Меню
Қашқадарё
РАМАЗОН ҲАЙИТИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ
Истиқлол шарофати ва Юртбошимиз ташаббуси билан миллий-диний қадриятларимиз тикланиб, Рамазон ва Қурбон ҳайити каби улуғ айёмлар ҳар йили катта хурсандчилик билан байрам қилиб келинмоқда. Бу галги ҳайит кунида ҳам зиёратгоҳу хиёбонлар, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, сайргоҳлар қалбида эзгу ният, тилида эзгу дуо билан сайилга чиққан одамлар билан гавжум бўлди.
Саховатпешалик, меҳр-мурувват сингари инсонпарварлик туйғулари янада кенг намоён бўладиган ушбу кунда юртдошларимиз эрта тонгда ҳайит намозини эмин-эркин адо этдилар.
- Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайитни ундан-да аълороқ кутиб олдик, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов. - Чунки, энг муҳими, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, қаерга борманг, яратувчанлик ва бунёдкорлик ишқи билан яшаётган одамларни кўрасиз. Намозда мамлакатимиздаги ана шу тинчлик-осойишталик, тўкин-сочинлик ва фаровонлик учун Яратганга шукроналар келтирдик.
Шу куни одамлар бир-бирларини ҳайит билан қутлаб, фарзандлари, набираларига турли ширинликлар, яқинларига совға-салом улашдилар. Муборак айём муносабати билан табаррук отахону онахонлар зиёрат қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллигидан олинган маълумотга қараганда, байрам арафасида ва ҳайит куни вилоят ҳокимлиги, "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ногирон, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига ҳамда Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига қарийб 200 миллион сўмлик моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Арафа кунларида жойларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, кўча ва хиёбонлар, масжидлар, муқаддас қадамжолар, қабристонлар тартибга келтирилди.
Ҳайит куни сайилга чиққанларнинг юз-кўзида юртимиздаги тинчликдан, хайрли ва эзгу амаллардан шукроналик туйғуси, ҳаётдан розилик ҳисси балқиб тургани юртимизга фақат ва фақат байрамлар ярашишини яна бир бор ифода этди.
Толиб ТЕМИРОВ