Меню

Қашқадарё

19.05.2020 1954

РАМАЗОН ҲУКМЛАРИ

Билиб қўйган афзал

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати рўзага оид, Рамазон ойи ва ундан кейин бажариладиган амаллар хусусидаги турли саволларга жавоб бериб келмоқда. Гарчи Рамазон ойи ниҳоясига етаётган бўлса-да, бу борада ўрганишимиз керак билимлар вақт танламайди, уларни доим билиб, амал қилиб борсак, фойдадан холи бўлмайди.

Рўза тутган одам кун бўйи дам олиб ёки вақтни ухлаб ўтказса, бу одамнинг рўзаси қай даражада қабул бўлади?

Рўзадор инсон рўзани охиригача етказиш ва кечки ибодатга қувват ҳосил қилиш учун кундузи дам олиши жоиз. Агар қурби етса, кундузлари ҳам ибодат ва Қуръон ўқиш билан машғул бўлса, нур устига нур. Аммо кундузлари кўпроқ ухлаган инсоннинг рўзаси қабул бўлмайди, деган гап йўқ.

Рўзадор одам чарчаб, соғлиғида жиддий ўзгариш бўлиб, рўзасини очиб юборса, каффоратини тутадими?

Рўза тутган киши агар рўзасини давом эттирса, соғлиғига жиддий зарар бўладиган бўлса ёки касаллиги оғирлашса рўзасини очади ва тузалганидан кейин бир кун қазосини тутиб беради. Тузалишидан умид бўлмаса, рўзанинг фидясини беради. Бундай пайтда каффорат вожиб бўлмайди. Бемор киши рўза тутиш масаласида дину диёнатдан хабари бор, моҳир шифокор ёки табиб билан маслаҳат қилиб, унинг кўрсатмасига амал қилишлари керак.

 Рўза тутганман. Лекин рўза тутганим ёдимдан кўтарилиб "қорним очиб кетди" деб айтиб юбордим. Гуноҳ бўлмайдими? Рўзага таъсири йўқми?

Рўза тутган киши "қорним очиб кетди" дейиши билан рўзаси очилмайди ва рўзадорлиги ёддан чиққанлиги сабаб бу билан гуноҳкор бўлмайди. Агар шу гапни рўзадан малолланиб, Аллоҳ таолонинг фарз қилган рўзасидан сиқилиб айтса, гуноҳкор бўлади.

Aёлим етти ойлик ҳомиладор. Шунинг учун рўза тутмаяпти. Бунга рухсат берилганми?

Ўзига ёки фарзандига зарар етадиган бўлса, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга рўза тутмасликлари учун рухсат бор. Улар кейинчалик қазосини тутиб беришади. Агар ўзига ҳам, ҳомила ёки чақалоғига ҳам зарар бўлмаса, рўза тутиши шарт ҳисобланади. У пайтда рўзани кейинга қолдириш жоизмас.

"Лайлатул қадр" кечасининг қандай фазилатлари бор? Унда қандай амалларни бажариш керак?

Қадр кечаси ва ундаги фазилатлар тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Қадр" номли бутун бир сура нозил қилган. Яъни: "Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 1-5 оятлар). 

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Саҳобалар Расули акрам алайҳиссаломдан унинг қайси кеча эканини сўраганларида, ойнинг учинчи ўн кунлиги тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар ("Тафсири Бағавий").

Пайғамбар алайҳиссалом ушбу кечани тунлари ибодат билан ўтказишга тарғиб қилар эдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай дейдилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам   Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар".

Ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом: "Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур", деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Демак, Рамазон ойининг ушбу фазилатли кечаларини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказишга ҳиммат қилишимиз, кўпроқ ибодат, намоз, зикр, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ дуолар билан ўтказишимиз керак. Айниқса, ушбу кечада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек: "Эй Аллоҳ, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи Зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт" дуосини кўп айтиш мақсадга мувофиқ.

Шу кунларда ижтимоий тармоқда диний мазмундаги овозли ва видео хабарлар тарқалди. Унда, Рамазон ойи жума куни бошланса, ой ўртасида даҳшатли қичқириқ бўлиши, катта талафот ва ўлимларга сабаб бўлиши, фақат баъзи дуоларни айтганлар омон қолиши айтилган. Бунинг ҳадис деб айтилгани кўпчиликни иккилантириб қўйди. Шу масалага ойдинлик киритсангиз.

Ижтимоий тармоқда кенг тарқалган ушбу ривоят тўқима ва ёлғон "ҳадис" ҳисобланади.

Ушбу тўқима ривоят матни: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "...Рамазоннинг ўртасида, Жума куни тунида қаттиқ овоз, гумбурлаш бўлади. У гумбурлаш шунчалик қаттиқ бўладики, ухлаётганни уйғотиб, тик турганни ўтқазади. Асир хотинларни уйларидан чиқарур. Жума кечасида бўлур, ўша санада кўп зилзилалар бўлур. Ўша жума куни бомдод намозини адо қилсанглар уйга киринглар ва эшикларни қулфланглар. Деразаларингизни ёпинглар, ўзларингизни эса ўранглар, қулоқларингизни тўсинглар. Қачон қичқириқни ҳис этсанглар, Аллоҳ таолога саждага йиқилинглар ва "Субҳанал қуддус", "Субҳанал қуддус", "Роббунал қуддус" денглар. Кимки буларни қилса нажот топур, ким агар шуни қилмаса ҳалок бўлади", дедилар. (Нуайм ибн Ҳаммод "Фитналар" асарида ривоят қилган).

