Меню

Қашқадарё

19.05.2020 1291

РАҲБАРЛИК ТОПШИРИҚ БЕРИШДАН ИБОРАТМИ?

 Мен сизга айтсам, раҳбарликдан осони йўқ экан. Бунга онлайн-мактаб сабаб телеграмда жорий этилган бир гуруҳ ишини кузатиб янаям ишонч ҳосил қилдим.

Телеграмдаги бундай гуруҳлардан бехабар кишини шу кеча-кундузда топиш қийин. Ўқувчилар дарс тайёрлаб, вазифаларини гуруҳга ташлайди, ўқитувчи уларни баҳолайди. Жараённинг бориши, дарслар қолиб кетмаётгани раҳбарлар зиммасида... бўлиши керак.

Бундан осони бор эканми, ярим кечаси уйқу қочиб кетганда, ё бўлмаса, пешинги уйқудан аранг бош кўтариб, бирор иш қиларга мажол топилмай турганда, хабарлар лентасига бир қур кўз югуртирсангиз, ким дарс ўтган-ўтмагани шундоқ кўринади-қўяди-да. "Дарс ўтмаганлар, дарсини ўтсин, кузатиб турибмиз, ҳисоб-китоб қаттиқ бўлади. Синовли кунларда кимнинг қандайлиги кўринаяпти" деб ёзишга куч-қувват тополсангиз кифоя. Ишлаётган раҳбарга айланасиз.

Ё бўлмаса, "районо", "облоно"дан "қаттиқ" топшириқлар келиб қолди, дейлик. Хўш, нима қиласиз? Бош қотиришга ҳожат йўқ, карнайчидан битта "пуф" деганларидек, телефоннинг "переслать" деган ёзувига бармоғингизни тегизсангиз кифоя, керак одам изидан қувиб юраверади.

Танловлар, онлайн конференциялар, соҳага оид турли ўзгаришлар ҳақида ҳар замонда гуруҳларга ташлаб борсангиз, янгиликлар билан ҳамқадам раҳбарга айланасиз.

Лекин ҳар замонда "Мактабга келмай ойлик олаяпсизлар" дея ўқитувчиларга дўқ уриб туришни унутмаслигингиз керак, назорат сусайиб кетиши мумкин.

Бир муддат илгари изоҳли суратга кўзим тушганди. Унда тасвирланишича, катта бир тошнинг устида креслода ястанган раҳбар, пастда туриб тошни кучаниб ғимирлатаётган кишиларга "олға" деб турибди. Иккинчи суратда шу кишиларнинг бошида туриб, тошнинг бор оғирлигини ўз зиммасига олган бошқа раҳбар "Олға!" деяпти.

Энди ўйлаб кўринг, юрғазилиши керак бўлган юк-вазифанинг устига ўз оғирлигини ҳам қўшиб тортишларини талаб қилаётган - асл раҳбарми, ё "юк"ни тортишда бутун залворни ўз зиммасига олганми?

Шунга айтаман-да, онлайн-мактаб деганлари директорларимизнинг қандайлигини ҳам кўрсатиб қўйди деб.

Ўқитувчилар-ку, амаллаб дарсини ўтаяпти, баҳолаяпти. Уларнинг кўпчилиги мактабни, чинакам дарсларни соғингани ҳам бор гап. Интернетга киришга имкони йўқ болаларни амаллаб топиб вазифа бераётган, телеграмда доим "онлайн" турса-да уйга ишларини топширишни хаёлига келтирмаётган ўқувчилар билан боғлана олмай турган бир чоғда, директор "ойликни ҳалоллаб олинглар" деб ёзиб қолса...

Бунинг ўрнига ўша директор мамлакатнинг турли ҳудудларидаги намунавий дарсларни тармоққа жойласа, ўқитувчиларга шунга қараб дарс машғулотларини ташкиллаштиришни айтса, аллақандай тадбир қачондир ўтиши ҳақида қуруқ ахборот бериш ўрнига қайси танловда қандай қатнашишни аниқ мисоллар билан тушунтирса, мактаб пайтиям тайинли иши бўлмаган психолог хизматидан ижтимоий тармоқда унумли фойдаланса, қай бир танловда ўзи ҳам қатнашиб, юқори ўринни олсаю, бунга мана шундай эришилади, деса. Айрим ўқитувчиларнинг ланжлигини кўриб, дарс ўтиш мана бундоқ бўлибди, деб видеодарс ўтиб берса...

ҚАНИЙДИ.

Онлайн-мактаб лойиҳаси ҳозирча бу жараёнда айрим директорларга эҳтиёж йўқлигини эмас, ўрин йўқлигини кўрсатиб турибди.

НАСРИДДИН

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!