Меню
Қашқадарё
РЕКЛАМАГА ҚАРАБ ТАДБИРКОРНИНГ МАДАНИЯТИГА БАҲО БЕРИШ МУМКИН
Бугуннинг гапи
Китоб тумани марказида пештоқида "Мерос", "Анор", "Зар тола", "Иссиқ нон", "Камалак", "Мингчинор", "Ойна" "Маржон" "Нур", "Садаф" ёзиб қўйилган бинолар бор. Бу чиройли ўзбекона сўзларни ўқиш билан кишининг дили ором олади, маъноларини ўйлаб кетади. Ҳар бир сўз ниманидир эслатади, ёдга солади, энг муҳими, аксарият сўзлардаги мазмун бино ичкарисидаги иш фаолияти ҳақида тасаввур уйғотади. Шу тариқа пештоқлардаги ном дастлабки ташвиқот, тарғибот ролини бажаради.
Баъзан эса пешлавҳаларнинг чет тилларида ёзилганини кўрасиз, Сўзларнинг маъносини бирда тушуниб, бирда тушунмайсиз. Гоҳида ўзбекча сўзлар бошқа тиллардаги сўзлар билан қоришиб кетади.
Энг ёмони, айрим ёзувларда имло хатоларининг борлиги. "Ҳ" билан "х"ни, "у" билан "ў"ни алмаштириб юбориш ва ҳоказолар. Ташқи ёзувларнинг нозик томони шундаки, унга ҳамманинг кўзи тушади, ҳамма ўқийди. Аксарият ёш болалар бу ёзувлар қандай бўлса шундайлигича қабул қилади, хато ёзилганини ҳам тўғри, деб ҳисоблайди. Шунинг учун бинолардаги пешлавҳалар, эълонлар, билдиргиларни тайёрлашда саводхонликнинг аҳамияти катта.
Ёзувларнинг рисоладагидай бўлиши кўп ҳолларда ташқи тарғибот воситалари тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ. Китоб тумани ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, адлия, архитектура бўлимлари, туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳамкорлигида ташқи тарғибот воситаларини тайёрлаб берувчи тадбиркорлар фаолияти билан танишилганда ана шулар ҳақида тушунча берилди.
Якка тартибдаги тадбиркор Миршод Жабборов давлат тили масалалари бўйича тарғиботдан кўпгина маълумотларга эга бўлганини айтди. Эътиборли томони шундаки, улар китоб тарғиботи билан ҳам шуғулланишаяпти. Алишер Навоий "Хамса"си, Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар"и, Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб "Икки эшик ораси" асарларининг замонавий усулда рамзий муқоваларини тайёрлашибди.
"Буларни ижодий кечалар, турли тадбирларда фойдаланиш учун буюртма беришган", дейди Миршод Жабборов. Аммо айрим тарғибот воситаларида имло хатолари бор, шу билан бирга, ўзбек тилида муқобили бўла туриб бошқа тиллардаги сўзлар ишлатилган.
Тадбиркорлардан яна бири - Адҳам Холиқов билан суҳбатлашиб, пешлавҳалардаги имловий хатоларни кўрсатдик. "Буларни албатта тўғрилайман. Тайёрлаган маҳсулотларимизда давлат тили мавқеи кўриниб туришини мен ҳам истайман", деди у.
"Dizayn siti" хусусий фирмаси ходими Шавкат Холиқов ҳам мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича қилинаётган ишлардан хабардор экан. Фирмага кираверишдаги лотин ёзувида ёзиб қўйилган тарғибот воситаси анча олдин тайёрлангани, яқин кунларда бошқасига алмаштиришини айтди. Яна бир тадбиркор Қаҳрамон Ашуровнинг эътиборини йил ёзувларидаги хатоликларга қаратдик.
Баъзан оддийгина туюлган кичкинагина нуқта ёки вергулнинг ўзи бутун бошли гап мазмунини ўзгартириб юборади. Айни пайтда умумтаълим мактабларидаги ана шундай камчиликлар тузатилаяпти.
Фан-техника тараққиёти туфайли тилимизга четдан сўзлар оқими шитоб билан кириб келаяптики, ҳатто тилчиларни ҳам шошириб юбораяпти. Ана шундай шароитда четдан кирган сўзларни ўринли ишлатиш билан бирга она тилимизнинг бой имкониятларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти катта. Худди шу мақсадда ташқи тарғибот воситалари тайёрловчи тадбиркорлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Гуландон Сатторова телеграмда "Ташқи реклама" гуруҳини ташкил этиб, тадбиркорларнинг ҳар бирини гуруҳга аъзо қилди. Буюртмаларнинг сифатли, мазмунли, бехато чиқиши учун ижтимоий тармоқ орқали мутахассислардан тезкор маслаҳат олиш йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда ташқи тарғибот воситаларини тартибга солувчи "Реклама тўғрисида"ги, "Давлат тили тўғрисида"ги қонунлар ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Айниқса, рекламаларни тайёрлаш, ўрнатиш, уларнинг мазмун-моҳияти, ўрнатиладиган жой, эгалиги ва ҳоказолар билан боғлиқ масалалар борки, буларнинг ўзи бир мавзу.
Нафсиламбирини айтганда, ҳали пешлавҳалардаги турли эълон, билдирги ва бошқа ёзувларда хато ва камчиликлар кўп. Юртини, элини, ўз она тилини севган ҳар бир киши бундай ёзувларга бефарқ бўлмаслиги, уларда миллий руҳ акс этиб туриши учун жон куйдириши керак. Нима бўлганда ҳам ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ташқи тарғибот воситалари қандай шаклда бўлишидан қатъи назар амалдаги қонунларга мувофиқ бўлишини тақозо этади. Чунки реклама - маданият белгисидир.
Лола ЎРОҚОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси