Меню
Қашқадарё
РАССОМ
Рассом руҳиятини танасидан узоқлаштириб, ўзгача бир оламга етаклаган нарса шунчаки гўзаллик эмас, аслида тоғлар устида ястаниб ётган Абадиятни кўриб қолгани бўлди. Ҳа, негадир у тасвирни Абадиятга йўйди. Аввалига чўчиб тушди, сўнг бу оний ва илоҳий лаҳзаларни йўқотиб қўймаслик учун кўзларини катта-катта кериб, вужудидаги бор сезгиларни нигоҳига тўплади ва яна тоғларга қаради: оппоқ соқоллари кўксига соя солган, қордай сочлари қоялар устида ёйилиб ётган, икки ёнга чўзилган қўлларининг кафти очиқ, нафас олганида қоялар ларзага келиб, оғзидан чиқаётган ҳарорат қизғиш нур бўлиб кўкка бўйлаётган Мавжудот эди унинг кўргани. Сочлари оқариб кетганига қарамай уни кекса деб бўлмас, бутун вужудида ҳаёт жўш урар, навқирон ва маҳобатли эдики, одамзод унинг оёғи остида чумолидай заррага айланиб қоларди.
Ўзидан ўн минг, эҳтимол юз минг карра улканликни кўриб, шерикларига қаради. Ёнидаги йигит кўзларини юмиб пинакка кетган, кейингиси радиодан таралаётган куй оғушида тебранар, олдинда ўтиргани ҳайдовчи билан нималарнидир гаплашиб борарди.
Демак, улар пайқамабди, кўрмабди. Бу тасвир фақат унинг ўзигагина намоён бўлибди.
Энди у келбатли тоғларга туташиб кетган паст-баланд қирларни, зангор ранглар ўртасидан бўртиб чиқиб, шамол беланчагида алвон бошлари силкинаётган лолақизғалдоқларни пайқамас, ўз хаёллари билан андармон эди.
Рассом Тошкентдан қайтаётганди. Кенжа қизи университетнинг биринчи курсида ўқийди. Уч фарзандини уйли-жойли қилиб, касб-кор ўргатган бўлсаям ўқитолмаган, кенжаси ўқийман, деб туриб олгач, таваккалига Тошкентга жўнатганди, буни қарангки, шартнома асосида ўқишга кирди.
У ҳам қувонди, ҳам ваҳимага тушди. Ахир ҳар йили отнинг калласидай “контракт”ни қандай тўлайди? Рўзғори учма-уч бўлса, топганини йиғолмаса. Унга “биринчи йил пулни тезроқ тўлаш керак, йўқса, ўқиёлмаганлар ўрнига жойлашиш учун даста-даста пул кўтариб юрганлар кўп, шартномага бўлсаям кирибдими, ўқит”, деганлар бўлди. Хуллас, йиққан-терганини тўплаб, шартноманинг ярим пулини тўлади. Қолганини март ойигача тўласа бўларкан.
Ҳаш-паш дегунча март келиб қолди, аммо қўли қисқалик қилди. Апрель кирди ҳамки, пул топиб тўлай олмаяпти. Университет эълонлар тахтасидаги ўқишдан ҳайдалганлар рўйхатига қизининг исм-шарифини тиркаб қўйишганмиш, ҳатто дарсларга киритишмабди, йиғлаб қўнғироқ қилганида юраги алланечук бўлиб кетди, ҳамма ишини йиғиштирди-да, баҳорги таътилдан фойдаланиб, пойтахтга жўнади. Деканга ўн кун ичида шартнома пулини тўлаб беришини айтиб, қизини қўллаб туришни илтимос қилди.
Намозшом пайти уйга кириб келди, хотини телевизор кўраётган экан.
– Келдингизми, дадаси? – хавотир аралаш сўради Саодат. – Чинданам ҳайдашибдими? Иложини қилдингизми? Нима дейишаяпти? Бўларканми?
Хотини савол устига савол ёғдирди.
– Ўн кунда тўлаб беришга ваъда қилдим. Декан тўлов масаласи бизга боғлиқ эмас, тезлаштиринг, деди.
– Ўн кунда нимаям қила олардик? Ё сигирни сотамизми?
