Меню

Қашқадарё

05.05.2020 1353

ЎРГАНГАН КЎНГИЛНИНГ ЎРТАНИШИ

Қилмиш-қидирмиш

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин сабаб аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш лойиҳалари, муборак Рамазон ойи муносабати билан хайр-саховат тадбирлари кенг миқёсда амалга оширилаётган, шундай қийин дамларда кишилар ўртасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик талаб қилинадиган бир чоғда айрим кишилар, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек қинғир ишдан ўзларини тия олишмаётгани ачинарли.

Жумладан, Шаҳрисабз тумани Шуржи қишлоғида яшовчи, Қатағон агросаноат касб-ҳунар коллежида қоровул бўлиб ишловчи С.Ҳ. шу коллежнинг ўқув хонасида, Шаҳрисабз шаҳар Сариосиё МФЙда яшовчи А.И. ва Китоб тумани Севаз МФЙ Сариосиё қишлоғида яшовчи А.Д.нинг жинсий алоқа қилишлари учун 50 минг сўм эвазига шароит яратиб бериб, қўшмачилик қилаётгани аниқланган.

Вилоят ИИБдан маълум қилишларича, олинган пул тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб, жиноят иши қўзғатилган.

Яккабоғ тумани Айғиркўл маҳалласида яшовчи У.С., И.Г. ҳамда М.М. туман ИИБга мурожаат қилиб, 2020 йил 25 апрелга ўтар кечаси икки қаватли бино остида ўрнатилган, нархи 500 минг сўмдан бўлган 3 дона сув тортишга мўлжалланган насос ўғирлаб кетилганини билдиришган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, ушбу жиноятни Яккабоғ тумани Айғиркўл маҳалласида яшовчи З.Ғ. содир этгани аниқланиб, ушланган ва жиноят иши қўзғатилган.

Қарши тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи Р.М. эса фирибгарлар тузоғига тушган. Ўтган йилнинг 3 декабрь куни Касби тумани Денов қишлоғида яшовчи Ю.М. ва У.Ғ. унинг яшаш уйига келиб, ўзларини “кўр ва соқовлар мактаби таъминотчисимиз, молларни сўйиб мактабларга тарқатиб, пулларини нақд пул шаклида берамиз”, деб 2 ҳўкизни 15 миллион 500 минг сўмга савдолашиб, шундан 1 миллион сўмини бериб, қолган 14 миллион 500 минг сўмини 10 кундан кейин беришга ваъда қилишган. Бироқ айтилган пул ҳозирга қадар қайтмаган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам Ю.М. ва Ғ.У.га нисбатан жиноят иши очилган.

Шаҳрисабз шаҳридаги “Афсона” меҳмонхонаси орқа томонида шаҳардаги Қўшҳовуз маҳалласида яшовчи А.С. Маърифат маҳалласилик М.Х.га гугурт қутига жойланган 3,4 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасини 600 минг сўмга сотган. Шу куни соат 17:30 ларда 1 миллион сўм эвазига яна 2 гугурт қутидаги 6,4 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасини пуллаётган вақтда ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.

Юзи қора бу кимсалар энди қонун олдида жавоб беришади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!