Меню

Қашқадарё

23.05.2024 3235

ЎРМОНГА ЎТ КЕТСА, ХАСГА КИМ АЧИНАДИ?

Сараланган сатрлар

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қулман Очил асли кўкдалалик, публицистик чиқишларидан ташқари "Жайдари фалсафа", "Сой соҳили", "Баракали йигит", "Омонат ва матонат", "Гардан ва гардун" каби бадиий китоблари чоп этилган, Эрнест Хемингуэй, Габриэль Гарсиа Маркес, Иво Андрич, Рюноскэ Акутагава, Симон Кармиггелт сингари атоқли адибларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирган.

Қуйида адибнинг яқинда нашр қилинган "Омонат ва матонат" китобидан эътиборга молик лавҳаларни сараладик. Китобдан муаллифнинг насрий асарлари, эсселари ва суҳбатлари ўрин олган. Собиқ тузум давридаги адолатсизликлар, бугунги кун воқелиги, эртанги кун вазифалари ҳақида муаллифнинг ўз сўзи борлиги китобхон эътиборини ўзига тортади.

*   *   *

Қайси мамлакатда, қайси жамиятда, қайси амалдор танқидни касбга айлантирган журналистнинг елкасига тўн ёпган?

Ўтмишдан изламанг - тополмайсиз. Келажакдан боумид бўлманг - гумон бисёр. Инсон (фақат инсонми!) шундай яралган. Тинчини бузаверганни, ҳадди сиғса, тўздирмай қўймайди.

*   *   *

Бўйни бўш ходим раҳбар зотининг ҳаммасига ёқади.

*   *   *

Ишдан кетдинг - кучдан кетдинг.

*   *   *

Ўрмонга ўт кетса, хасга ким ачинади? Инсоният пайдо бўлибдики - шундай. Панада туриб нодонларни гизгизлайдилар. Лекин "ваҳ" десанг, ҳаммасининг жони ҳалқумига келади. Фақат қачон, кимга, қандай "ваҳ" дейишни билиш керак. Ўн қарғага - бир кесак.

*   *   *

Балки минг, балки икки минг йил илгари ҳам тобе қабила вакилини фотиҳ мана шундай - менсимай, истеҳзою масхараомуз кузатгандир: сен тирранча нима қилиб юрибсан? Балки Соҳибқирон Амир Темурнинг олдида мана шу прокурорнинг бобокалони тиз чўкиб шафқат сўрагандир? Гардуну дун адоқсиз айланаверади. Янги авлодлар келиб-кетаверади. Яна минг, ўн минг йилдан кейин нима ўзгаради? Ўзгарадими?

*   *   *

Ҳибсхонада энг қадрли нарса тоза ҳаво билан суварак эканини билмайди. Буни катакдай хонада ўн-ўн беш одам қанорга тиқилган сомондай эзилиб ўтирса билади. Буни овқат тарқатувчи маҳбуслар ошхонаю омборхоналарда атайлаб кўпайтириб, семиртириб сотадиган бир гугурт қути - уч-тўртта суваракни икки шиша арақнинг пулига ялиниб-ёлвориб сотиб олганда билади. Камерада битта суваракни бехосдан босиб олгани учун одамнинг боши кетиши мумкин. Суварак - тахта кананинг кушандаси. Кана - одамнинг. Бундай жойларда ҳашарот - суварак одамдан азиз эканини билмайди. Бандасининг қамоқда чиригани - шу!

*   *   *

Бандаси тўғри йўлдан оғаман деса, болам, энг яқин одамларининг, жонкуярларининг гапларини назар-писанд қилмай қўяди, дерди ота. Иблис унинг дилига илондек ин қуриб, болалай бошлаганининг, бандасининг хор-зор, шармандаи шармисор бўлсам, майли деб, шайтон йўлига кирганининг биринчи белгиси шу. Илон ўз ўлжасини аввал алдайди, аврайди, карахт қилиб, сўнг гирибонидан олади. Ҳаром-хариш, наҳс босиб юрган одамнинг гуноҳи, касофати ўзига эмас, энг аввал бола-чақасига, гулдеккина гўдакларига уради. Эслаб қолинг, ўғлим, бола-чақасига уради!

