Меню
Қашқадарё
РАҚС - АСЛ ГЎЗАЛЛИК РАМЗИ
Санъатнинг гўзал ифодаси - рақснинг барча йўналишларини ривожлантириш, соҳа фидойиларини қутлаш, сарҳаду миллат танламас санъат турини ривожлантириш орқали халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида нишонлаб келинаётган мазкур сана опера ва балет театри жамоалари, рақс труппалари, замонавий ва миллий рақс ансамбллари, ҳаётини соҳага бағишлаган артистлар учун ҳақиқий шодиёна тусини олади. Жумладан, вилоятимиз фаолият олиб бораётган соҳа вакиллари учун ҳам.
Қарши санъат коллежида 12 нафар ўқувчи айни шу йўналишда таҳсил олмоқда. 4 нафар маҳоратли педагог томонидан ёш рақс ихлосмандларига миллий рақс турларидан ташқари жаҳон классикасининг энг нодир йўналишлари ҳам ўргатиб келинмоқда.
- Ҳар бир рақс турининг ўз тили, ғояси бор, - дейди Қарши санъат коллежи ўқитувчиси Ойниса Ёқубова. - Масалан, Мукаррама Турғунбоева томонидан саҳналаштирилган “Тановар” аёлларнинг бахт ҳақидаги орзу-умидларини ифода этган бўлса, “Муножот” турмуш қийинчиликларини матонат билан енгиб ўтишга ундайди.
Мутахассисларнинг фикрича, рақс билан доимий шуғулланиш иммунитетни мустаҳкамлайди, кайфиятни кўтаринки қилади. Айниқса, таянч ҳаракат тизимида муаммоси бор кишилар учун рақс энг яхши шифо воситаси. Шунингдек, рақс санъати ижрочининг юрак ва асаб фаолияти бир маромда ишлашида, хотирасининг мустаҳкам бўлишида ҳам беминнат кўмакчи.
- Айни шу жиҳатларни тўғри англовчилар сони йил сайин ортиб бормоқда, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зебо Турсунова. - Шу сабаб ота-оналар кичик ёшдаги болажонларни машғулотларга етаклаб келишмоқда. Муҳими, рақснинг машаққатини англаган ҳолда ундан эстетик завқ олаётган боладан ёмонлик чиқмайди. Асл мақсадимиз ҳам шунга қаратилган.
Қарши санъат коллежида яхши анъана бор: ҳар йили халқаро рақс куни арафасида хореография йўналишида таҳсил олаётган ўқувчиёшлар томонидан ҳисобот концерт дастури намойиш этилади. Шунингдек, тажрибали устозлар таклиф этилиб, ўрганувчилар учун маҳорат дарслари ўтказилади.
- Унда асосан миллий рақслар: “Тановар”, “Роҳат”, “Пахта”, “Андижон полкаси”, “Мўъжиза”, “Туғён” каби рақсларга алоҳида урғу берилади, - дейди хореография фани ўқитувчиси Дилором Тазиддинова. - Аҳамиятлиси, фарзандининг чиқишларини кузатиб турган отаоналарда ҳам рақсга нисбатан ижобий фикрлар шакллана боради. Шу сабаб мусиқа ва санъат мактабларида хореография тўгараги аъзолари сони йил сайин ортиб бормоқда.
2013 йилда ўз фаолиятини бошлаган “Насаф гўзаллари” рақс ансамблининг аксарият аъзолари ҳам шу коллежни томомлаган. Жамоа ўтган давр мобайнида унутилиб кетаётган бир неча рақс турларини қайта жонлантирди.
Рақс - асл гўзаллик рамзи. Шу сабаб ижрочи бор маҳоратини ишга солган ва берилиб ижро этилган рақслар ҳамиша жозибадор. Умуман, орамизда рақс тушиб кўрмаган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Нима ҳам дердик, рақс тушинг бу санъат гўзаллигидан баҳра олинг!
Замира РЎЗИЕВА