Меню

Қашқадарё

01.08.2024 5474

Ўртача ойлик иш ҳақининг энг кам миқдори - ҳамон Қашқадарёда

Долзарб статистика

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги мамлакатимизда жорий йил январь-июнь ойларида номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги дастлабки маълумотларни эълон қилди.

Уларга кўра, Ўзбекистонда шу йилнинг биринчи ярмида номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи (қишлоқ хўжалиги корхоналари ва кичик тадбиркорлик субъектларисиз) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 фоизга кўпайиб, 5 миллион 92,2 минг сўмни ташкил этган.

- 2024 йилнинг январь-июнь ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳрида (8 миллион 450,9 минг сўм), Навоий вилоятида (6 миллион 601,9 минг сўм), Тошкент вилоятида (4 миллион 917,8 минг сўм), Андижон вилоятида (4 миллион 446,5 минг сўм) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (4 миллион 165,4 минг сўм) кузатилди, - дея маълум қилинади Статистика агентлигининг демография, меҳнат ва гендер статистикаси бошқармаси томонидан тайёрланган пресс-релизда.

Унда қайд этилишича, ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда жами 3 миллион 135 минг 49 нафар ходимнинг маълумотларидан фойдаланилган.

Эътиборлиси, Ўзбекистон харитаси шаклида ишланиб, ўртача ойлик иш ҳақининг ҳудудлар кесимидаги миқдорлари кўрсатилган инфографикада вилоятимиздаги мазкур кўрсаткич (3 миллион 634,4 минг сўм) бошқа барча ҳудудлардагидан паст эканлигини кўриш мумкин.  

Пресс-релизда келтирилган йиллар кесимидаги динамикага кўра, юртимизда ўртача ойлик иш ҳақи 2020 йилнинг дастлабки олти ойидаги 2 миллион 560,6 минг сўмдан 2024 йилнинг мос давридаги 5 миллион 92,2 минг сўмгача, Тошкент шаҳрида эса худди шу вақт мобайнида 3 миллион 655,3 минг сўмдан 8 миллион 450,9 минг сўмгача кўтарилган бўлса, Қашқадарёда беш йил олдинги рақам 1 миллион 988,4 минг сўмни ташкил этиб, бу йилгиси 3 миллион 634,4 минг сўмгача ошган.

Ҳолислик нуқтаи назардан айтиш жоизки, иқтисодий фаолият турлари кесимида қаралганда, айрим жабҳаларда вилоятимиз ўртача ойлик иш ҳақининг миқдори бўйича аутсайдерлар эмас, аксинча, етакчилар сафидадир. Масалан, саноат соҳасидаги мазкур кўрсаткич бўйича Қашқадарё (5 миллион 856,2 минг сўм) Навоий вилояти, Тошкент шаҳри ҳамда Андижон ва Тошкент вилоятларидан кейин бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Ахборот ва алоқа иқтисодий фаолият тури бўйича эса вилоятимизда ўртача ойлик иш ҳақи бундан-да юқори бўлиб, 8 миллион 698,8 минг сўмга тенгдир. Бу соҳада воҳамиз республика миқёсида Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидан кейинги учинчи қатордан жой олган.

Шунингдек, санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида (республика бўйича 3-ўрин, ўртача ойлик иш ҳақи - 4 миллион 483,8 минг сўм), ташиш ва сақлаш хизматлари (6-ўрин, 6 миллион 428,1 минг сўм), банк,     суғурта, лизинг ва воситачилик фаолияти (5-ўрин, 11 миллион 905,8 минг сўм) бўйича ҳам вилоятимиз кўрсаткичларини ёмон деб бўлмайди.

Аммо яшаш ва овқатланиш хизматлари (8-ўрин, 2 миллион 527,7 минг сўм), қурилиш (8-ўрин, 4 миллион 413,2 минг сўм), савдо (11-ўрин, 3 миллион 595,4 минг сўм) ва, айниқса, таълим  (охирги 14-ўрин, 2 миллион 916,8 минг сўм) ҳамда  соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш (охирги 14-ўрин, 2 миллион 590,2 минг сўм) жабҳаларида вилоятимизда ўртача ойлик иш ҳақининг миқдори анча паст эканлиги яққол кўзга ташланмоқда. Бу эса, табиийки, вилоятнинг умумий кўрсаткичига ҳам салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.

Пресс-релизда изоҳ берилишича, номинал ҳисобланган иш ҳақи маълум бир давр (соат, ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи ёлланма ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзида жисмоний    шахсга пул шаклида ҳисобланган даромадлардан иборат.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!