Рассомнинг юраги “жиғ” этиб кетди. Қишлоқ жойда ҳар кимнинг ишонгани – оғилдаги моли. Униям рўзғорига қут-барака киритиб турган бир она-бола сигири бор, сут, қаймоқ дастурхонидан аримайди. Қолаверса, ҳозир чорвасини кўпайтириб олса, кейинги тўловларида қийналмайди.
– Сигирни сотмаймиз, – деди комил ишонч билан. – Шошмай тур, ўзим пул топаман.
Эртаси куни у барвақт “командировка”га отланди. Бекатдан машина кира қилиб, ашқол-дашқолларини жойлади-да, йўлга тушди. Хаёлида фақат ўша образ жонланар, бугун ҳам кўринармикин, деган хавотирда эди.
Ниҳоят улар довон йўлига чиқиб олишди, муюлишга етгач, машинани тўхтатди.
– Келдик, – деди ҳайдовчига. – Шу ерда тушиб қоламан.
Шофёр ажабланди. Довоннинг пастида булоқлар, дам олиш масканлари бор, аммо бу ерда машиналар бирров бўлсин тўхтамас, шунчаки ўтар-қайтар йўл эди.
Рассомни шу тобда ҳайдовчининг у ҳақдаги фикри қизиқтирмас, хаёли кечаги тасвирда эди. У айнан шу жойда ўша манзарага дуч келди. Ҳозир ҳам манзилга етиб келгани билан тасвир томонга қарашдан, кечаги кўрганлари ғойиб бўлса, ўй-хаёллари чиппакка чиқишидан қўрқарди.
Ниҳоят рассом кўзларини юмиб тоғ томонга қаради ва секин очди: ана, оппоқ соқоллари кўксига соя солган, қордай сочлари қоялар устида ёйилиб ётган, икки ёнга чўзилган қўлларининг кафти очиқ, нафас олганида қоялар ларзага келиб, оғзидан чиқаётган ҳарорат қизғиш нур бўлиб кўкка бўйлаётган Мавжудот!
– Кутиб турайми ё кетаверайми?
Шундагина киракаш ҳали кетмаганини, йўл ҳақини бермаганини сезди. Саволига жавоб қайтармай сўради:
– Ҳей анави томонда, тоғнинг устида нимани кўраяпсиз?
Шофёр бирпас тикилиб турди-да, “Ҳеч нарсани”, деди.
– Улкан мавжудот кўринмаяптими? Ҳей сочлари ёйилиб турган, соқоллари кўксига тушган... Қаранг, ана, нафас олаяпти, қимирлаяпти...
Ҳайдовчи йигит йўловчиси ақлдан озганига шубҳа қилмади. Бир хаёли машинага ўтириб, пулини ҳам олмай кетиб юбормоқчи бўлди, яна фикридан қайтиб, саволини такрорлади:
– Кутиб турайми ё қайтасизми?
– Мен шу ерда қоламан, – деди рассом ва чўнтагини ковлаб унга пул узатди. – Бир ҳафтадан кейин пешин пайти худди шу жойдан олиб кетинг, илтимос.
– Майли.
Шу топда у бутун вужуди, қалби кўзга айланганини сезди, йўқса, ўзига кундай кўринган нарса шофёрга кўринмасмиди? Демак, унинг қалби ҳам, вужуди ҳам кўраяпти, ҳис этаяпти.
У харсангтошга ўтириб, дастгоҳини ёнига қўйди-да, яна ўша илоҳий манзарага кўз тикди. Тасвирни рангларга кўчириш ҳақида ўйлади, бирор нима чиқара олармикинман, деган хавотиргаям борди.
Тушгача у фақатгина кузатди. Назарида борлиқ ўзиниям кузатаётгандай, “Қўлингдан нима келади?” деб синовчан назар ташлаётгандай туюлди.
