Меню

Қашқадарё

03.10.2017 2174

РЕКЛАМАДА МАНФААТ УСТУН. МАЪНАВИЯТ-ЧИ?..

Аввалига шундай деб ўйлардим, бироқ яқинда ўзим сезмаган ҳолда фақат реклама қилинаётган маҳсулотларни сотиб олиб ишлатишимни пайқаб қолдим. Мисол учун, ўзим бир неча йилдан буён фойдаланадиган тиш ювиш пастасининг рекламасини ҳар куни кўрар эканман. Телевизорда “энг зўр” яхна ичимлик дея мақталадигани мен учун ҳам “энг зўр”ига айланиб қолибди. Дўконга кириб пештахтадаги 10-15 номдаги мева шарбатларини кўриб чиқишим мумкин, бироқ охирида танлаганим барибир рекламадагиси бўлади. Ишдан қайтаётиб, болаларни хурсанд қилиш мақсадида “жевачка” олиш одатим бор. Бироқ бир санъаткор реклама қилган “жевачка”дан бўлмаса, кичик ўғилчам дарров тўмтайиб олади.

Билдимки, киши рекламага ишонмаслиги мумкин, бироқ барибир унинг таъсиридан буткул халос бўлолмайди. Бир маҳсулотни қайта-қайта кўраверганингиздан сўнг, у ҳақдаги ахборот хотирангизда мустаҳкам ўрнашиб қолади. Натижада дўконга киргач, эътиборингиз биринчи бўлиб “кўз таниш” маҳсулотга ташланади. Бошқа шу турдаги маҳсулотлар ҳақида эса ҳеч нарса билмайсиз. Шу боис аксарият ҳолларда ўзингиз яхши билган, у ҳақда етарли маълумотга эга бўлган нарса ёки буюмни харид қилишни маъқул топасиз. Мазкур жараёнда рекламанинг кучи катта роль ўйнайди. Унда берилган маълумотларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги эса бошқа масала. Ҳозир бу ҳақда тўхталмоқчи эмасман. Қаламга олмоқчи бўлган мавзуим умуман бошқа.

Демоқчи бўлганимки, реклама бевосита инсон онгига таъсир этиш қудратига эга экан, у нафақат тижорий, шу билан биргаликда бир қанча ижтимоий, маънавий, тарбиявий талабларга ҳам мос бўлмоғи лозим. Ўз даврида машҳур рус адабиётшуноси Виссарион Белинский реклама ҳақида “Миллатнинг орзу ва мақсади тўғрисида унинг рекламасига қараб фикр юритса бўлади”, деб ёзган эди. У бу билан реклама фақат тижорий восита эмаслиги, халқнинг маънавий, маданий қарашларини, мақсад ва муддаоларини ҳам акс эттиришига ишора қилган. Шундай экан, бугун юртимиздаги турли оммавий ахборот воситалари, агентликлар орқали омма эътиборига ҳавола этилаётган рекламаларда нима акс этаяпти? Энг олий мақсадларимиздан бири ёшларимизни жисмонан соғлом, маънан етук авлод сифатида камол топтиришга қаратилган. Бинобарин ҳар жиҳатдан баркамол, юриш-туриш одоби, мулоқот ва кийиниш маданияти шаклланган, бой тарихимиз, халқимизнинг эзгу анъана ва қадриятлари сарчашмасидан маънавий озуқа олиб тарбия топган, соғлом фикр ва қарашларга эга бўлган авлодгина буюк келажагимизнинг муносиб давомчилари бўла олади. Шу нуқтаи назардан қараганда, биз бугун турли оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни, ҳар лаҳза кўрадиган, ўқийдиган, эшитадиган рекламалар ҳам ана шу мақсадларимизга, миллий маданиятимизга мос бўлиши керак, аслида. Бироқ баъзи телеканалларда айлантирилаётган, интернет сайтларига жойлаштирилаётган айрим рекламалар борки, халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган одоб-ахлоқ, ибо, ор-номус, ирода, шарм-ҳаё, иффат-андиша, ғурур каби фазилатларимизни нурсизлантиришга ундаётгандек тасаввур уйғотади.

Спортга қизиқишим боис, ушбу соҳани ёритишга ихтисослашган интернет нашрларидан бирини доимо кузатиб бораман. Бу сайт ўз нуфузи ва ўқувчиларига эга. Буни сайтга кирувчилар ва мақолаларга изоҳ ёзувчиларнинг кўплигидан ҳам билиш мумкин. Лекин ўзбек тилида фаолият юритаётган ва кўплаб ёшларимиз ҳар куни кузатиб борадиган сайтда косметика ашёлари, дори-дармонлар каби турли воситаларнинг беҳаё рекламаларига шу қадар урғу бериладики, кимнингдир олдида саҳифани очишдан хижолат тортасан киши. Бундай ҳолатни “uz” доменида рўйхатдан ўтган яна кўплаб сайтларда учратиш мумкин. Бу рекламаларни ҳар куни минглаб ёшларимиз кўраяпти, ўқияпти. Уларнинг ичида лицей, коллеж, ҳатто, мактаб ўқувчилари ҳам бор. Энди ўйлаб кўринг, бугун мана шу каби  беҳаё суратлар, роликларни кўриб улғаяётган ўсмирнинг хаёлида одоб-ахлоқ, ҳаё, ибо каби тушунчалар қандай аксланади?

Айтиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунида реклама орқали порнографияни тарғиб этиш тақиқланиши аниқ белгилаб қўйилган. Шундай экан, фаҳшни, зинони тарғиб этувчи ярим-яланғоч суратлар, турли матнларнинг ҳам порнография ташвиқотига хизмат қилишини ушбу сайтлар мутасаддилари ё билишмайди, ёхуд қонун талабларига амал қилишмайди.

