Меню

Қашқадарё

15.08.2017 2800

РЕЗАВОР МЕВАЛАР ХИСЛАТИ

Аслида ҳам ҳар қандай резавор меванинг организм учун фойдаси катта. Олимларнинг таъкидлашича, қора қорағат қизил ва оқ қорағатдан, қизил хўжағат оч ранглисидан, кўкимтир олхўри ва қора рангли гилос сариқ ранглисидан кўра фойдали моддаларга бой экан. Мевалардаги нордон ва тахир таъм ҳам уларнинг фойдали эканидан далолатдир.

ҚОРАҒАТ

Қорағат (смородина) шифобахшлиги, витаминларга бойлиги сабабли халқ табобатида кенг қўлланади. Унинг таркибида С витамини кўп. Қорағатнинг резавор мевалар ичида ноёблиги ҳам шундан. Тиббиётда  ундан тумов, грипп ва шамоллашга қарши дори воситалари тайёрланади.

Қорағат меваси аскорбин кислотасига бой. Шунингдек, кўплаб дардларнинг олдини олади. Масалан, саратон ва юрак-қон томир касалликлари хавфининг олдини олиб, ақлий қобилиятнинг сусайишига қарши курашади. Қандли диабет хасталигини енгиллаштириб, кўриш қобилиятини тиклайди.

Қорағат буйрак ва пешоб йўлидаги тошни тушириш хусусиятига ҳам эга. Бунинг учун идишга 5-10 дона қорағат барги ва 10-15 дона меваси солиниб, устидан 2 стакан қайноқ сув қуйилади ва 30 дақиқа тиндирилади. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 3-4 маҳал оз-оздан ичилади. Бу дамлама жигар фаолиятини ҳам яхшилайди ва нафас йўлидаги муаммолардан халос этади. Ушбу дамламани диарея ва ҳарорат кўтарилганда ҳам қўллаш мумкин. Шу билан бирга, гипертония, тиш милклари шамоллаши, ошқозон яраси, ўн икки бармоқли ичак хасталиклари ва гастритни даволашда наф беради. Мураббо ва дамламаси оғир хасталиклар ёки жарроҳлик амалиётидан сўнг истеъмол қилинса, иммунитетни кўтаради ва қувватни оширади, камқонликдан халос этади. Тажрибалар давомида қорағатнинг жароҳатдан кейинги руҳий зўриқишда яхши самара бериши аниқланган. Агар кучли руҳий зўриқиш ҳолатида турган бўлсангиз, бир стакан қорағат компотидан ичсангиз асабларингиз тинчланади.

ХЎЖАҒАТ

 Мамлакатимизда хўжағат (малина) бутаси икки марта - май ва август-сентябрь ойларида  гуллайди. Меваси ёзда ғарқ пишади. Янги узилган хўжағатдан мураббо,  компот, қуюқ шинни,  шарбат, қиём ва бошқа хил консервалар тайёрланади. Хўжағат меваси таркибида 4,5-10,7 фоиз шакар, 1,1-1,9 фоиз фойдали кислоталар, 0,3 фоизгача ошловчи ва азотли моддалар бор.

Хўжағат - беор ўсимлик: ер танламайди. Яхши парваришланса, гектаридан 7-12 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Буталари 8-12 йилгача ҳосил беради. Меваси ширин ва хушбўй. Чанқоқни босади, кишига қувват беради ва ҳазм органларига ижобий таъсир кўрсатади. Қоқиси ва шарбатидан қадим замонлардаёқ дори-дармон сифатида фойдаланилган. Шамоллашдан келиб чиқадиган касалликларни шу шарбат ёрдамида даволашган. Иситмани пасайтиради, терлатади ва пешобни ҳайдайди. Чанқовбосди ичимлик  ўрнида истеъмол қилинса, организмни қувватлантиради, сувсизланишнинг олдини олади.

МАЙМУНЖОН

Резавор мевалардан бири -  маймунжон раъногулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик бута. Новдалари тиканли. Меваси қора ёки қизил-қора. Ўсимликнинг илдизи, барги ва меваси шифобахш. Меваси таркибида 8 фоизгача қанд, 1,5 фоизгача кислота бор. Асосан янги узилган меваси истеъмол қилинади. Ундан мураббо ҳам тайёрланади.

Илдизи эрта баҳорда ёки кузда ковлаб олиниб, яхшилаб ювилади ва очиқ ерда қуритилади. Барги эса ўсимлик гуллаган пайтда йиғилиб, салқинда сақланади. Меваси, барги таркибида қандлар, витамин С, органик кислоталар, каротин, ошловчи моддалар бор. Май-июнь ойларида гуллайди, меваси июнь-июль ойларида пишади.

Халқ табобатида маймунжон меваси организмни кераксиз моддалардан тозаловчи, иштаҳа очувчи, иситма кўтарилганда ҳароратни пасайтирувчи, чанқов босувчи, терлатувчи дори сифатида ишлатилади. Илдизидан тайёрланган қайнатма сийдик ҳайдовчи дори сифатида ҳамда тиш милклари касалланганда оғизни чайиш учун қўлланади. Ушбу дамлама оғиз ва томоқ йўлидаги микробларни ўлдиради. Томоқ оғриғида фойдали. Барг дамламаси шамоллаш касалликларида ичилса терлатади. Дамламага оёқ ва қўл ботириб турилса, кўп терлашдан халос бўлиш мумкин. Ҳўл барги майдаланиб, темиратки ва сурункали йирингли яраларга боғланса, ярани тузатади. Қўтир касаллигида ҳам шу усул қўлланади.  Ўсимликнинг юқори новдалари дамланиб, кунига уч маҳал овқатдан олдин ичиб юрилса, қандли диабетда фойда қилади.

Манбалар асосида СОЖИДА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!