Меню

Қашқадарё

06.01.2018 2324

РЕСПУБЛИКАДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛАДИ-Ю, ВИЛОЯТДА КЎРИНМАЙДИ. НЕГА?

Ўлмас Саиджонов, Замира Суюнова, Умрзоқ Қувватов каби “овоз”лар эса ягона. Уларнинг йўлини давом эттирадиган санъаткорлар ичида ёшларнинг ҳам кўплиги қувонарли, албатта.

Балки эшитган чиқарсиз, Қарши давлат университети қошида ташкил этилган, мусиқа кафедраси талабаларидан иборат “Зиё садолари” жамоаси 2014 йилда олий ўқув юртлари ўртасида “Ягонасан, муқаддас Ватан” кўрик-танловининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритган. Ўшанда жамоа солисти Юлдуз Набиеванинг иқтидори, соҳир овози нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътироф этилганди.

Қарангки, бу жамоа 2015 йилда ҳам шу танловда яна 1-ўринга лойиқ кўрилди. Балки бу тасодифдир, деб ўйлашингиз мумкин, бироқ 2016 йилда ҳам республикада “Зиё садолари”га тенг келадигани топилмади.

Бошқа ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмаслик мақсадида жамоа ўтган йилда ҳам илгариги натижаларини қайд этиб, 1-даражали дипломлари сонини яна биттага кўпайтириб қўйди.

Аҳамиятлиси, жамоа таркиби ҳар йили янгиланади. Аввал-бошда солист сифатида Юлдуз Набиева қатнашган бўлса, кейин Малика Ҳамроева, сўнг Хуршид Халилов, Фурқат Умаров яккахон ижрочи сифатида қобилиятларини намоён этишди. Кўринаяптики, жамоа кучли ижрочилардан тузилаяпти. Бўлмаса денг, қаторасига тўрт йил ғолибликни қўлга киритишнинг ўзи бўладими? Боз устига юртимизда олий таълим муассасаларининг сони ҳам кўп бўлса.

Демак, улардан келгусида бундан-да юксак натижалар кутса бўлади. Дастлабки қадамлар шундан далолат бериб турибди. Агар бу жамоани вилоятнинг оммавий байрам тадбирларига ҳам жалб қиладиган бўлсак, улар янада “очилиши”, қобилиятини янада яққол намоён этиши мумкин. Бироқ ҳозирча бу амалга ошмай турибди, яъни уларни вилоят тантаналарига чақиришмаяпти. Негалиги бизга қоронғи. Балки тегишли байрам дастурларини тузиб чиқадиганлар бундай жамоа, бундай ёшлар борлигини билишмас. Нима бўлганда ҳам тантанали тадбирларда “Мана, вилоятимиз ёшлари, 4 карра ғолиблар!” дея таништирилса, нур устига аъло нур бўлар эди.

Тан олиш керак, вилоятда санъаткор, хонанда кўп. Ҳолбуки саҳнага янги, ёш юлдузлар ҳам керак – ҳақиқий, порлайдиган юлдузлар. Дейлик, ҳар йили ўнлаб, юзлаб ёшларимиз айнан мусиқа йўналишида чет эллардан нуфузли натижалар билан қайтишади. Агар улар ҳам вилоят байрамларига таклиф этиладиган бўлса, бунинг яна бир фойдаси шу бўладики, ёш истеъдод эгалари катта саҳналарда, давраларда ҳар томонлама ўсади, камолга етади. Томошабинлар ҳам маза қилиб яйрайди.

Маълум бўлишича, “Зиё садолари”га бўлган эътибор университетда ҳам ўзига яраша экан. Жамоанинг ҳатто студияси ҳам йўқ бўлиб, маънан эскирган аппаратуралардан фойдаланиб келинаркан. Хўш, студия қанча харажат талаб қилиши мумкин? Нари борса 50-60 миллион сўм. Наҳотки Қарши давлат университети маъмурияти учун бу қийин вазифа бўлса?! Ҳарҳолда жамоа эришган натижалар биринчи навбатда университет обрўсини юксалтираяпти...

Б.ЎКТАМ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!