Меню
Қашқадарё
РОССИЯНИНГ "ШИМОЛИЙ ПОЙТАХТИ"ДАН — ҚАРШИГА
"Sukhoi Superjet 100" русумли самолётда Қашқадарёга учиб келган 100 нафар йўловчи - ватандошларимиз ва россиялик сайёҳлар, шунингдек, экипаж аъзолари Қарши халқаро аэропортида катта тантана билан кутиб олинди.
-"ИрАэро" шаҳримиз ва Россия Федерациясининг минтақалари ўртасида мунтазам парвозларни йўлга қўйган учинчи хорижий авиакомпаниядир, - дейди Қарши халқаро аэропорти директори Ўктам Қурбонназаров. - Шу пайтгача воҳамизга Россиянинг яна иккита компанияси - "Уральские авиалинии" ва "Норд Винд" самолётлари учар эди. Умид қиламизки, тез орада улар сони янада кўпайиб, Қаршидан амалга оширилаётган парвозлар географияси анча кенгаяди. Зеро, шу йил 1 октябрдан аэропортимизда "бешинчи ҳаво эркинлиги" қўлланадиган "очиқ осмон" режими ишга тушди.
"ИрАэро" вакилларининг маълум қилишича, ушбу авиакомпания ҳаво кемалари илгари Ўзбекистондаги фақат битта шаҳар - Фарғонага (Иркутск ва Красноярскдан) мунтазам қатновни бажарган. Санкт-Петербург - Қарши - Санкт-Петербург бўйлаб йўлга қўйилган парвозлар эса "ИрАэро" учун Ўзбекистон ва Россиянинг Европадаги қисмини боғлаб турувчи биринчи йўналишдир. Умуман олганда эса, 2006 йилдан бошлаб йўловчи ташиш билан шуғулланиб келаётган мазкур авиакомпания Россиянинг кўплаб шаҳарлари ва дунёнинг турли мамлакатларига 70 та йўналиш бўйича парвозларни амалга ошириб, ҳар ҳафтада 150 дан ортиқ рейсларни бажаради.
Шу куннинг ўзида яна 100 нафарга яқин йўловчи "ИрАэро" авиакомпаниясининг замонавий ҳаво лайнерида Қаршидан Россиянинг "шимолий пойтахти" - Санкт-Петербургга учиб кетди.
Ўз мухбиримиз
Суратларда: янги йўналиш бўйлаб амалга оширилган биринчи рейс йўловчилари ва экипаж аъзоларини Қарши халқаро аэропортида кутиб олиш жараёнидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.