Меню
Қашқадарё
ЎРГАНИШ - БИР ҲУНАР, ЎРГАТИШ - ИККИ ҲУНАР
Ҳунари бор - ҳамма ҳам уддалай олавермайдиган муайян ишни қойилмақом қилиб бажара олиш илмини чуқур эгаллаган инсонларга бериладиган нисбат бу. Бундайлар қуради, ясайди, пиширади, тикади, тўқийди ва ҳоказо. Кимдир ҳунарни тирикчилиги учун ўрганса, қайсидир оилаларда ҳунармандчиликнинг бирор тури билан шуғулланиш авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъана ҳисобланади.
Косонлик нафақадаги ўқитувчи Гулбаҳор Бобоқулова ҳам урчуқ йигириш, гилам тўқиш ҳунарини ёшлик чоғларида оиласидаги катталардан ўрганган. 30 йил мактабда ёшларга физика фанидан сабоқ бериб, бу ҳунар тури билан деярли шуғулланмаган бўлсада, нафақага чиққач уйда ўтиролмади.
- Бир куни дўконга чиқсам, маҳаллада гиламчилик цехи очилганини эшитдим, - дейди у. - Қизиқиб бордим, катта хонада 20 та дастгоҳ қўйилган, таниш аёллар гилам тўқиб ўтиришибди. Ёшлик хотираларим ёдга тушиб, дастгоҳ ёнига ўтирдим ва ўзимни синаб кўрдим, ҳаммаси ажойиб, ярим соатда йигирма сантиметрча тўқидим.
Ҳаммаси ана шундан бошланди. Эртаси куни туманга келган "Ҳунурманд" уюшмаси вакиллари Гулбаҳор Бобоқулова билан ҳам учрашишди. Кўп йиллик ўқитувчилик тажрибасига эга ҳунарманд эмасми, унга "Аёллар дафтари"да турган хотин-қизларни иш билан банд қилиш учун очилган уч ойлик курсда аёлларга гилам тўқишни ўргатиш таклифини беришди.
- Рози бўлдим, - дейди нафақадаги ўқитувчи. - Кейин ўзимда ҳам янги ғоялар туғилди. Ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтдим ва изланишга тушдим. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан келишув қилиб, устоз-шогирд анъаналари асосида ишсиз хотин-қизларга гилам тўқиш сирларини ўргатиш баробарида маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам бошладик.
Гулбаҳор Бобоқулова ўтган йили Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида ўзи тўқиган маҳсулотлари билан иштирок этганди. Йирик тадбирга дастгоҳларини ҳам олиб боришни унутмаган ҳунарманднинг ўша ерда маҳорат дарси доирасида тўқиган гиламчасига таиландлик сайёҳ ихлосманд бўлиб қолиб, сотиб олган.
- Кўпгина хорижликлар қўл меҳнатини жуда қадрлашаркан, - дейди ҳунарманд. - Айниқса, пахта ва жундан тўқилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизга қизиқиш юқори. Фестивалда кўргазма учун олиб борган анчагина маҳсулотларимиз сотилиб кетди. Чет эллик, хусусан афғон, қирғиз ҳунарманд аёллари билан танишдик, тажриба алмашдик. Ҳозир ҳам улар билан интернет орқали ёзишиб турамиз.
Халқона усулда гилам тўқиш осон иш эмас. Урчуқда йигирилган ипни бўяшдан тортиб, сифатли тўқиш, нақш ёки безакларини тўғри танлаш ва жойлаштириш - ҳамма-ҳаммаси юксак маҳорат талаб қилади.
- Сурхондарё вилоятининг Денов туманига бориб, 12 нафар хотин-қизга бир ҳафталик маҳорат дарси ўтиб келдим, - дейди Гулбаҳор Бобоқулова. - Ҳозир ҳам улар билан алоқаларимиз бор, онлайн тарзда дарсларимни давом эттираяпман. Ҳунар ўрганишга хоҳиши бор аёлларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ишли ва миллий ҳунармандчилигимиз бардавом бўлишига озгина бўлсада ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.
Ҳунарманд айни пайтда унут бўлиб кетаётган халқона нусхаларни замонавийлик билан уйғунлаштирган ҳолда янги услубда гиламлар тўқиш устида иш бошлаган.
- Яқин кунларда Туркияда ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик кўргазмасида иштирок этиш таклифини олганмиз, - дейди у. - Унда Қашқадарё гиламчилик санъатининг ўзига хослиги ва соҳада кейинги йилларда қўлга киритилган ютуқларини намойиш этиш истагидамиз.
Халқимизда ҳунарни зарга, оқар булоққа менгзашади, ризқ келтирувчи амал сифатида қадрлашади. Гулбаҳор Бобоқулова сингари ўз ҳунарини бошқаларга ҳам астойдил ўргатаётганлар эса ана шу зарни жилолантириб, булоқлар оқиши бардавомлигини таъминлабгина қолмай, кўпгина опа-сингилларимизни ҳунар ортидан даромадли қилишга бош қўшаётгани учун офарин!
Шоҳиста БОЗОРОВА