Меню

Қашқадарё

30.03.2021 1512

“Русский Регистр” сертификатлаштириш ассоциацияси аудиторлар гуруҳи Қарши халқаро аэропортини ўрганди

“Қарши халқаро аэропорти” МЧЖ ISO 9001:2015 сифат менежменти тизими аудит текширувидан муваффақиятли ўтиб, халқаро стандартлар бўйича мувофиқлик сертификатини қўлга киритадиган бўлди.

Аэропортда “Русский Регистр” сертификатлаштириш ассоциациясининг аудиторлар гуруҳи иш олиб борди. Қарши халқаро аэропорти томонидан амалга оширилган барча жараёнлар улар томонидан ижобий баҳоланди.

Аудитнинг мақсади жамиятнинг сифат менежменти тизими самарали ишлашини ва тўғри йўналишда ривожланаётганини аниқлашдан иборат эди. Аудиторлар хатарларни бошқариш тизимини, МЧЖнинг сифат сиёсатини, ходимларнинг хизматларни тақдим этиш бўйича билимларини ва аэропортда яратилган шароитларни синчковлик билан ўрганиб чиқдилар.

ISO 9001:2015 сифат менежменти – истеъмолчиларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган тизимдир. Мазкур халқаро стандартнинг жорий қилиниши аэропортда иш жараёнларини амалга ошириш мезонлари ва мижозларнинг аэропортга бўлган муносабатини таҳлил қилиб боришга замин яратади. Хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтиришга омил бўлади.

Мазкур мувофиқлик сертификатига эга бўлиш корхона ва ташкилотлар учун замонавий меъёр бўлиб, халқаро ҳамкорлик ва бизнесда ишончни ошириш борасидаги дастлабки ва асосий қадамлардан бири ҳисобланади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!