Сарғиш сочларини ёйиб офтоб чиқиши манзарани ўзгартириб юборди, энди осмондан таралаётган олтин нурлар қояларга урилиб синар, саҳар мардонда ва куни кеча намозгарда кўрган манзарасини бўяб ташлаганди. У энди қуёш ботгунга қадар “лирик чекиниш” қилиши лозимлигини англаб, тушлик ва бошпана илинжида довон бўйлаб пастга юриб кетди. Бирор чақирим йўл босгач, тоғ этагидаги чойхонага келиб тўхтади. Қоятош устидаги каравотлардан бирида жойлашиб, тушлик қилди. Аччиққина кўк чойдан симириб-симириб ичаркан, оппоқ халат кийиб олган ёши улуғроқ кишини саволга тутди:
– Ака, сизларда тўрт-беш кун тунашга рухсат бериладими? Сурат чизаётгандим...
– Рассомман денг. Унда, ошна, бизнинг чойхонаниям чизинг. Манзарага қаранг, қанчалар чиройли.
– Албатта, – деди у кулимсираб. – “Тоғ қўйнидаги чойхона”, деб номлаймиз.
– Келишдик, – деди чойхоначи. – Сурат сиздан, бошпана биздан. Қоровулга тайинлаб қўяман.
Рассом хотиржам тортиб, манзилига қайтди ва намозгар тушиши билан қўлига қалам олди. Энди манзара тиниқлашган, образ яққол намоён бўлганди.
Матонинг устида дастлабки чизиқлар тортилди. Улкан тана, ёйилиб ётган сочлар, кўкракни қоплаган соқол, очиқ кафтлар, нурлар... Қоғоз чизиқларга тўлиб кетди. Текис, нотекис, эгри-бугри чизиқлар силсиласида у кўрган манзаранинг хира тасвири яралди. Бу шунчаки, қоралама эди. Ҳали он киритувчи мойбўёқлар бир четда навбат кутиб турарди.
У тасвирга яқиндан, узоқдан қаради. Қаеригадир кўпроқ қалам урди, қаеригадир алоҳида белги қўйди. Бу орада тоғда оқшом қўниб, кун тун билан алмашаётганди.
Эртаси тонгда тасаввур дунёсида хира бўёқларда акс этган тасвирга жон киритишни, сўзлатишни ўйлади. Аввал бўёқларни бир-бирига қориштириб, кўрганларига мос янги ранглар тайёрлади ва улар айнан ўзи кўрган композицияни бера олишига, тасаввурини юзага чиқариб, матода тилга киришига ишонди у.
Энди мойбўёқлар билан ишлашга ўтди. Тасаввурини яхлит уйғунлашган бўёқлар фонида безай бошлади. Кўз ўнгида турган улкан Мавжудотнинг бош қисми, танаси, оёқлари, қўллари, булутлар билан қоришиб, осмон билан туташиб ётган ҳолатини рангларга солди. Қуёш чиққунига қадар ва қуёш ботгандан кейин ишлаб, уч кунни сарфлади.
У энди масофа билан ишлашга киришди. Образнинг кўзга яқин ва узоқроқ томонлари, нурлар ва булутлар, ер билан осмоннинг туташган нуқталарини аниқлаб, яққолроқ ишлов берди. Худди мўйқалами мато устида ўзи юраётгандай, у шунчаки ушлаб тургандай, бутун вужуди билан ижодга шўнғиб кетди. Баъзида ишини тўхтатиб, рангларнинг қуришини кутди.
Ниҳоят образ яралгандай бўлди: оппоқ соқоллари кўксига соя солган, қордай сочлари қоялар устида ёйилиб ётган, икки ёнга чўзилган қўлларининг кафти очиқ, нафас олганида қоялар ларзага келиб, оғзидан чиқаётган ҳарорат қизғиш нур бўлиб, кўкка бўйлаётган Мавжудот! Илоҳий бир манзара!..
Бироқ образни янада жонлантирадиган, маъно билан тўлдирадиган, бойитадиган нимадир етишмагандай эди назарида. У туни билан шу ҳақда ўйлади. Хаёлига бир пайтлар бу жойлар Тетис деб номланган улкан уммон остида бўлгани ҳақида эшитгани келди. Сувларнинг чекиниши натижасида илк бор ҳаёт учқунлари тоғлардан бошланган. Ўшандаям уммон остидами, устидами, барибир тоғлар бўлган ва улар ҳақиқатан абадиятнинг тимсоли. У энди суратга мавжланиб оқаётган денгиз образини киритди. Худдики, тоғ устидан нур оқиб бораётгандай, нур мавж ураётгандай тасвирлади. Шунчалик ҳарир ва нафис ишлов бердики, улкан мавжудот устига нурдан чойшаб ёпиб қўйилгандай эди.
