Меню
Қашқадарё
Расмий муносабат: ҳолат бартараф этилди
“Қашқадарё” газетасининг расмий веб-сайтида 2023 йил 14 август куни эълон қилинган “Суварак терапия” – болалар шифохонасида шу усул тажриба қилинаяптими?” сарлавҳали мақола юзасидан Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди. Унда таъкидланишича, мақолада кўрсатиб ўтилган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гастроэнтерология бўлимида кузатилган ҳолат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўрганилган ва бартараф этиш чоралари кўрилган.
“Жорий йилнинг 15 август куни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтерология бўлимида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси масъуллари билан ҳамкорликда дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари амалга оширилди.
Мазкур ҳолат марказ ходимларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида муҳокома қилиниб, бўлимларда санитария қоидалари асосида иш юритиш борасида назоратни кучайтириш бўйича зарур чоралар белгиланди. Ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги ва назоратни сусайтирганлиги учун гастроэнтерология бўлими катта ҳамшираси ва хўжалик бекаси эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бўлим бошлиғига эса иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима жазоси белгиланди”, дейилади муносабатда.
Кейинроқ вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбарияти томонидан қўшимча қилинган маълумотларга кўра, гастроэнтерология бўлими бошлиғи Ҳ.Ф.га нисбатан қўлланилган жазо чораси ўзгартирилиб, у эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.