*   *   *

Нақл қилишларича, бандасидан эҳтиёт бўл, деб уқтирар экан иблис ўз боласига. Инсон ҳамма қилғилиқни ўзи, ўз ихтиёри билан қилади-да, икки оёғи бир этикка тиқилганида, барча айбни бизга, шайтон аҳлига ағдаришга уринади. Мен мусичаи беозор, бокираи фариштаман, деб ёзғиради. Мени шайтон йўлдан урди, ҳаммасига шайтони лаин  айбдор, деб бизга туҳмат қилади.

*   *   *

Кўнгилнинг кўзи кўр. Кўчаси кўп - ҳар нарсага суст кетиши мумкин. Лекин ялтираган ҳамма нарса ҳам тилло бўлавермайди.

*   *   *

Эл-юртинг тинч, ҳаётинг тўкис, фарзандларинг соғ-омон, ишларинг жойида эканини ҳис қилиш, англаш ва англаш асносида шуурингда бир ҳузур туйсанг, кўкрагингни тў-ўлдириб нафас олсанг, бунинг савобига ким етсин! Ўзингиз айтинг, бундай кезларда ҳаяжонланмасликнинг, қачонлардир ҳамсабоқ қизга ёзган шеърингни эсламасликнинг ва уни оҳангга солиб, хиргойи қилмасликнинг иложи борми!

*   *   *

Бундай пайтда худога тавалло қилишдан ўзга чора қолмайди. Яратган эса фақат бошига ташвиш тушганида Эгасини эслайдиган бандаларини унчалик хуш кўрмаслиги аён.

*   *   *

Одамлар ҳаромдан ҳазар қилмай қўйди. Ҳали қарасанг, эшак гўштини пуллаган. Яна бири масжидда чўнтакка тушган. Энди ибодатхонанинг эҳсон қутисини ўмариб кетишибди. Бу ҳолда эл-юртда барака бўладими?..

*   *   *

Бандаси икки хил бўлади. Бири - ишлаш учун жон-жаҳди билан йўл қидиради. Тинимсиз темтинади. Жаҳд қилса, ҳар қандай юмушни дўндиради. Ҳар қандай одамни ўз гапига кўндиради. Бахту барака - биринчисида. Иккинчиси - қўлини совуқ сувга урмаслик, иложи бўлса, бутини кўтари-иб телевизор томоша қилиб ётиш учун баҳона излайди. Иккинчиси - шўрпешона. Бахтсиз. Баракасиз.

*   *   *

Шўролар замонида Термизу Тифлисда ҳам, Ургуту Сургутда ҳам - ҳамма жойда, барча ошхоналарда хўроз бир хил қичқирган: овқатга "қўли текканнинг оғзи тегар"ди. Яъниким, раҳбару ходим масаллиқдан урарди: таъминотчи, омборчи, ошпаз, бош ошпаз, ҳисобчи, бу ёқда директор… Чунки ҳамма нарса давлатники. Давлат бой, мол-дунёси камайиб қолмайди. Мантининг гўшти кам, пиёзи мўл, хамири қалин бўлгани шундан. Шўрва шилдир-шилдир, эти тошдан қаттиқ, картошкаси   "серяра" бўлгани шундан. Қозондаги туби кўриниб қолган шўрвага оқшом бир челак қайноқ сув қўшиб юборилганини айтмасак-да бўлади. Аммо шугина таомни ҳам бозорга келган авом товоғигача ялаб-юлқаб кетишидан емакхона аҳлининг кўнгли доим тўқ: одамларнинг борадиган бошқа ошхонаси, танлаш имконияти йўқ.

*   *   *

Ҳаёт - шафқатсиз, дейдилар баъзан. Уни шафқатсиз қилгувчи нодонлигу жоҳиллик, кину адоват эмасми?

*   *   *

Дўст кулфатда билинади, деган нақл бор. Ҳақ гап. Лекин менга қолса айтар эдимки, чин дўст роҳатда - омадинг юришганда билинади. Нега? Бошига кулфат тушган одамга ҳамдард бўлиш, меҳр-оқибат кўрсатиш кўпнинг қўлидан келадиган иш. Лекин ўзганинг ютуғидан қувонишни ҳамма ҳам эплай олмайди. Ютуғинг барчага бирдек ёқавермайди. Ҳатто баъзан энг яқин ошнанг, жигаринг ҳам эришаётган муваффақиятларингни кўриб, кайфияти бузилиб кетганига гувоҳ бўласану ноқулай аҳволга тушасан. Тилида сени табриклаб, қутлаб тургани билан, ичида зил кетаётганини сезасан: "Нега бунинг ишлари гуруллаб кетяпти-ю, меники ўлда-жўлда?.."