Суратга яна сайқал бериб, бир томонига қорамтир соя солди ва соя остида бир-бирига тош отаётган ва бир-бирининг устидан сув қуяётган кимсаларни, оқиш томонда созанда чалаётган куй оғушида учиб юрган фаришталарни тасвирлади. Бу яхшилик ва ёмонликка, эзгулик ва ёвузликка, оқ билан қорага, кун билан тунга, бир сўз билан айтганда, ҳаётнинг қарама-қаршиликлар бирлиги ва курашидан иборат эканига ишора эди. Бу дунёнинг абадийлиги, умрнинг киприкдаги ёшдай омонатлиги, Абадият олдида инсон кичик бир зарра эканига ишора эди.
Ниҳоят еттинчи кун келди. Бугун кетиши керак. У эрталаб нари-бери нонушта қилди-да, “ижодхонаси”га борди. Куни кеча суратга сўнгги сайқал бериб, қиёмига етказган бўлсаям оқшом чўкиб қолгани учун дурустроқ разм сололмаган, ўзи истагандай асар яратдими, йўқми, бу саволга жавоб ололмаганди. Шу сабабми, ҳаяжони кучлилигидан юрак уриши ўзигаям эшитилди. Худди шу сурат ижодининг чўққисига айланиши керакдай, айни сурат ҳаёт-мамотини белгилайдигандай кайфиятда эди у.
Ниҳоят суратга яқинлашди, қаради, аввал яқиндан, кейин узоқдан, узоқроқдан... Жуда чиройли, улуғвор, мазмунли эди. Бамисоли роман, роман-эпопея!..
Ҳарҳолда у ишини шундай баҳолади. Ўзиники бўлгани учун эмас, балки азалдан ҳар бир асарига бегона нигоҳ билан қараб, ютуғиниям, нуқсониниям пайқагани, холис баҳо беролгани учун.
Сурат остига “Абадият” деб сарлавҳа қўйди ва бир ҳафтадан буён вужудини тирнаётган тўлғоқ азобидан халос бўлди. Енгил тортди. Энди уйига қайтади...
Тушга яқин лаш-лушларини кўтариб юқорига чиқди. Чеккароқдаги дарахт панасида ўтириб, ўша кунги машинани кута бошлади, негадир киракаш йигитнинг албатта келишига ишонди.
Кўнгли алдамаган экан. Орадан ўн дақиқалар ўтиб Қайнар томонда таниш машина кўринди. Шофёр дастлаб рассомни кўрмади, машинани тўхтатиб, атрофга олазарак тикилди, дарахт остида ўтирган йўловчисига кўзи тушгач, табассум қилди:
– Мана, келдим, – деди у.
– Келишингизни билгандим, – деди рассом ҳам.
– Иш битдими? – сўради ҳайдовчи у нима иш қилганини билмасаям.
– Битганда қандоқ. Шоҳ асар туғилди.
– Шоҳ асар? Ёзувчимисиз?
– Йўқ, рассомман.
– Шунақа денг. Демак, манзара чизибсиз-да.
– Шундай десаям бўлади.
Бошқа савол-жавоб бўлмади.
...У уйга келганида ранглари синиққан, чарчаган бир аҳволда, аммо кўзлари ёниқ, руҳан тетик эди. Бу ҳолат хотинига бегонамас, ҳар гал эри сафардан қайтгач рўй беради. Ҳозир ҳам шуни сезиб, эрини ортиқча саволга тутмади, ювиниб чиққач, овқат сузиб берди.
Эртаси куни рассом дўкондан рамка харид қилиб, суратни жойлагач, янаям салобатли, янаям кўркам тус олди асари. Шундоққина ғилофга жойлаб, қизининг шартнома қоғозини чўнтагига солганича йўлга тушди.
У ўзи туғилиб ўсган қишлоқнинг энг бадавлат одами бош бўлган корхонага бораётганди. Бахтига бошлиқнинг қабул куни экан. Шартта кирди.
