Меню

Қашқадарё

03.08.2017 2067

РУЛДАГИ МАСТ – АТРОФДАГИЛАР УЧУН ҲАМ ХАВФЛИ

- Шуни эсда тутиш керакки, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш давлат ва жамоат тартибига қарши энг хавфли ҳуқуқбузарликлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 131-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Жорий йилнинг 11 июль куни вилоят маъмурий суди сайёр суд мажлисида ана шундай ишлардан бир нечтаси кўриб чиқилди. Хусусан, Ғузор туманилик С.Х. 2017 йил 8 май куни ўзининг бошқарувида бўлган “ВАЗ-2106” русумли автомашинани спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда Ғузор-Қарши йўлида бошқариб келаётган вақтда йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан текширилган. Тиббий хулосага кўра, унга “енгил” маст ҳолда деб маълумотнома берилган.

Натижада унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 131-моддаси 1-қисми билан бир йил олти ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Яна бир ҳолатда шу туманлик А.М. жорий йилнинг 18 июнь куни “ВАЗ-2103” русумли автомашинани маст ҳолда бошқаргани аниқланган. Унга нисбатан ҳам транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълумки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 7-моддасида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга, фуқароларни онгли, интизомли бўлиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирлар ишлаб чиқадилар ва уларни амалга оширадилар, деб кўрсатилган. Шундай экан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳам ўз фаолиятида бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўришлари, фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида спиртли ичимлик истеъмол қилишнинг зарарли оқибатлари, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, транспорт воситаларини бошқариш натижасида фуқаролар оғир тан жароҳатлари олишлари ва одамлар ўлими келиб чиқаётгани ҳолатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб боришлари зарур. Шунда ҳар бир кишида бу зарарли иллатга қарши фикр шаклланади. Ўшанда қонун талабига ҳам риоя қилинади. Мастлик – ростлик, деган ўйлаб топилган нақлда қанчалик жон бор-йўқ, билмадиму, бироқ бу ҳолда машина рулига ўтириш зинҳор ярамайди. Чунки бу билан киши аввало ўзининг, сўнгра бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди. Шуни эсдан чиқармаслик керак.

Жавобларни Б.САЙФИЕВ ёзиб олди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!