Меню
Қашқадарё
ЎРДАК ОВИГА ЧИҚИБ, ОДАМНИ ОТИБ ҚЎЙДИ
Қилмиш-қидирмиш
Инсон бир ишга қўл ураркан, хатти-ҳаракати мавжуд тартиб-қоидаларга мосми, ўзгалар манфаатига путур етказмайдими, буни атрофлича ўйлаб кўриши, ақл тарозисидан ўтказиши керак. Маст қилувчи ичимликнинг зарари шундаки, у инсонни ана шундай ўйлаш қобилиятидан маҳрум қилади.
Шу йилнинг 6 июнь куни соат 21:00 ларда Яккабоғ туманида яшовчи Қ.С. ўртоқлари билан бирга тумандаги “Fish brееding” фермер хўжалигининг балиқ етиштириладиган кўлига боришган. У ерда “Gamo” русумли пневматик милтиқдан кўлдаги ўрдакларни овлаш мақсадида ўқ узишган. Сўнг Қ.С. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда кўлдан сал наридаги дала шийпони олдида турган, ўзига аввалдан таниш бўлмаган Ч.С.ни милтиқ биноклидан кузатмоқчи бўлади. Милтиқни ўша томонга қаратган вақтида тепкини босиб юбориши натижасида, милтиқнинг қўрғошинли ўқи Ч.С.нинг ўнг елкасига бориб теккан ва унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан шикасти етказган.
Вилоят ИИБ ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Қ.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