Сўнгги вақтларда дори воситаларининг рекламаси ҳам ҳаддан ортиқ кўпайиб кетган. Қонунга кўра, дори воситалари рекламасида қуйидагилар бўлиши шарт: дори воситасининг тўлиқ номи (шу жумладан халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи; дори воситасидан фойдаланиш ёки уни қўллаш ҳақидаги ахборот.

Аммо биз ҳар куни реклама қилинаётган дориларнинг фақат шифоси билан ширинлигию, бош оғриғи, бел оғриғи, тиш оғриғи, қўйингки, барча оғриқлардан бир зумда халос этиши ва бошқа-бошқа ижобий томонлари ҳақида биламиз. Унинг зарарли оқибатлари бўлиши мумкинлиги ҳақида эса кўпам ўйлаб ўтирмаймиз. Бунга сабаб, рекламада бизга ушбу дорининг фақат яхши томонларини чиройли қилиб кўрсатишади. Салбий асоратлари ҳам бўлиши мумкинлиги ёки фақат шифокор назорати остида қабул қилиш лозимлиги ҳақида эса нари борса экран пастига кўринар-кўринмас қилиб ёзиб қўйишади. Шундай бўлгач, тиббиётдан хабари йўқ ота-она фарзандининг иштаҳаси йўқолса, “бу жигардан бўлаяпти”, деб ўйлаши ва рекламада иштаҳа йўқолишини худди шундай  талқин этадиган дорини ичирмаслигига ким кафолат беради?!

Миллий телеканалларимиз орқали айлантирилаётган яна айрим рекламалар борки, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга, саъй-ҳаракатларга сира мос келмайди.

Мисол учун, бир қанча вақт маиший техника жиҳозларининг рекламаларида асосий урғу тўйлар мавзусига қаратилди. Телевизорни ёқсангиз реклама... Бирида эр-хотин турмушга чиқаётган қизига қайси кондиционердан олиш кераклиги ҳақида баҳслашса, бирида қуданинг туғилган кунига гилам эмас, замонавий кир ювиш машинасини совға қилиш кераклигини уқтиришади. Яна бир рекламада эса таниқли санъаткорларимиздан бири қимматбаҳо мебеллар ичидан совға учун қайси бири муносиблигини танлай олмай ҳалак. Бошқасида икки ўртоқ маслаҳатлашиб мебель олганини мақтаб ўтирибди. Қизимизни ҳам шу мебеллар билан узатганмиз, дея ғурурланишади. Ҳатто, куёв томоннинг ўн хонали уйига бешта кондиционер нима бўлади, дея баҳслашишга қадар боришди.

Аслида тўйларимиздаги дабдабавозликларнинг ҳаддан ошиб кетиши, қуда томонлар ўртасида совға-саломлар улашишнинг авж олиши, ҳатто ҳукумат даражасида эътибор қаратиладиган ҳолатга келиб қолишида мана шу каби рекламаларнинг ҳам “хизмати” бисёр эмасмикин?! Ахир халқимиз таниган, ҳавас қилган машҳур санъаткорларимиз рекламада чиқиб, қуданинг туғилган кунига қимматбаҳо кир ювиш машинаси олиш кераклигини маслаҳат бераверганидан сўнг, унга эргашадиганлар қанча. Қарабсизки, тез орада бу одат оммалашиб, яна битта дабдабали удум пайдо бўлаверади. 

Тўғри, маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркорлар, корхоналар ўз маҳсулоти ҳақидаги ахборотни кенг истеъмолчилар оммасига таъсирчан, эътиборни тортадиган тарзда етказишни хоҳлайди. Бу ишни эса реклама воситасида тез ва самарали амалга ошириш мумкин. Лекин рекламада кимнингдир манфаати асосий ўринга чиқиб, маънавиятимиз, маданиятимизга дарз кетмаслиги керак. Реклама берувчилар, тайёрловчилар ва уни эълон қилувчилар ана шу жиҳатга эътибор қаратишса, нур устига аъло нур бўларди.

Мавзуга оид қизиқарли фактлар

Илк реклама аломатлари қадимги Юнонистон ва Римда пайдо бўлган. Масалан, қадимий Римда реклама учун махсус деворлар - альбумслар тикланган. Бу деворларга турли хабарлар кўмир билан ёзилган. Махсус реклама учун деворлар қолиб, бошқа деворларда ҳам  рекламалар тўлиб кетганидан Рим маъмурияти қарор чиқаришга мажбур бўлади. Қарорда “Деворларга ёзиш ман этилади. Кимки ёзса, унга ғам-алам, омадсизлик бўлсин”, дейилади.

* * *

Шу вақтга қадар топилган энг қадимий ёзма реклама Миср папирусига ёзилган бўлиб, у Лондондаги музейлардан бирида сақланади. Реклама қул савдоси тўғрисида бўлган: “У яхши кўради, эшитади, соғлом, буюрган ишларингизни итоат билан бажаради” деган сўзлар битилган. 

* * *

Қадимий Мисрнинг Мемфис шаҳрида тошга ўйиб ёзилган реклама матни топилган. Унда шундай сатрлар бор: “Мен Мимос, Кипр оролидан бўлиб, шу ерда яшайман. Тангрининг розилиги билан тушларингизни келишилган нархда изоҳлаб бераман”.

* * *

Қадимги Шарқ бозорларидаги “Опқолинг, кепқолинг”, “Олганлар дармонда, олмаганлар армонда”, деган иборалар ота-боболаримизнинг ўзлари билмаган ҳолда реклама билан шуғулланганликларига далил бўлади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!