– Рассомман, – деди ўзини таништириб. – Пистазор қишлоғидан.
Шундай деса бошлиқ унга алоҳида эътибор беришини ўйлаб туғилган қишлоғи номини айтди.
– Пистазорданман денг, ўзимиздан экансиз-ку. Лекин сизни ҳеч кўрмаганман. Кимлардансиз?
– Қишлоқдан чиқиб кетганимга анча йил бўлгани учун ёшларнинг кўпи танимайди. Бешариқдан участка олиб, уй-жой қилганман.
– Биздан нима хизмат, ака?
– Бир сурат чизгандим, бегонага кетишини истамаяпман... Сиз ўзимиздан экансиз. Корхонангизни дадил деб эшитдим, шунга...
– Шунақа денг, қани, суратни кўрсатинг-чи.
У стуллардан бирини деворга яқинроқ сурди-да, ғилофни ечиб, суратни суяб қўйди. Назарида хонада қуёш чиқиб кетгандай бўлди. Сурат уни сеҳрлаб қўйди, худди биринчи марта кўраётгандай тикилиб қолди. Бир лаҳза қизғанчиқлиги тутди, суратни сотгиси келмади. Аммо...
Кейин у зимдан бошлиққа қаради. Афтидан бошлиқниям суратнинг салобати босган, кўз узолмай қолганди.
– Қойил! – деди ҳайратини яширолмай. – Қойил! Зўр чизибсиз! Бу ўзимизнинг Ҳисорми?
Бошлиқ саволига жавоб кутмай яна сўради:
– Номи ўхшамабдими, дейман? “Абадият”... Қизиқ...
– Маъно тагида маъно бор.
– Коса тагида нимкоса денг, оббо қишлоқдош-ей. Лекин тан бериш керак, жуда бошқача чизибсиз. Гап йўқ!
У яна суратга тикилди, кейин савдолашишга тушди:
– Неча сўм сўрайсиз?
– Шу десангиз, кенжа қиз университетда ўқияпти, – рассом гапни узоқдан бошлади. – Шартномасининг ярми уч миллион бўларкан...
Бошлиқ уни англамади.
– Сиздан суратнинг нархини сўраяпман, ака.
– Уч миллион сўм-да.
– Уч миллион сўм?! Хаёлингиз жойидами, қишлоқдош? Уч миллион сўмга мен элликта картина оламан, мана, қаранг.
У хонасидаги баҳор тасвири туширилган суратни кўрсатди.
– Бу шунчаки фото-ку.
– Нима фарқи бор? Муҳими, картинага қарашингиз билан кўнглингизга баҳор кайфияти кириб келади.
– Билмадим, лекин менда бунақа бўлмади. Чунки бу картинанинг жони йўқ.
– Бизга шунақасиям бўлаверади. Суратингизга олтмиш минг сўм бераман, розимисиз?
– Олтмиш минг сўмга рамкасини бермайди, мойбўёқлариям пул...
– Эй, ана, сазангиз ўлмасин, юз минг, йўқ майли, икки юз минг сўм бўлақолсин.
Бошлиқ унинг жавобини ҳам кутмай тортмасидан бир даста мингталик олиб санашга тушди. Аммо рассомнинг феъли бузилиб, аъзойи баданидан совуқ тер чиқди. Фақат бошлиқ пул тутаётганда ўзига келди.
– Кечирасиз, мен буни сотмайман. Сотолмайман.
– Ие, сотмасангиз нимага олиб келдингиз? Қизиқ экансиз-ку, қишлоқдош. Икки юз минг сўм ёмонми? Бир ўтириб чизиб ташлаяпсиз-да. Ёмон нархламадим.
Унинг хўрлиги келди, аммо индамади, ҳолатини сездирмаслик учун суратни кўтариб секин хонани тарк этди. Беихтиёр қўли костюмининг чўнтагига борди. Қизининг шартнома қоғози бармоқларини оловдай куйдирди, тезда тортиб олди.
У йўлак бўйлаб одимлаб бораркан, сигирини сотиш ҳақида ўйларди...
Лола ЎРОҚОВА