар гуноҳини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳеч кимга ваколат берилмаган.
Андижондаги Зуҳриддин эшон тарафдорлари эса юртимиздаги тариқатчилар орасида Нақшбандия тариқатига пир-муршидлик қилишга ўзларини бошқалардан муносиброқ, деб ҳисоблашади. Зуҳриддин эшон фаолиятида ҳам асл Нақшбандия асосларидан узоқлашиш ҳолатларини кўриш мумкин. Масалан, хуфтон намозидан кейин 13 ракаат нафл ўқишни лозим, деб биладилар. Ваҳоланки Расулуллоҳ хуфтон намозидан кейин 10 ракаат нафл ва уч ракаат витр намозини ўқиганлар.
Андижондаги тариқатчилардан яна бири 1928-2009 йилларда яшаган Одилхон Саломов бўлиб, у Нақшбандиянинг жаҳрий зикрга асосланган шохобчасига раҳбарлик қилган. Унинг тарафдорлари ҳар пайшанба куни пир ҳовлисида, мавлуд ойларида ёки бошқа каттароқ тадбирларда Фарғона водийсининг турли жойларида жамланиб, меҳмондорчилик ва зикр маросимлари ўтказиб турадилар.
Маълум бўлишича, Одилхон Саломовнинг диний билими етарли бўлмаган, шариат қоидаларини мукаммал билмаган. Муридларнинг ҳам бу борадаги даражасини юқори деб бўлмайди.
Жиззах вилоятида ўзини тариқатнинг янги кўриниши асосчиси деб биладиган “Сўфий табиб”, “Шайх сўфий-табиб Нурсафардий” номи билан маълум Сафар Қушаков (1952 йил Бахмал туманида туғилган) бошчилигида “Нурсафардия” тариқати тарқала бошлагани кузатилди. С.Қушаков “Сўфий жанг санъати” номли туркум рисолалар чоп эттирган бўлиб, унда “Сўфий жанг санъати асоси ҳозирги Хитой ҳудудида Уйғур мухтор вилояти, Ниндзя ва Тансу вилоятларида аҳоли ўртасида сақланиб қолган ва у ҳозирги Ушу, Сини, Шаолин мактабларига катта озуқа ва тугунмас бой ахборот олиб кирган”, дейилади. Ваҳоланки, ислом дини пайдо бўлганидан то ҳозирга қадар ёзилган минглаб китобларнинг бирортасида бунақанги жанг санъати ҳақида бирор гап айтилмаган.
Қолаверса, ислом тинчлик ва осойишталик динидир. Бир неча босқичдан иборат жанг усулини айнан сўфийларга боғлаш – мантиқсизлик. Агар Хитой ҳудудида яшаган мусулмонлар ўша ерлик аҳолига хос тарзда ушу, кунгфу, каратэ каби жанг санъатларини ўзлаштирган бўлса, буни дин билан боғлаш нотўғри бўлади.
Аслида ушбу тариқат вакиллари Шарқ якка кураши усулларини ўзларининг ҳақ эканлигини жисмоний куч билан исботлаш мақсадида ўрганаётгандай тасаввур уйғонади.
“Нурсафардия мактаби нима?”, “Мукаммаллик сари ўн тўрт қадам”, “Муршид – мурид муносабатлари” каби китоблар Нурсафардия йўналиши мақсадлари, ғоявий ва амалий асосларини баён қиладики, ушбу китоблар таҳлили йўналишнинг диний жиҳатдан асосга эга эмаслигини кўрсатади ҳамда улар тарқатаётган ғоялар ислом дини, сўфийликнинг тарихий манбаларига мос келмайди.
Энди бир ўйлаб кўринг. Ёшларнинг англаб-англамай, кўр-кўрона тарзда турли тариқатларга кириши, айниқса, Нурсафардия каби диний асоси йўқ ташкилотлар фаолиятига қўшилиши айрим бузғунчиларга қўл келмайди деб ким кафолат бера олади?
Тўғри, бугун юртимиз ҳудудида фаолият олиб бораётган тариқатчилар мамлакат хавфсизлигига таҳдид солмайди. Бироқ бу борада айрим мулоҳазалар мавжуд. Жумладан, улар орасидаги тарафкашлик, тариқатлар ўртасидаги келишмовчилик жиддий ижтимоий-сиёсий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Тариқатчилар томонидан шариат аҳкомларининг нотўғри талқин қилиниши, ислом дини тамойилларига зид қоидалар ишлаб чиқилиши кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётир. Қолаверса, ҳар қандай тариқатга раҳбарлик қилиш чексиз моддий тушумлар билан боғлиқ ва бу “тахт вориси” ким бўлади, деган масалада низо келтириб чиқаради. Айримлар ўзини мурид санаб, жамиятдан, оила, қон-қариндошдан ажралиб қолиши ижтимоий вазиятга салбий таъсир кўрсатиши турган гап. Шундай экан, ҳар бир амал, тарғиб этилаётган ғояга онгли қараш керак, зотан ҳидоят йўли турган бир чоғда залолатга кетиш инсоннинг ҳалокатидир.
Хуршид БОБОЕВ,
вилоят ИИБ ходими