Мазкур ривоятни муҳаддис уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан тўқилганини таъкидлашган. Жумладан, бу ҳақда муҳаддис олим Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ "Мавзуъот (тўқима ҳадислар)" номли китобларида: "Бу ривоят тўқима, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан сўзланган ёлғондир", дейди. Имом Ал-Уқайлий ва Имом Заҳабий раҳимаҳумаллоҳ: "Бу гапнинг асли йўқ, тўқима", деган. Аллома Ибн Қаййим "Бу ривоятлар ишончсиз" эканини айтиб ўтган. Ушбу уламолар мазкур тўқима ривоятнинг санадида Пайғамбар алайҳиссаломга ҳадис тўқиш билан танилган ровийлар борлигини таъкидлаб, ундан огоҳлантиришган.

Бунинг устига, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларидан бери ўтган 1400 йилдан ортиқ муддатда Рамазоннинг жума куни бошланиши ва 15-куни ҳам жумага тўғри келиши жуда кўп кузатилган, лекин воқеъликда юқорида айтилган гаплар, даҳшатлар юзага келмаган. Шунинг учун ҳам тарқалаётган бундай сўзлар ёлғондир.

Ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш динимизда катта гуноҳлардан ҳисобланади. Хусусан, Аллоҳ ва Унинг Расулига ёлғон тўқиш улкан фалокатдир. Бу ҳақида эса Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: "Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар айтурлар: "Манавилар Роббиларига нисбатан ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир" (Ҳуд сураси 18-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у зотнинг номидан ёлғон гапириш оқибатларидан огоҳ этадилар ва шундай дейдилар: "Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин" (Имом Бухорий ва Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари яққол далил ҳисобланади: "Ҳар бир эшитган гапини гапиравериш, кишининг гуноҳкор бўлиши учун етарлидир!" (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

Хулоса шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни у зотдан, деб нақл қилиш, уни ҳақиқатини билмай кўр-кўрона тарқатиш инсонни дўзах томонга етакловчи амалдир. Бундай йўл тутишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Бир саволга Рамазонда шайтон озор беришдан кишанланади, васваса қилишдан эмас деб жавоб берилибди. Шайтоннинг озор бериши қандай бўлади?

Баъзида инсонларнинг бепарволиги, гуноҳ ишларга мубтало бўлиб қолиши сабабидан шайтон инсоннинг ақлига зарар етказиши мумкин. Натижада ақли заиф бўлади. Баъзида оёқ ёки қўлига зарар етказади. Натижада оёқ-қўлида оғриқ ҳис қилиши мумкин. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг изни ила бўлади. Рамазон ойида шайтонлар мана шундай азиятлардан кишанланади.

Рўза тутган инсонга таом олиб берса, савоби рўза тутган инсон билан бир хил бўлар экан. Бу қанчалик тўғри?

Ҳа, динимизда рўзадорни ифтор қилдириш катта савоб ишлардан. Ҳатто битта хурмо, ё бир қултум сув, ё бир ҳўплам сут билан бўлса ҳам, рўзадорни ифтор қилдириш катта ажрга сабаб бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: "Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор савобича савобга эришади. Лекин рўзадорнинг савобидан ҳеч нарса камаймайди" (Имом Термизий ривояти).

Бугунги кунда ифторлик қилиб беришни ният қилганлар муҳтож қариндош ва қўни-қўшниларига пул ёки маҳсулот шаклида ифторликни етказиб берсалар, айни муддао бўлади ва мазкур ҳадиси шарифда зикр қилинган савобга эришадилар.

Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу иш қанчалик савоби улуғ бўлмасин, рўзадорга ифторлик қилиб берган кишининг зиммасидан рўзани соқит қилмайди. Чунки Рамазон ойида ҳар бир соғлом мусулмон киши рўза тутиши фарздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин", деб буюрган (Бақара сураси 185-оят).

Рамазон ойи рўзасидан қарзим бор. Нафл рўза тутсам бўладими ёки олдин қарз рўзамни тутишим керакми?

Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний "Бадоиус саноиъ" китобида шундай дейди: "Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди".

Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида шундай дейилган: "Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақт (яъни, банда имкон топган)да вожиб бўлади". Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам нафл рўза тутиши мумкин.

Закот ҳамда фитр рўзани пластик карта орқали ўтказиб бериш жоизми?

Ҳа, закот, фитр садақаси ва бошқа шу каби садақаларни пластик карталарга ўтказиб бериб, адо қилиш жоиз. Чунки пластикка пул тушганда ҳам муҳтож киши унга тўлиқ эгалик қила олади ва хоҳлаганидек тасарруф қилади. Пластикка пул ўтказиш нақд пул бериш билан баробар. Демак, закот, фитр каби садақаларни муҳтож кишиларнинг пластик картасига тушириб бериш билан ҳам адо қилиш мумкин.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!