*   *   *

Овруполик фозиллар ёзмишларки, аҳолининг бор-йўғи ўн фоизидагина тадбиркорлик иқтидори бўлади. Шу ўн фоизнинг аксари йигирма бешга тўлиб-тўлмаган йигит-қизлар. Бу ёшда нафақат билакда куч, вужудда ғайрат, орзу-ниятда ранг-баранглик, балки дунёни ўзгартириб юборишга катта ишонч ҳам бўлади. Таваккалчилик, некбинлик, жўмардлик, тажрибаю синовлардан тап тортмаслик кўпроқ шундайларга хос. Чунки "юки енгил". Зиммасида ҳали оила, рўзғор ташвиши йўқ. Ҳали раъйи қайтмаган, шохи синмаган. Ҳаммаси кейин қийинлашиб бораверади.

Тадбиркорман деганни гапга солиб кўринг. Бирортаси ўз ишини осон дермикан. Маза қилиб яшаётганидан мақтанармикан. Йўқ. Лекин бир иш қилишдан кўра, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олиб ўтиришни афзал биладиганларга, умрида ақалли товуқкатак қурмаган, бировнинг қўлига обдастада сув қуймаганларга номдор тадбиркорлардан гап очсангиз, ўйлаб-нетиб ўтирмасдан, беписанд қўл силтайди: "Фалончими? Омади келган. Отаси ёрдам берган, энаси маблағ ажратган, тоғаси қўллаган. Қайнотаси сийлаган…"

Аҳли тадбиркорни ўғрию муттаҳамга чиқариб қўйишни хуш кўради. Аслида ботинига дурустроқ назар солсангиз, танбалнинг заҳматкашга, камбағалнинг бадавлатга ҳасадини кўрасиз.

*   *   *

Бу дунёда ҳамма нарса омонат. Инсон ҳаёти ҳам.

Одам боласи бу ҳикматни умри бўйи кўп эшитади. Бироқ ҳамма уни англаб етмайди. Англаб етиши учун инсон, бирор марта бўлсин, ажал билан юзма-юз келиши керак, чамаси. Шунда у ҳаёт деган буюк неъматнинг, инсоннинг, тинчликнинг қадрига етишга ўрганади, балки.

*   *   *

Дарвоқе, 1990-йили бир маҳмадона журналист Эркин Аъзамга шунга яқин савол берган экан: "Фараз қилайликки, ўзга сайёрага парвоз этдингиз. Манзилда сизга ажойиб зотлар пешвоз чиқиб, "Эй азиз меҳмон, кўнглингиз тусаганини сўранг,  дарҳол бажо этамиз" дейишса, улардан нимани тилардингиз?"

Адибнинг жавобини қаранг: "Шундай оламшумул мўъжиза, бахт менга насиб этса-ю, ўзимнинг майда-чуйда истакларимни айтсам уят бўларди, албатта. Масалан, ўн йилдан буён бир бедаво дард мени қийнайди - қулоғим тинимсиз шанғиллаб туради, шуни тузатиб беринг, ўзга сайёралик дўстим, деб илтимос қилишим кулгили эмасми! Чунки Ер шарида менга ўхшаган тўрт миллиард одам борки, ҳаммаси ҳам ўзига яраша бирор дардни орқалаб юради. Ёки, менга битта "Мерседес" совға қилсанглар-чи, десам ниҳоятда уятли иш бўларди. Нега бу қадар пастсанлар, эй ерликлар, деб ўлдириб қўйишлари тайин".

Шунинг учун танти адиб уларнинг олдида тиз чўкиб таваллолар қилмоқни лозим топади: "Қўлингиздан келса, биз, аҳли заминни энди озгина комил қилинг, бир-биримизга озгина кечиримли қилинг, озгина меҳр-оқибатли қилинг! Қолгани ўзимизнинг қўлимизда".

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!