Меню

Қашқадарё

18.05.2017 2481

ЎРИК ЕНГУ ДАРД БИЛМАНГ

Ўрик (зардоли) – раъногулдошлар оиласига мансуб мевали дарахт. Унинг дунё бўйича 7 тури маълум. Айниқса, жайдари тури энг кўп тарқалган. Минтақамизда экиладиган ўрик  навларининг кўпчилиги оддий турга мансуб. “Ўзбекистон”, “Тарзами”, “Аҳрори”, “Руҳи Жувонон”, “Кўрсодиқ”, “Исфарак”, “Субҳони”, “Хурмойи” каби навлари экилади. Ҳосили асосан июнь-июль ойида пишади.

Меваси инсон организми учун кони фойда. Мавсумнинг қисқа муддатида пишиб ўтадиган ушбу мевани қуритиб сақлаб, йил бўйи истеъмол қилиш мумкин. Кексаларимиз мева пишиғида ўрикни уч-тўрт маротаба тўйиб ейишни маслаҳат беришади. Қишда эса унинг туршаги энг яхши дармондори бўлади. Шу боис, салқин жойда авайлаб қуритиб, қурт-қумурсқадан эҳтиётланади. Дармондориларга бой, қувватбахш туршак кишини тўқ тутади. Шифокорлар ўрикдан тайёрланган ҳар қандай маҳсулотни юрак-қон томир тизими касалликларида қўллайди. Мутахассисларнинг айтишича, янги пишган мевасидан ҳар куни 10-15 дона ейилса, юрак фаолияти маромида ишлайди ва қон айланишини яхшилайди. Шунингдек, юрак-қон томир хасталикларининг олдини олади.

Маълумотларга кўра, чет эл дорихоналарида қадоқланган ўрик сотилар ва ундан юрак касалликларига шифо бўлувчи энг яхши дори воситаси сифатида фойдаланилар экан. Туршагидан тайёрланган шарбати ташналикни қондиради. Шу боисдан ҳам кунлар исиши билан кўча-кўйларда, бозорларимизда ўрик шарбати салқин ичимлик сифатида сотилади.

Халқ табобатида аччиқ данакли ўрик баргининг суви билан қулоқдаги оғриқни даволашган.

Биологларнинг айтишича, таркибидаги А витаминининг миқдори жиҳатидан ўрик исмалоқ ва тухум сариғидан қолишмайди. 100 грамм миқдоридаги ўрик камқонликда фойдали бўлиб, қон яратиш жараёнига худди 40 миллиграмм темир ёки 250 грамм янги жигар билан бирдек таъсир кўрсатади. Иммунитети пасайган, камқувват кишилар йил бўйи истеъмол қилишса, танига қувват бағишлаб, ҳорғинликнинг олдини олади. Халқ табобатида юрак оғриганда, у ҳапқирганда, қон босими кўтарилганда ўрик мағзини чой қилиб ичиш тавсия этилади. Тиб илми султони Абу Али ибн Сино ўрик меваси ва елими меъда-ичак фаолиятига ижобий таъсир этишини исботлаган. Шунингдек, жигар, талоқ иши бузилганда қон таркибини яхшилаш, юрак-қон томир хасталикларининг олдини олишда тавсия этади. У ўз асарларида ўрикни турли-туман таомларга солиб истеъмол қилиш фойдали экани ҳақида ёзади. Замонавий табобатда бу мевани пешоб ҳайдовчи дори воситалари ва юрак гликозидлари ичилгандан кейин ҳамда миокард инфаркти пайтида ҳосил бўладиган аритмияларда истеъмол қилиш тавсия этилади. Унинг таркибидаги каротин организмни А витамини билан таъминлайди. Шунингдек, у тери қатлами ҳамда шиллиқ пардалар фаолиятини яхшилайди, атеросклерознинг олдини олади. 

Аммо ҳар нарсанинг меъёри бўлганидек, бу неъматни ейиш мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам бор. Таркибида қанд моддаси борлиги сабабли шифокорлар уни қандли диабет билан оғриган кишиларга тавсия этмайди. Ўрик мағзини 20 граммдан ортиқ миқдорда истеъмол қилиш ҳам мумкин эмас. Агар ўрик мағзини мураббога солмоқчи бўлсангиз, солишдан олдин бир қайнатиб сувини тўкиб ташланг. Чунки қайнаганда унинг таркибидаги кераксиз моддалар чиқиб кетади. Ҳўл ўрик мевалари эса яра касаллиги ва ўткир гепатит билан оғриган беморларга ҳам тавсия этилмайди.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!