Меню
Қашқадарё
ҚЎРИҚХОНА - ХАТЛАБ БЕРИЛГАН ТОМОРҚА ЭМАС
Яқинда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига келиб тушган мурожаат асосида Яккабоғ ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги ҳамда "Ҳисор" давлат қўриқхонаси ҳудудларида ноқонуний ов қилиш (броконерлик) ҳолатлари содир бўлаётганлиги хабари олинган.
Бинобарин, вилоятимизнинг тоғли, энг сўлим гўшаларини ўз ичига олган бу ҳудудда кўплаб камёб, йўқолиб бораётган ўсимликлар, ҳайвонлар, қушлар мавжуд. Уларнинг бир қанчаси "Қизил китоб"га киритилган.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг тўрт нафар инспектори томонидан мурожаат бўйича холислар иштирокида икки кун давомида ҳудуддаги ҳолат ўрганилди.
Биринчи кун гуруҳ эрта тонгдан Яккабоғ туманининг Татар қишлоғидан Яккабоғ ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги ҳудуди бўйлаб ҳаракатланди. Шунда сўқмоқ йўлдан пастга томон келаётган бир отлиқ ва икки нафар пиёда киши эътиборни тортди. Уларнинг бирида ов милтиғи мавжуд эди.
Инспекторлар ўзларини таништириб, уларнинг қўлидаги халталарни кўздан кечирганда, битта ярадор каклик ҳамда 1,5 килограмм миқдордаги Ўзбекистон Республикаси "Қизил китоби"га киритилган рўян ўсимлиги борлиги аниқланди. Эътиборли томони, уларда на ов қилиш, на доривор ўсимликни териш учун тегишли рухсатнома йўқ эди.
Далилий ашёлар ҳужжатлаштириб олингач, яна ҳаракат давом эттирилди. Кун пешиндан оғганда ўрмон хўжалиги ҳудудида ноқонуний қуриб олинган чайлага дуч келинди. У ерда икки киши ёнида ов милтиқлари билан турарди.
Ўтказилган савол-жавоблар давомида аниқ бўлдики, Касби туманининг Тошқўрғон қишлоғида яшовчи ушбу фуқаролар ноқонуний равишда овчилик билан шуғулланган, айни пайтда ҳам 3 та какликни овлашга улгуришган экан.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, яна назорат ҳаракати давом эттирилди. Баландликка кўтарилган сари қор қалинлашар, совуқ кучаяр, бунинг устига кеч кириб, атрофга қоронғилик ўз пардаларини ёя бошлаётган эди.
Гуруҳ тунни Ҳисор давлат қўриқхонаси Қизилсув бўлимининг қўриқхона уйида ўтказди. Тонг отганда маълум бўлдики, қўриқхона ишчи отлари учун қурилган айвонда 41 бош йирик шохли чорва моллари боқилаётган экан. Аниқланишича, ушбу қорамоллар қўриқхона бўлим бошлиғига тегишли бўлиб, ҳудудда ноқонуний равишда парваришлаб келинган. Ҳолат юзасидан ҳужжатлаштириш ишлари ҳал этилгач, яна ортга қайтилди.
Иккинчи куни кечга яқин Татар қишлоғи ҳудудида яна бир ноқонуний ҳолат аниқланди. Шу қишлоқлик фуқаро тегишли рухсатномасиз бир қуённи овлаб келаётгани равшанлашди.
Албатта, бу икки кун давомида, бир йўналиш бўйича олиб борилган ўрганишларда аниқланган ҳолатлар. Ноқонуний овчилик, ўсимликларни йиғиш ёки муҳофаза этиладиган ҳудудлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ушбу фуқароларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чора қўлланилди. Аммо бундай ишлар яна давом этмаслиги учун ўрмон хўжаликлари, қўриқхона раҳбариятлари ҳам эътиборли бўлиши, ўз ҳудудларини ишончли муҳофаза этиш чораларини кўришлари мақсадга мувофиқ.
Шерзод САЛОМОВ,
бошқарма масъул ходими